Жамият | 16:01 / 30.09.2022
33930
9 дақиқада ўқилади

Куз фаслини шамолламасдан ўтказишнинг йўли борми? — Халқ табобати тавсиялари

Куз келиб, ҳаво ҳарорати секин-асталик билан пасайиб бормоқда. Бу вақтда одамларнинг иммунитети ҳам тушиб, шамоллашга мойиллиги ошади. Хўш, кузда қўзғаладиган касалликларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Бу борада Халқ табобати ассоциацияси раҳбари Рўзимуҳаммад Хонназаров ўзининг бир қанча тавсияларини берди.

Рўзимуҳаммад Хонназаровнинг айтишича, ҳар бир одамнинг мизожи бўлганидек, фаслларнинг ҳам ўзига яраша мизожлари бор ва улар турлича номланади.

Кузда баданни совуқдан асрашга алоҳида эътибор бериш керак

Масалан, баҳор иссиқ-ҳўл бўлгани учун буржи обий, ёз иссиқ-қуруқлиги учун буржи норий, куз совуқ-қуруқлиги учун буржи бодий, қиш эса совуқ-ҳўл, яъни буржи хокий деб аталади.

Аслини олганда, инсондаги 90 фоиз беморлик, масалан, сурункали ёки онкологик касалликлар мизожнинг совигани сабабли пайдо бўлади. Шунинг учун иссиқдан совуққа ўтаётганда исталган кишида маълум бир ўзгаришлар бўлиши аниқ. Бу даврда кўпчиликда асосан шамоллаш, юқори нафас йўллари ёки аллергик касалликлар пайдо бўлади.

Бу борада халқ табобати бир қанча тавсияларни беради. Кузда баданни совуқдан асраш учун алоҳида эътибор бериш, унинг ҳарорати ва қувватини оширувчи озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кузда нималар истеъмол қилган маъқул?

Одамлар ҳаво ҳарорати, фасллар, танаси, ички хоҳиш ҳамда заруратидан келиб чиқиб керакли маҳсулотларни тановул қилиши керак. Умумий қилиб айтганда, ҳаммамиз ўз танамизнинг табиби бўлишимиз лозим.

Халқ табиблари куз фаслида Аллоҳ таоло табиий ҳолда нималарни пишириб етилтирса, шулар билан озиқланишни тавсия қилади. Чунки бу вақтда пишадиган маҳсулотларнинг ҳаммаси инсон танасини қиздиришга, бунинг ортидан эса шамоллаш каби касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Масалан, шолғом, турп, қовоқ.

Шунингдек, бу мавсумда қаймоқ, сарёғ, асал, қўй гўшти, ёнғоқ, нишолда кабиларни кам-кам, тез-тез истеъмол қилиш ҳам зарар қилмайди.

Бундан 2 минг 400 йил олдин яшаб ўтган Буқрот «овқатинг дори бўлсин, доринг овқат бўлсин», деб бежизга айтмаган.  

Турли «порошок» ва антибиотиклардан воз кечиш керак

Куз ва қишнинг бошида совуқ ичимликларни ичишдан мутлақо тийилиш керак. Инсон танаси 36,6 даражада юрадиган бўлса, мана шу ҳароратга мос равишда илиқ суюқликни ичиш, таомни истеъмол қилиш лозим.

Бунинг аксини бажарган кўпчилик одамлар шамоллайди, ундан кейин билиб-билмасдан турли хил «порошоклар», антибиотикларни қабул қилиб қўйишади. Бу кимёвий ишлов берилган препаратлар шамоллаш белгиларини бартараф этиши мумкин, аммо жигар ёки ошқозонга жиддий зарар етказaди. Бундай ҳолатда иложи борича табиий маҳсулотларга эътибор қаратиш зарур.

«Порошок»ларнинг ўрнига наъматак (шиповник), чаканда (облепиха), мойчечак (ромашка), ялпиз (мята) ўсимликларини дамлаб, кунига бир маҳал ичиб туриш безарар ва самарали бўлади.

Шунингдек, асалга занжабил, зарчава ҳамда қалампирмунчоқни аралаштириб қўйиб, бир қошиқдан оч қоринга кунига бир марта истеъмол қилиш ҳам кимёвий препаратларга эҳтиёж қолдирмайди. Бу билан доимий равишда иммунитетни кўтариб юриш мумкин.

Доимий ҳаракатда юрган инсоннинг табибга муҳтожлиги бўлмайди

Фақат еб-ичишдан ташқари, одамлар соғлом-турмуш тарзининг асосий шартларидан бири — жисмоний фаолликни ҳам ошириши керак. Буюк ҳаким Абу Али ибн Синонинг «доимий ҳаракатда юрган инсоннинг табибга муҳтожлиги бўлмайди», деган гапи исбот талаб қилмас ҳақиқат ҳисобланади.

Яъни инсон мунтазам ҳаракатда бўлиб, кунига бир соат бўлса-да спорт билан шуғулланиши орқали танасини касалликлардан асрайди.

Ҳаммом ва уй шароитидаги ванна ҳам касал бўлишдан асрайди

Инсон мизожини қиздирувчи ҳаммомларга ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир маротаба тушиш ҳам тавсия этилади.

Демак, инсон мижозини қиздириш учун қиздирувчи маҳсулотлардан истеъмол қилиш, жисмоний ҳаракатни ошириш (спорт билан шуғулланиш) ёки ҳафтада бир маротаба камида 40 дақиқа ёки бўлмасам, максимум 4 соат ҳаммомга тушиб, бадандан совуқ терни чиқариб туриш лозим.

