Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошида Жамоатчилик кенгаши қайта тузилди
Жамоатчилик кенгашининг янги таркиби шакллантирилди. Унда Никита Макаренко, Александра Иванюженко, Саодат Абдузакирова, Абу Али Ниёзматов каби фаолларнинг исми келтирилмаган.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 69-сессиясида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев чиқиш қилиб, ҳокимлик қошидаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти бўйича таклиф берди.
“Ўзингизга маълум, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада ошириш – асосий мақсадимиз. Лекин сўнгги вақтларда аҳолимиз манфаати учун қилаётган хайрли ишларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бера олмаётганимиз сабаб, турли эътироз ва баъзи пайтда нохолис танқидларга учраяпмиз.
Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчиман, амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар кўлами қанчалик кенг, катта бўлмасин, жамоатчиликнинг фикри, маслаҳати ва керак бўлса баъзи ўринларда танқидисиз кутилган ижобий натижага эришишнинг иложи йўқ.
Шу сабабли биз жамоатчилик билан яқиндан ва очиқ ишлаш, аҳолининг фаол қисмини шаҳримизда олиб борилаётган ислоҳотларга кенгроқ жалб этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ишини сиз депутатларимиз билан бамаслаҳат қайта кўриб чиқишга қарор қилдик.
Эндиликда Жамоатчилик кенгаши фуқароларимизга олиб борилаётган ислоҳотлар ва лойиҳаларни тўлиқ, шаффоф етказиб бера оладиган ваколат ва тизимга эга тузилма бўлади.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг янги таркиби шакллантирилди. Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, янги Жамоатчилик кенгаши ишида эксперт сифатида хоҳлаган фуқаро иштирок этиши мумкин”, – деди ҳоким.
Ортиқхўжаев кенгаш раиси лавозимига Тошкент шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев номзодини таклиф қилди. У аввалроқ шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бўлган.
“Фурқат акани ортиқча таништириб ўтириш менимча шарт эмас, давлат ва жамоат ташкилотларида узоқ йиллар давомида масъул вазифаларни бажариб келган. Қолаверса, Тошкент шаҳрининг тараққиёти ва тақдирига доимо жон куйдирадиган фидойи, ватанпарвар инсонларидан бири.
Мен кенг жамоатчиликка, ОАВ вакилларини, журналист ва блогерларни, хусусан, шаҳримиздаги ўзгаришлар, пойтахтимизнинг флора ва фаунасига бефарқ бўлмаган Никита Макаренко, Александра Иванюженко, Саодат Абдузакирова, Абу Али Ниёзматов каби фаол ҳамшаҳарларимизни Жамоатчилик кенгаши аъзолигига таклиф қиламан.
Ишонаманки, уларнинг бу ердаги фаолияти, фикрлари, таклиф ва ташаббуслари, албатта, шаҳримиздаги янгиланишлар ҳамда ўзгаришлар жараёнига, бизнинг турли соҳа ва йўналишлардаги фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади”, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Тадбир давомида Фурқат Маҳмудхўжаев чиқиш қилиб, пойтахтда қилинаётган ишлар жамоатчилик билан бамаслаҳат қилинадиган бўлса, хато ва камчиликлар камайишини айтиб ўтди.
Таклиф Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жамоатчилик кенгаши 2018 йилда тузилган эди. Кенгашнинг биринчи раиси тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бир йилдан сўнг раисликдан кетган эди.
Кенгашнинг низоми ва янги тартиби Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 24 август куни имзолаган қарор билан тасдиқланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг таркиби:
- Сабоҳат Юсуфалиевна Пўлатова – Ёшлар ишлари агентлиги Бектемир тумани бўлими бошлиғи
- Ортиқ Турғунбоевич Ҳожиев – Тошкент вилояти “Иссиқлик манбаи” ИЧБ Қибрай “Иссиқлик манбаи” раҳбари
- Бобир Собирович Мансуров – Миробод тумани ЎзЛиДеП кенгаши раиси
- Тўрабой Турсунович Назаров – “Тошкентмебель” МЧЖ бошқарув кенгаши раиси
- Жаҳонгир Ҳусанович Мирзаев – Халқ депутатлари Сергели туман кенгаши котибияти мудири
- Жамшид Фатҳуллаевич Каримов – “Grand Thornton” МЧЖ аудиторлик ташкилоти бош директори
- Зафаржон Анварович Илҳомов – 7-сон туғуруқ комплекси бош шифокори
- Фурқат Сиддиқхўжаевич Маҳмудхўжаев – Тошкент шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи
- Дилшод Ёдгарович Исомиддинов – “Пахтакор” клуби Қибрай базаси директори
- Фарҳод Фаттоҳович Абдураҳмонов – Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси ўринбосари
- Виктор Владимирович Михайлов – “Новости Узбекистана” нашри бош муҳаррири
- Татьяна Александровна Грибанова – 158-сон ўрта таълим мактаби директори
- Анна Андреевна Айрапетова – “Fresh media” МЧЖ раҳбари
- Назира Қобиловна Исроилова – “Шоҳ продукт плюс” МЧЖ раҳбари
- Жасур Алишерович Мирқосимов – “Best translation” МЧЖ бош директори
- Равшанхон Эргашевич Жўраев – “Uzreport” ахборот агентлиги бош директори
- Умид Сайитович Рўзиев – Тошкент шаҳри “Нуроний” клиник шифохонаси бош шифокори
- Ҳасанжон Маматкаримович Дадабоев – “Еko Plast Produkt” МЧЖ раҳбари
- Евгений Семенович Скляревский – “Письма о Ташкенте” интернет саҳифаси асосчиси
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024