Иқтисодиёт | 18:55 / 25.08.2022
55156
5 дақиқада ўқилади

Британия илк бор Россия энергияси импортидан тўлиқ воз кечди 

Расмий маълумотларга кўра, Буюк Британия июн ойида Россия энергиясини импорт қилишдан тўлиқ воз кечди. 2021 йилда Россия гази Британия импортининг 4, нефти эса 11 фоизини ташкил этганди.

Фото: Getty Images

Британия миллий статистика хизмати (ONS) маълум қилишича, июн ойида Россиядан бошқа маҳсулотларни импорт қилиш 33 млн фунтгача (39 млн доллар) камайган ва 1997 йил январидан буён энг паст даражага тушган.

Мазкур маълумотлар Украинада мустақиллик куни нишонланиши ва яна бир сана: Россия ҳарбий тажовузи бошланганига олти ой тўлиши муносабати билан эълон қилинди, деб ёзади BBC.

Натижада Евроиттифоқ йил давомида Россиядан газ импорт қилишни учдан икки қисмга камайтириш ҳамда йил охирига қадар Россиянинг денгиз орқали нефт импорт қилишини тақиқлашга қарор қилди.

АҚШ Россия гази ва нефтига тўлиқ тақиқ қўйди. Британия эса йил охиригача Россия нефти импортидан тўлиқ воз кечиш ва яқин муддат ичида Россия газини сотиб олишни тўхтатиш мажбуриятини олди.

Ғарб мамлакатлари Москва Украинада бошлаган уруш сабабли Россияга нисбатан кескин санкциялар жорий этгач, Россия маҳсулотлари импорти ҳамда Россияга экспортни қисқартириш бошланди.

Июн ойига келиб, Россияга Британия станоклари ва транспорт жиҳозлари сотуви 91,3 фоизга, Россияга умумий экспорт ҳажми эса қарийб 70 фоизга қисқарди. 

Россияга экспорт ҳажми ошган маҳсулотлар фақат дори-дармонлар ва санкция қўлланмайдиган бошқа фармацевтика маҳсулотлари бўлди. 

Қайд этилишича, Буюк Британия ва Россия ўртасидаги савдо нафақат ҳукумат санкциялари, балки кўплаб корхоналар Россия маҳсулотларининг муқобилини топишга қарор қилгани учун ҳам қисқарди.

Россияни қандай қилиб даромаддан маҳрум қилиш, лекин ёнилғи нархи ошишининг олдини олиш мумкин?

Буюк Британия Европанинг аксарият мамлакатларидан фарқли ўлароқ, Россия энергияларига унчалик қарам эмас. ЕИ урушнинг атиги икки ойи ичида Россияга нефт ва газ учун 40 млрд евродан ортиқроқ пул тўлади. Бу пуллар Ғарб санкцияларининг Россия хомашё иқтисодиётига нисбатан зарбасини юмшатди. 

Шу боис, Европа эмбаргоси – Ғарбнинг Владимир Путинни сулҳга мажбур қилувчи захирадаги энг кескин иқтисодий чораси.

Евроиттифоқ кузга бориб Россия кўмиридан воз кечиш мажбуриятини олган, йил охирига бориб эса Россия гази импортини учдан икки қисмга қисқартирмоқчи. Аммо эндиликда Россия нефти ва газидан зудлик билан воз кечиш чақириғи ЕИнинг 27 мамлакатидан айримлари томонидан қўллаб-қувватланмаяпти. Санкциялар учун эса бирдамлик зарур.

Бу санкциялардан мақсад – Россияни урушга сарфланадиган маблағдан маҳрум қилиш, аммо нефт нархи кескин ошишининг олдини олиш, чунки бу Ғарбнинг ўзига зарар келтиради ва Россия озгина ҳажм билан ўша даромадни топишига имконият яратади.

Қўрқув билан суғорилган нархлар

BBC иқтисодий шарҳловчиси Энди Верити

Чоп этилган маълумотлар хизматлар учун тўловни ўз ичига олмайди, чунки Британия ўтган йили Россия компаниялари ва бадавлат жисмоний шахсларга маслаҳат, бухгалтерия ва юридик хизматлар кўрсатиш ортидан яхшигина даромадга эга бўлган.

Импорт ҳақида гапириладиган бўлса, санкциялар жуда самарали бўлди. 

ONS маълумотларига кўра, Британия июн ойида Россия энергияси импортидан буткул воз кечди, у одатда бу вақтда ярим миллиард фунтлик (590 млрд доллар) энергия сотиб олган бўларди. Урушга қадар Россия гази импорти улуши умумий импортнинг 4,9 фоизини ташкил этади, бу ҳозирда нолга тенг. Шу билан бирга, Британия газ импорти ҳажмини қисқартирмади, балки Россия гази ўрнига бошқа манба топди. 

Дарвоқе, бу урушнинг Буюк Британияга улгуржи газ етказиб беришга таъсири ва нархлар юқорилаб кетиши орасидаги номувофиқликни яққол кўрсатиб беради.

Гап шундаки, газ улгуржи нархларининг ошиши бозордаги спекуляциялар билан изоҳланади, бу ўз навбатида, Германия, Италия ва Россия газига қарам бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш тўхтаб қолиши эҳтимоли билан боғлиқ қўрқувга асосланган.

Шунга қарамасдан, энергиянинг юқори нарх чегараси халқаро улгуржи нархлар билан боғлиқ бўлиб, октябрда бу чегара кўриб чиқилганида кўплаб хўжаликлар жуда қиммат тўлов тўлаши хавфи мавжуд.

Шу кунларда Британия бош вазири Борис Жонсон Ғарб мамлакатлари аҳолисини энергетика инқирози сабабли нархлар ўсишига чидашга ва Украинага Россия тажовузига қарши курашда ёрдам беришга чақирганди.

Лавозимини тарк этаётган бош вазир Украина мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакат пойтахтига ташриф буюрди. У Ғарбда бор-йўғи энергия нархлари ошаётган бўлса, «Украина халқи Россия амалга ошираётган ёвузлик учун ўз қони билан ҳақ тўлаётгани»ни айтди.

Жонсоннинг сўзларига кўра, энергия нархлари ўсаётгани сабабли Европа Украинани унчалик қўллаб-қувватламаётгани ҳақида фикрлар янграётганига қарамасдан, аслида Ғарбнинг бирдамлиги мустаҳкамланмоқда. У Украина босқинчилар устидан ғалаба ғалаба қозонишига ишонч билдирди.

Мавзуга оид