Ўзбекистон | 10:48 / 19.08.2022
20845
3 дақиқада ўқилади

Юнусободда яшовчи фуқарода куйдирги касаллиги аниқланди 

2021 йилда 30 нафар фуқарода куйдирги касаллиги гумон қилиниб, шулардан 10 нафарида касаллик тасдиқланган. Бу ҳақда эпидемиолог Лола Умарова маълум қилди.

Фото: Shutterstock

Унинг сўзларига кўра, 2022 йил бошидан бери ҳозирги кунга қадар 10 нафар кишида куйдирги касаллиги гумон қилиниб, бир нафарида, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода касаллик тасдиқланган.

Куйдирги одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, зооноз касалликлар гуруҳига киради. Куйдирги қўзғатувчиси — Bacillus anthracis — спора ҳосил қиладиган ҳаракатсиз таёқча. Споралар жуда чидамли бўлиб, сувда йиллаб, тупроқда ўн йиллаб (20-30 йил ва ундан ортиқ) сақланиши мумкин.

Одамга касаллик ҳайвонлардан — ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. 

Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин. 

Одамда куйдиргининг ўпкага, ичакка, терига зарар етказадиган ва инфекция — қонга ўтиб тарқаладиган септик хиллари учрайди. Касаллик аломатлари ҳам зарарланган аъзоларга қараб турлича бўлади. 

Куйдиргининг тери шаклида куйдирги қўзғатувчиси зарарланган тери орқали киради. Бу шаклда яширин (инкубацион) давр 2-3 кун. Терининг инфекция кирган соҳасида дастлаб бўртма (папула) пайдо бўлади, у лойқа ёки қонли суюқлик билан тўлган пуфакча (пустўла)га айланади. Пуфакча тез орада ёрилиб, қора қўтир бўлади. Атрофида янги пуфакчалар ҳосил бўлиб, қора қўтир катталашади, унинг тагида оғримайдиган шиш кўзга ташланади. Одатда, шу жароҳат «куйдирги хўппози» деб аталади. У кўпинча юз соҳаси, билак, бўйин ёки оёқда бўлади. Бунда гавда температураси кўтарилиши, бош оғриғи, дармонсизлик, уйқусизлик кузатилади. Орадан 2-3 ҳафта ўтгач, бемор тузала бошлайди. 

Ўпка куйдиргисида тўсатдан иситма кўтарилиб, йўтал тутади, қонли балғам келади, беморнинг кўкрак соҳаси оғрийди, нафас олиши қийинлашади. 

Ичак куйдиргиси овқатдан заҳарланишга ўхшаб бошланади, бемор кўнгли айниб, қусади, қорни қаттиқ оғрийди, ичи дам бўлади. Куйдиргининг ўпка ва ичак шакллари жуда кам учрайди. 

Даволаш мақсадида пеницилин ва куйдирги гаммаглобулини қўлланилади. 

Мавзуга оид