Жаҳон | 15:51 / 20.09.2022
12430
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Россия босиб олган ҳудудлар Киевга қайтарилишига ишонч билдирди

Туркия президенти Россияга урушни тўхтатиш эвазига ўз қўшинлари назорати остидаги Украина ҳудудларини ўз қўлида қолдиришига йўл қўймаслик кераклигига ишонч билдирди. Эрдўған, шунингдек, 2014 йилдан бери Путинни Қримни Украинага қайтаришга чақириб келаётганини айтди.

Фото: Reuters

Россия томонидан босиб олинган ҳудудлар Украинага қайтарилади, деб ишонч билдирди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. 19 сентябр, душанба куни кечқурун эълон қилинган Американинг PBS телеканалига берган интервьюсида у Украина билан тинчлик шартномасининг асоси сифатида Россияга у томонидан назорат қилинадиган ҳудудларнинг бир қисмини бериш имкониятини рад этди.

«Йўқ, шубҳасиз, йўқ. Украинада тинчлик ўрнатилса, босиб олинган ерларнинг қайтарилиши жуда муҳим бўлади. Бу кутилаётган нарса, улар шуни хоҳлашмоқда. Украинага эгаллаб олинган ерлар қайтарилади», - деди Эрдўған Москвага ён бериш ёки бермаслик ҳақидаги саволга жавоб қайтарар экан. 

Шу билан бирга, Туркия президенти 2014 йилдан бери Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб бораётганини, уни «Қримни қонуний эгаларига қайтаришга» чақирганини айтди. «У ерда яшовчи одамлар ҳам бизнинг авлодларимиз», деб таъкидлади у ва Анқарага қрим татарларига ёрдам бериш муҳим масала эканлигини қўшимча қилди. 

Эрдўған Ўзбекистонда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Россия президенти билан учрашганидан сўнг, Владимир Путин Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатишни хоҳлайди, деган хулосага келди.

«Ўзбекистонда Путин билан кенг кўламли музокаралар ўтказдик. У менга буни имкон қадар тезроқ тугатишга тайёр эканлигини айтди. Бу менинг таассуротим, чунки вазият жуда муаммоли ривожланмоқда», деди у интервьюсида. 

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, у «бу жангни тинчлик билан якунлаш»га интилмоқда. «Бу инсонлар ҳалок бўлишига олиб келган можаро. Одамлар ўлмоқда ва охир-оқибат ҳеч ким ғалаба қозона олмайди», дея қўшимча қилди у. 

Мавзуга оид