Жаҳон | 07:52 / 22.08.2022
6353
2 дақиқада ўқилади

Сомали пойтахтида меҳмонхонага ҳужум оқибатида 30 киши ҳалок бўлди

«Аш-Шабоб» гуруҳи жангарилари Могадишодаги Hayat меҳмонхонасини бир кундан ортиқ вақт давомида назоратда ушлаб туришган. 120 га яқин одам жароҳатланган.

Фото: AFP

Сомали пойтахти Могадишода Hayat меҳмонхонасига «Аш-Шабоб» гуруҳи қуролли жангариларининг салкам 30 соатлик ҳужуми оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 21 август, якшанба куни полиция вакиллари ва шифохона ходимлари маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 та ўлик ҳақида гапирган. Расмийларнинг айтишича, 117 киши яраланган, баъзилари - оғир аҳволда. 

19 август куни кечқурун жангарилар Аден Адде халқаро аэропорти яқинида жойлашган машҳур меҳмонхонага бостириб кирди. АҚШ томонидан тайёрланган Сомали аксилтеррор махсус кучлари ва Сомали полицияси махсус кучлари иштирок этган меҳмонхонани озод қилиш амалиётида оғир қуроллардан фойдаланилган. Меҳмонхонага ҳужум 21 августга ўтар кечаси тугади. 

Полиция маълумотларига кўра, сони номаълум бўлган жангарилар граната ва Калашников автоматлари билан қуролланган. Хавфсизлик кучларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бунда тўрт-беш нафар жангари иштирок этган. Полицияга кўра, икки жангари ўлдирилган. Ҳужум учун жавобгарликни «Аш-Шабоб» ўз зиммасига олди ва ҳужумда камида 40 киши ҳалок бўлганини айтди. 

Ҳужум олдидан икки худкуш террорчи иккита машинада ўзини портлатиб юборди. «Аш-Шабоб» гуруҳи аэропортга миномётдан уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олди. Сомали хавфсизлик идоралари ҳужумда бир аёл ва унинг тўрт фарзанди ҳалок бўлганини тасдиқлади. 

Ҳужумлар Сомалининг янги сайланган президенти Ҳасан Шайх Маҳмуд жорий йилнинг май ойида лавозимга киришганидан бери биринчи йирик теракт бўлди. Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) бош котиби Антонио Гутерриш ҳужумни қоралади ва БМТнинг терроризмга қарши курашда Сомали ҳукумати билан бирдамлигини тасдиқлади. 

Тахминан 16 миллион аҳолига эга мамлакат жанубий ва марказий ҳудудларнинг катта қисмини назорат қилаётган «Аш-Шабоб» гуруҳи томонидан йиллар давомида ҳужумга учраган. 

Мавзуга оид