Жаҳон | 12:15 / 01.10.2022
9208
2 дақиқада ўқилади

Арестович: Лиманда 5,5 мингга яқин россияликлар қуршаб олиниши мумкин

Украина қуролли кучлари бир неча кун ичида Донецк областида жойлашган Лиман шаҳрини Россия оккупациясидан озод қилиши мумкин. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский девонининг маслаҳатчиси Олексий Арестович маълум қилди.

Фото: Picture Alliance

Арестовичнинг «Фейгин Live» YouTube-канали эфирида маълум қилишича, ҳозирча Лиман яқинидаги вазият ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. 

Баъзи манбаларга кўра, шаҳар аллақачон тўлиқ ўраб олинган, бошқа маълумотларга қараганда, россияликларнинг чиқиб кетиши учун имконият ҳали ҳам мавжуд бўлиши мумкин. 

Турли манбаларга кўра, қуршовда 2,5 мингдан 5,5 минггача россиялик ҳарбий хизматчилар бор, деб хабар қилди Олексий Арестович. 

Бундан олдин Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) Украина қўшинлари Донецк областининг Лиман ҳудудида Россия кучларини қамал қилишни якунлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

Таҳлилчиларга кўра, украиналиклар Лимандан 10 км шимолда жойлашган Ставок ҳудудида Россия мудофаасини ёриб ўтиб, Лиман ғарбидаги чизиқни ушлаб турган россияликлар учун охирги таъминот канали ва чиқиш бўлган Торское-Дробишево йўлини тўсиб қўйишган. 

ISW таъкидлашича, Дробишево ва Лиман ҳудудларида мудофаани ушлаб турган 20-армиянинг БАРС-13 бўлинмалари ва 752-мотоўқчилар полки «ўта оғир» вазиятга тушиб қолган. ISW экспертларига кўра, Украина қўшинлари Лиманни озод қилишга қодир. 

Мавзуга оид