Жаҳон | 16:36 / 19.09.2022
21019
4 дақиқада ўқилади

Бишкек тинчликка қарши жиноят моддаси бўйича иш очди

Бишкек Қирғизистонга бостириб кирган тожик ҳарбийлари орасида хорижлик ёлланма аскарлар бўлгани, Душанбе можарога олдиндан тайёргарлик кўрганини даъво қилмоқда.

Фото: Даниля Усманова

Қирғизистон Бош прокуратураси Тожикистон билан чегарадаги қуролли можародан кейин жиноий иш қўзғатди. 19 сентябр, душанба куни ИИВнинг Бишкекдаги матбуот хизмати хабарига кўра, Жиноят кодексининг тинчликка қарши жиноят моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Боткен вилоятида Тожикистон томонидан ҳужумга сабаб бўлган ҳолатларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш бўйича идоралараро тергов гуруҳи тузилди. Гуруҳ таркибига Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, ҳарбий прокуратура, маҳаллий ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари вакиллари киради. Тузилган гуруҳ жабрланган қишлоқларни кўздан кечирмоқда», — дейилади баёнотда. 

Шунингдек, идора хабар беришича, айни пайтда икки давлат Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат қўшма патруллар томонидан чегара ҳудудидаги аҳоли ўртасида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш ва сақлаш бўйича кеча-ю кундуз тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов Тожикистон билан олиб борилган жанговар ҳаракатлар натижасида 40 нафар қирғизистонлик ҳарбий ҳалок бўлгани, яна 70 нафари яраланганини айтди. У Тожикистон томонини 14 сентябрда бошланган можарога тайёргарлик кўришда айблади. «Улар олдиндан хандақ қазишни бошлаган, агрессияга тайёргарликнинг барча белгилари бор эди», деди у.

Имонқулов, шунингдек, можарода иштирок этган тожик ҳарбийлари орасида халқаро террорчи ташкилотлар вакиллари ва хорижлик ёлланма аскарлар ҳам бўлганини даъво қилмоқда. «Ҳудудимизга бостириб кирган тожик қуролли кучлари томонида фуқаро кийимида, қўлларида қурол-яроғ бўлган, турли йўналишларда ҳам уйларга, ҳам тинч аҳолига ўқ узган одамлар бор эди», деди у. Хавфсизлик кенгаши котибига кўра, бу шахслардан бири Афғонистон фуқароси экани аниқланган.

Айни пайтда, 19 сентябр Қирғизистонда миллий мотам куни деб эълон қилинган. Мамлакат президенти Садир Жапаров Бишкек чегарадаги келишмовчиликларни дипломатик усуллар билан ҳал этишда давом этишини айтди. «Тожикистон билан чегарадош ҳудудлар кўрсатилмаган ва муаммо туғдирмоқда. Биз қирғиз-тожик чегарасидаги келишмовчиликларни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш учун ҳаракат қилишда давом этамиз», - деди Жапаров. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябр куни Боткен туманидаги учта участкада чегарачилар ўртасида отишма бошланганидан кейин кескинлашди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олишди, бироқ келишувлар ҳар сафар муваффақиятсизликка учради. 

Қирғизистон ҳукумати Тожикистонни чегарага оғир ҳарбий техникани олиб келганлик ва Қирғизистон ҳудудини ўққа тутишда «барча мавжуд арсеналдан» фойдаланганликда айблади. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўқнашув зонасидан 136 минг киши эвакуация қилингани, Боткен туманида фавқулодда ҳолат режими жорий қилингани ҳақида маълумот берди. Айни пайтда, Тожикистон қирғиз кучларини Тожикистон чегарасидаги қатор аҳоли пунктларини «оғир қуроллардан» ўққа тутишда айблади. Ҳозирда икки давлат ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда. 

Икки давлат чегарасида 70 га яқин баҳсли объектларда белги қўйилмагани сабабли мунтазам равишда можаролар келиб чиқяпти. Умуман олганда, 2022 йил июл ойи ҳолатига кўра, мамлакат чегараларининг 972 километридан 600 километрга яқини келишилган. 

Мавзуга оид