Ҳар бир инсон мижозини уй шароитида ҳам қиздириши мумкин. Бунинг учун ваннани сув билан тозалаб ювиб, унга икки қути ош тузи (иложи бўлса денгиз тузи) ва икки қути ош содасини солиши ва ваннани 40 градусли иссиқ сув билан тўлдириши керак. Кейин туз ва сода аралашган сувда юраги кўтаргунча ўтириши зарур. Ҳафтада бир маротаба шу ишни қилиш орқали танадаги совуқ терни чиқариб юбориш ва мавсумий касалликлардан узоқроқ юриш мумкин. 

Кузда тавсия этиладиган муолажалар

Кузда қон олдирган ёки ҳижома қилган ҳам фойдали. Чунки бунда қон суюлиб, унинг таркиби ўзгаради, яъни сифати ошади. Эски қон кетганидан кейин, организм янги қонни ишлаб чиқаради. Бу эса маълум касалликларга қарши иммунитетни оширади.

Шунингдек, профилактика учун апитерапия (ари чақтириш)ни ҳам маслаҳат берамиз. Арининг ниши мизожни қиздириб, иммунитетни кўтаришга хизмат қилади.

Саёҳат қилиш ҳам фойдадан холи эмас

Ибн Сино таъбири билан айтганда, бир фаслдан бошқасига ўтаётганда инсонда моддалар алмашинуви бузилади. Шунинг учун инсон аъзолари касалланишга мойил бўлиб қолади. Халқ табобатида бунинг ҳам олдини олиш чоралари бор.

Танасига етишмайдиган моддаларни назорат қилиш, турли нарсалардан завқланиш ёки сайр қилиш энг мақбул йўллардан бири ҳисобланади. Айниқса, куз фаслида бир жойдан бошқа жойга бориб саёҳат қилиб келиш, ҳаво алмаштириш ҳам сурункали аллергик ёки юқори нафас йўллари касалликларидан халос қилади.

Кузда инсон руҳиятида ҳам ўзгариш кузатилади

Куз фаслида нафақат инсон танаси, балки руҳиятида ҳам бирмунча ўзгаришлар кузатилади, тушкунлик пайдо бўлади. Чунки бу вақтда танада Д витамини етишмовчилиги бошланади. Шунинг учун кузга ўтишдан олдин ёздан бошлаб тайёргарлик қилишни бошлаш керак. Аввало одамлар қуёшда етарли даражада тобланиб олган бўлиши, қуёш нури билан тўйинган сувда чўмилиши, қизиган тупроқда ялангоёқ юриш орқали танани қиздириб, кузга тайёр бўлиб ўтиши керак. Ана шунда руҳиятда ҳам катта ўзгаришлар бўлмайди.

Саломатлик ҳақида Ибн Сино нима деган?

Шу ўринда Абу Али ибн Сино ёзган «Тиб қонунлари»нинг 1 китобида қайд этилган соғлиқни сақлаш ҳақидаги маълумотларни эслатмоқчиман. Яъни унда 7 та нарсанинг мўътадил бўлиб юриши инсон саломатлигининг гарови дейилмоқда.

Биринчиси — мизожнинг мўътадил бўлиши. Ибн Синонинг таърифича, соғлиқ бу — хилтлар (қон, балғам, сафро, савдо)нинг мувозанатда бўлиши ҳисобланади. Касаллик эса мана шуларнинг бузилишидир.

Иккинчиси — таомланишга эътибор қаратишдир. Яъни бу ерда инсонлар ейиладиган ёки ичиладиган маҳсулотларни етарли даражада истеъмол қилиши назарда тутилган.

Учинчиси — баданни чиқиндилардан тозалаб туришлик. Инсон танаси оч қолганда ёки рўза тутганида тозаланади. Қолаверса, ичакларни халқ табобатида ҳуқна қилиш, маълум сурги дориларни ичиш орқали ҳам чиқиндилардан фориғ қилиб туриш даркор.

Тўртинчиси — қадди-қоматнинг тузилишини сақлаш, яъни умуртқа поғонаси, суякларининг қийшайиши билан боғлиқ. Бу эса бевосита спорт билан шуғулланишга бориб тақалади. 

Бешинчиси — бурунга тортиладиган ҳавонинг етарли ва яхши бўлиши, яъни тоза ҳавода, кислородга тўйинган ҳолда яшаш ҳам инсон саломатлигини белгилаб берадиган омил ҳисобланади.

Олтинчиси — кийиладиган кийимларнинг қандай матодан бўлгани ва қайси фаслда нимани кийишни билишдир. Кузда одамлар, ҳатто уйқуда ҳам енгли ва ёқали нарсаларни кийиши лозим. Чунки уйқу вақтида ҳеч ким ўзини бошқармайди, усти очилиб кетганда шамоллаб қолиши ҳеч гап эмас.

Еттинчиси — жисмоний ва руҳий ҳаракатнинг мўътадиллигидир. Яъни жисмоний ҳаракат руҳий ҳаракат билан тенг бўлиши талаб этилади. Ҳар иккисидан биттасининг фаоллиги ошса ҳам бу саломатликка таъсир қилади.

Хулоса ўрнида шу гапни айтмоқчиман. Аслида шифокорлар ва табиблар инсонни даволаб, уларни чопиш чизиғигача олиб чиқариб қўяди, холос. 80 фоиз қолган ҳаракат эса инсоннинг ўзига боғлиқ. Тўғри, соғлом ва завқли турмуш тарзини ҳаёт дастурига айлантиришса, ҳеч кимнинг дорига эҳтиёжи қолмайди, фикримча.

Дилшода Шомирзаева, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид