Жамият | 15:08 / 28.08.2022
34529
10 дақиқада ўқилади

Семизлик. Ундан қутулиш осонми?

Турли-туман парҳезлар, ошқозонни қисқартириш, оздирувчи дорилар, ёғларни сўрдириш… Бундай оздирувчи усуллар Ўзбекистонда ҳам оммалашиб улгурди. Хўш, улар қанчалик самарали ва хавфсиз? Биз бу борада жарроҳлар, диетолог ва руҳшунос фикри билан қизиқдик.

Транспорт пайдо бўлиб, кўп юришга ҳожат қолмагани, одамлар кичик квартираларда яшаб, кам ҳаракат қилаётгани, апил-тапил нотўғри овқатланишлар дунёда семизлар сонини кескин ошириб юборди.

ЖССТ маълумотига кўра, 2030 йилда Ер юзининг 45 фоиз аҳолиси семириб кетиши мумкин. Энг ёмони айнан семизлар коронавирусни жуда оғир бошдан ўтказди.

Идеал вазн қанча?

Диетолог Мавжуда Зоҳидованинг айтишича, ёши катта эркакларда бел айланаси 90-94 сантиметрдан юқори бўлса, бу ортиқча вазн ҳисобланади. Аёлларда эса бу кўрсаткич 80 сантиметрдан юқори рақамларга тўғри келади.

Меъёрий вазнни билиш учун бўйдан 100 сантиметрни, идеал вазнни билиш учун бўйдан 110 сантиметрни айириб ҳисоблаш керак.

Мавжуда Зоҳидова, диетолог

“Бундан ташқари, – дейди диетолог, – тана ортиқча вазнни сезишни бошлайди. Масалан, зинадан кўтарилганингизда ҳарсиллаш бошланади. Ётгингиз келаверади, дангасалик ҳолатига тушиб, оғир бўлиб қоласиз”.

Парҳез ёки соғлом овқатланиш

Семизликнинг асосий сабаби нотўғри овқатланиш экани ҳақида кўп гапирилади. Нотўғри овқатланиш деганда айнан нимани тушуниш керак?

Мавжуда Зоҳидовага кўра, рационда углевод, транс ёғларни кўпроқ киргизиш – нотўғри овқатланиш белгиларидан. Дунёни қамраб олган қарамликлардан бири углеводга, биринчи ўринда шакарга бўлган қарамлик, олий навли ундан тайёрланган хамир маҳсулотлари, таркибида хамиртуруш кўп бўлган булочка, пирожниклар – ҳаммаси носоғлом овқатланишдир. Мол ва чарви ёғлари 36,6 даражада танадан чиқиб кетмаслиги ҳисобига, танада йиғилиб қолаверади.

Семиришнинг психологик сабаблари

Нотўғри овқатланиш ва камҳаракат турмуш тарзидан ташқари, ортиқча вазнга психологик ҳолат ҳам сабаб бўлади. Психолог Шаҳноза Халилованинг тушунтиришича, оғизга ниманидир солиб туришга эҳтиёж ҳам вазн ортишига олиб келади.

“Одамларда оғизга ниманидир тиқиб туриш хоҳиши бўлади. Бу хоҳиш оғриқни ва агрессияни босиб туриш учун пайдо бўлади. Агрессия айнан тишларга берилиб, ниманидир тишлаб еб ташлаш хоҳиши туғилади”, – дейди психолог.

Ошқозонни кичрайтириш: Фақат касаллик олиб келадиган семизликдагина тавсия этилади

Охирги йилларда ошқозон қисқартириш амалиёти оммалашиб боряпти. Бу операция 16-60 ёш оралиғидаги кишиларда ўтказилади. Операция самараси ва хавф даражаси ҳақида бариатрик-метаболик жарроҳ Жумаев Нозим гапириб берди.

