Ўзбекистон | 21:49 / 27.09.2022
46139
3 дақиқада ўқилади

Бешта туман ҳокими ишдан олинди

Бу истеъфоларга раҳбарлик этикаси, хизмат ваколатидан четга чиқиш, фуқароларга ҳурматсизлик сабаб бўлди.

Президент қарори билан Андижон вилоятининг Асака, Андижон ва Пахтаобод, Фарғона вилоятининг Фарғона, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманлари ҳокимлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган танқидий йиғилишда маълум қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шунингдек, Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ва Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев эса давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга нисбатан ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Муқаддам Жалақудуқ тумани ИИБ бошлиғи бўлган Мансурбек Алихонов 2020 йил сентябридан буён Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. 2021 йил декабрида ушбу ҳоким фуқаро билан менсимаслик оҳангида, қўлини чўнтагига солган ҳолда гаплашгани акс этган видео тарқалган, аммо якунда унинг матбуот котиби жазоланиб, ишдан олинганди.

Муқаддам Марказий банк Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи бўлган Элёрбек Усмонов 2022 йил февралидан буён Пахтаобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётганди. Интернетда унинг этика қоидаларидан четга чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар акс этган видео ёки аудиоёзувлар тарқалмаган.

Абдужаббор Эгамбердиев 2021 йил февралида Андижон тумани ҳокими этиб тайинланганди. 2022 йил августида Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга пойгакдан жой берганидан кейин интернетда машҳур бўлганди.

Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов бу лавозимда 2020 йил ёзидан буён ишлаётганди.

Шуҳратжон Мўминов / Фото: Фарғона тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев эса 2022 йил мартида лавозимга тайинланганди. Интернетда унинг этика қоидаларидан четга чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар акс этган видео ёки аудиоёзувлар тарқалмаган.

Мавзуга оид