Спорт | 08:17 / 01.10.2022
9482
1 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларус 2023 йилги ҳоккей бўйича ЖЧга қўйилмайди

Россия ва Беларус Халқаро ҳоккей федерацияси шафелигидаги мусобақаларда иштирок эта олмайди, дейилади ташкилот хабарида. Турнирга Санкт-Петербург ўрнига Рига ва Тампере мезбонлик қилади.

Фото: Getty Images

30 сентябр, жума куни чоп этилган Халқаро ҳоккей федерацияси (IIHF) хабарига кўра, 2023 йилда бўлиб ўтадиган хоккей бўйича жаҳон чемпионати Россия ва Беларус иштирокисиз ўтказилади.

«IIHF кенгашининг 2022 йил 28 февралдаги қарорига мувофиқ, Россия ва Беларус кейинги огоҳлантиришгача IIHF шафелигида ўтказиладиган мусобақаларда қатнаша олмайди», — дейилади ҳужжатда.

Ушбу мамлакатларни халқаро мусобақалардан четлаштириш тўғрисидаги қарор бекор қилингандан сўнг амалга оширилиши керак бўлган IIHF мусобақаларида Россия ва Беларус терма жамоаларининг келажакда рўйхатга олиш шартларини тушунтириб, ташкилот Украинадаги уруш ривожини кузатишда давом этишини таъкидлади. 

Ҳоккей бўйича 2023 йилги жаҳон чемпионатига Латвия пойтахти Рига ва Финландиянинг Тампере шаҳри биргаликда мезбонлик қилади. Дастлаб чемпионат Санкт-Петербургда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ Украинада уруш бошланганидан кейин Россия жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

Мавзуга оид