Ўзбекистон | 16:24 / 24.08.2022
17403
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”даги таклифларга овоз бериш бошланди

Иккинчи мавсумда фуқаролар томонидан 61 мингдан ортиқ ташаббуслар билдирилди. Энг кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан лойиҳаларни молиялаштиришга 1 триллион сўм пул ажратилади.

Фото: Kun.uz

24 августдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бошланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мавсум доирасида фуқаролар томонидан илгари суриладиган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида республика бўйлаб қарийб 1 триллион 62 млрд сўм маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, эндиликдa “Humans” алоқа оператори абонентлари овоз бериш жараёнларида иштирок этиш имкониятига эга бўлмайди.

Шунингдек, “Очиқ бюджет” порталида рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар ҳам овоз бериш жараёнида ўзларининг телефон рақамлари орқали иштирок этишлари керак бўлади.

Инфографика: Молия вазирлиги матбуот хизмати

Молия вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда порталга бир вақтнинг ўзида кўплаб фуқароларнинг кириши сабабли сайт фаолиятида қийинчиликлар кузатиляпти.

“Портал узлуксиз фаолият кўрсатиши учун техник ишлар амалга оширилмоқда. Йўқотилган ҳар бир вақт учун компенсация тариқасида овоз бериш жараёни узайтирилади.

Фаол бўлганингиз учун миннатдормиз. Сизнинг овозингиз биз учун муҳим!” – дейилади расмий хабарда.

Инфографика: Молия вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, бу мавсумда фуқаролардан жами 61 566 та ташаббус келиб тушган.

Ташаббусларнинг 32 фоизи ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, 13 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, 12 фоизи эса кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатишга доир.

Қандай овоз бериш ҳақида видеоқўлланма:

Мавзуга оид