Нозим Жумаев, бариатрик-метаболик жарроҳ

“Бу амалиётни беморда марбид семизлик, яъни касаллик олиб келувчи семизлик аниқлангандагина ўтказишга кўрсатма берилади. Ошқозон кичрайтириш операциясидан кейин неча кило озиш бу индивидуал равишда бўлади. Масалан, кимдадир 30 килограмм ортиқча вазн бор, кимдадир 80-100 килограмм ортиқча вазн бор. Ҳар бир одамнинг идеал тана вазни ҳисобланади. Масалан, 120 килоли беморнинг идеал тана вазни 85 килограмм бўлиши мумкин. Операциядан кейин бемор 1–1,5 йил давомида ана шу 35 килолик фарқдан фориғ бўлиши керак.

Амалиётдан олдин беморнинг қандли диабетга мойиллиги, бошқа ёндош касалликлари, гипертония, бўғимлар артрози, поликистоз каби семизликка боғлиқ касалликлари ўрганилади. Сурункали юрак касаллиги, буйрак етишмовчилиги ёки жигар, ўсма касалликлари бўлса, операция қилиш мумкин эмас”, – дейди жарроҳ.

Ёғларни сўрдириб ташлаш: Операциядан кейин бемор яна семириб кетиши мумкин

Ортиқча вазндан қутулишнинг замонавий усулларидан яна бири – ёғларни танадан олиб ташлаш. Пластик жарроҳ Миршод Атуллаевнинг сўзларига кўра, бу амалиётдан кейин бемор қайта семирмаслиги кафолатланмаган. Семирмаслик операциядан кейинги овқатланиш жараёнига боғлиқ бўлади.

Миршод Атауллаев, пластик жарроҳ

“Ёғ олиш жараёни – липосакция, кичик тешикча орқали канюля деб номланган мослама орқали танага кириб, ёғлар сўриб ташлаш жараёни ҳисобланади. Тери остида ёғ қавати, пастида мускул бўлади ва белгиланган нуқталардан ёғ олинади. Ёғ қавати ҳар кимда ҳар хил бўлади. Айримларда қалинроқ, бошқаларда юпқароқ. Шу ёғ қавати олиб ташлангандан кейин ёғ қавати бориб, мускулга ёпишиши керак. Бунинг учун ўзининг махсус корсетини 1 ойгача тақиб юриш керак. Бир кишидан 12 литргача ёғ олиш мумкин.

Бу амалиёт асосан 35-50 ёшдаги беморларда ўтказилади. Чунки уларда ёғ йиғилиши, туғуруқдан кейинги осилиш жараёнлари кўпроқ кузатилади. 12 литр ёғ олгандан кейин ҳам ёғ қолса, яна 6 ойдан кейин 2-босқич операцияни амалга ошириш мумкин. Чунки 12 литр ёғ олиш 5-6 соат вақтни олади. Операция муддати қанча чўзилса, организм учун хавф ҳам ошади.

Операция бу семирмасликни англатмайди, ундан кейин танада ёғ йиғилиши мумкин, лекин олдинги даражада эмас. Шунинг учун бемор диетолог назоратида бўлиши шарт”, – дейди Миршод Атауллаев.

“Кесилган жойда организмнинг бир бутунлиги йўқолади”

Шаҳноза Халилова, психолог

Шаҳноза Халилова оздирувчи жарроҳлик амалиётларини бажариш истаги тоқатсизликдан келиб чиқишини айтади. Улар озиш учун қилган ҳаракатларини бефойда дейишади, лекин ҳар доим ҳам ундай эмас: кўпинча озиш ҳаракатидаги одам секинлик билан эришаётган натижаларидан қониқмайди ва тезда натижага эришишни истаб, жарроҳга боради.

“Оздирувчи жарроҳлик амалиётининг зарарсиз деган рекламалари ҳам бунга сабаб бўлади. Бунинг энг ёмон зарари – жисмоний. Руҳий зарари кейин бўлади. Жисмоний жароҳат руҳиятга тўғридан тўғри таъсир қилади. Кесилган жойда организм нерв толаларини йўқотади, яъни организм бир бутунлигини йўқотади, ўша жойнинг ўзида энергия алмашинуви ҳам йўқолади.

Жарроҳлик амалиётлари ўша одамнинг ҳаёти жиддий хавф остида қолгандагина қилиниши керак”, – дейди руҳшунос.

“Ковидда ўлим кўрсаткичларининг 30-40 фоизи оғир вазндаги беморларга тўғри келган”

Шу пайтгача ўнлаб тадқиқотлар семиз беморларнинг вирус билан курашиши нормал вазнлиларга қараганда қийинроқ кечганини исботлади. Genentech биотехнология маркази тадқиқотига кўра, ковид билан касалланган Америкадаги ихтиёрий 17 минг беморнинг 77 фоизи семизлик ва ортиқча вазндан азият чеккани аниқланган.

Ўзбекистонда-чи, вирус юқтирган семиз беморларнинг аҳволи қандай кечди?

Ҳилола Алимова, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси шифокори

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Ҳилола Алимова Ўзбекистонда пандемиянинг бошидан бери ковид беморлари билан ишлайди. Унинг айтишича, энг оғир категория касаллар ортиқча вазни борлар бўлган. Семизлик 3-даражада бўлган беморларнинг реанимацияга тушиш хавфи юқори. Ўлим кўрсаткичларининг 30-40 фоизи оғир вазндаги беморларга тўғри келган.

“Масалан, бемор келганда каталкадан койкага ўтказишда 3-4 кишининг ёрдами керак бўлади. Шунинг ўзида хавф туғилади. Оғир вазни бор, қорни катта беморларнинг ҳаттоки қоринда ётиб нафас олиши ҳам қийин бўлади. Уларда қорин ички аъзолари ва ўпканинг ўртасидаги аъзо – диафрагма кўтарилган ҳолатда бўлади. Бу – уларнинг соғ пайтида ҳам ўпкаси яхши ҳаракатланишини чегаралайди. Ковид билан касалланганда эса кўпроқ билинади.

Яна бир жиҳати оғир вазнлиларнинг 80-90 фоизида қандли диабет бўлади. Ковидга қарши қўлланадиган айрим препаратлар эса қандли диабетни ривожлантириши мумкин”, – дейди шифокор.

Яширин шакар

Ёғли, шакари бор маҳсулотлар ортиқча вазнга олиб келишини кўпчилик билади. Шунинг учун маҳсулот харид қилаётганда унинг қадоғини обдан ўрганамиз. Аммо баъзан қадоқлар ҳам алдайди. Баъзи ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига қўшиладиган ингредиентлар миқдорини камайтириб кўрсатишга ҳаракат қилади. Илмий тилда шакарнинг 56 хил номланиши бор, ишлаб чиқарувчилар харидорни чалғитиш, шакар миқдори камдек кўриниши учун шакарнинг турли номларидан фойдаланади. Натижада маҳсулот нисбатан соғломдек таассурот қолдиради.

Масалан, маҳсулотда Agave syrup, Arabinose, Barbados sugar, Barley malt syrup, Beyet sugar, Brovn sugar, Fruit juice каби номлар ёзилган бўлса, буни ҳар хил ингредиент деб ўйламанг. Бу сиз ва биз билган шакарнинг айнан ўзи. Шунчаки, ишлаб чиқарувчи маҳсулотда кўп миқдорда шакар борлигини яшириш учун шакарнинг турли номларидан фойдаланган.

Семиришнинг олдини олиш учун лайфҳак

Диетолог Мавжуда Зоҳидова семиришнинг олдини олиш учун тажрибадан ўтган, бир нечта усулни тавсия қилди.

— Супермаркет ва бозорларга рўйхат билан, тўқ қоринда бориш керак. Чунки оч қоринга кераксиз маҳсулотларни харид қилиш мумкин.

— 5 маҳал кам-камдан овқат ейилса, бу қондаги қанд миқдорини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради. Шу орқали очлик ҳиссини ҳам назоратда ушлаб туриш мумкин.

— Ортиқча вазнли инсонларга таомланаётганда кичкина қошиқда овқат истеъмол қилишлари тавсия этилади.

— Овқатни истеъмол қилиб бўлгач ҳам очлик ҳисси сезилса, дастурхон бошидан туриб кетиш керак. 15-20 дақиқадан кейин тўқлик ҳисси келади.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Бошловчи – Бекмирза Рашидов
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид