Жаҳон | 14:29 / 23.08.2022
4971
3 дақиқада ўқилади

Шольц ва Трюдо Украинага ёрдам ҳақида келишиб олди 

Германия канцлери Олаф Шольцнинг Канадага ташрифи чоғида Украинага ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Германия-Канада иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: AP

Германия канцлери Олаф Шольцнинг Канадага ташрифи чоғида Германия ва Канада 22 август, душанба куни энергетика соҳасида яқин ҳамкорлик тўғрисида келишиб олди ҳамда Украинага Россия ҳарбий босқинига қарши курашда кўпроқ ёрдам қилишга ваъда берди.

Шольцнинг Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат катта делегация ҳамроҳлигидаги уч кунлик сафари асосий мақсадларидан бири - Канада билан иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада мустаҳкамлаш, Германия ва Канада ўртасида Германияга энергия ташувчилар ва хомашё етказиб бериш бўйича келишувга эришиш. Шу билан бирга, асосий эътибор яшил водородни ишлаб чиқариш ва ташиш соҳасида яқин ҳамкорликка қаратилмоқда. Бундан ташқари, Канададан Германияга суюлтирилган табиий газ (СТГ), никель, кобальт, литий ва графит каби минераллар ҳамда металларни етказиб бериш масаласи муҳокама қилинмоқда. 

Канада бош вазири Жастин Трюдо СТГни Атлантика бўйлаб ЕИга экспорт қилиш масаласи ўрганилишига ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, СТГ етказиб бериш билан боғлиқ муаммолардан бири - инфратузилмага инвестицияларнинг етарли даражада эмаслиги. «Бироқ, биз немислар ва европаликларга қисқа муддатда ёрдам беришнинг барча вариантларини кўриб чиқмоқдамиз, чунки улар келаётган қишда ҳақиқий муаммога дуч келади», деди Трюдо душанба куни Монреалда Шольц билан қўшма матбуот анжуманида. Россия энергия ташувчилардан қурол сифатида фойдаланмаслиги керак, дея қўшимча қилди у. 

Монреалда бўлиб ўтган брифингда Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича сўзга чиққан Шольц бу мамлакатни урушдан кейинги қайта қуриш «жаҳон ҳамжамияти ўз вақтида тўғри йўлни белгилаши керак бўлган муҳим вазифа» эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мамлакатни тиклаш билан ҳозир, уруш пайтида шуғулланиш керак. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Украина шарқига қурол-яроғ етказиб беришни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. 

Германия канцлери, шунингдек, Канадага санкциялардан истисно қилиш ва «Шимолий оқим» турбинасига хизмат кўрсатгандан сўнг Европага қайтариш қарори учун миннатдорчилик билдирди. 

«Бу муҳим қарор эди. Чунки у Путиннинг Украинага ёрдам кўрсатишга таъсир қилиш мақсадида иттифоқчиларни бўлишга қаратилган стратегиясини фош қилди». Россия ишончли бизнес шериги эмас, дея давом этди канцлер. У Москва техник сабабларга кўра Европа бўйлаб газ етказиб беришни қисқартирганини эслатиб ўтди. «Шунинг учун биз Путиннинг тузоғига тушиб қолмаслик, бирлашиш ва бирдам бўлишимиз муҳим», - дейди Шольц. 

Монреалдан Шольц ва Хабек Германия-Канада бизнес конференцияси учун Торонтога, сўнгра яшил водород таъминоти масаласини муҳокама қилиш учун Нюфаундлендга йўл олмоқда. 

Мавзуга оид