Ўзбекистон | 10:31 / 03.10.2022
7549
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шароитида маймунжон навлари синаб кўриляпти

Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик ва узумчилик илмий-тадқиқот институтида маймунжоннинг 3 та: «Техас», «Честер» ва «Частер Торнлесс» навлари қимматли хўжалик-биологик хусусиятлари устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. 

Фото: Agro.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, бу борада «Май Агро» фермер хўжалиги билан ҳамкорликда ишланмоқда. «Май Агро» фермер хўжалиги 2019 йилда ташкил топган бўлиб, 1 гектар ер майдонида маймунжон ўсимлиги «Честер» навини ўстирмоқда. Ушбу нав 3×1,20 см схемасида экилган бўлиб, томчилатиб суғориш тизими ёрдамида суғорилади. 

Институт «Мевали экинлар селекцияси ва нав ўрганиш» бўлими илмий ходимлари фермер хўжалигига бориб, доим ўз маслаҳатларини бериб бораётгани айтилади. Тупроқ таҳлилларини ўтказиш ҳамда мевалар кимёвий таркибини ўрганишда амалий ёрдам беришяпти.

Маймунжон – малина авлодидан бўлган ўсимликдир. Ўзбекистонда дарё бўйларида, суғориш шохобчалари ёқаларида жуда кўп ўсади. Маданий ҳолда камдан-кам учрайди. Маймунжон меваси таркибида ҳар хил витаминлар мужассам, масалан: каротиноид, фолий кислотаси (витамин B9), C витамини, K витамини ҳамда оз миқдорда E витамини мавжуд. Маймунжон мевасида минераллардан калий, мис, кальций, магний ва цинк бор.

Маймунжон илдиз бачки чиқармайди, ер бағирлаб ўсадиган новдалари эса бўғимларидан ёки учларидан илдиз отади ва янги тупчалар ҳосил қилади. Маймунжон йирик мевали серҳосил навлари И.Мичурин томонидан ихтиро қилинган. Бу навлар баъзи ҳаваскорлар барпо этган боғларда ўсади.

Мавзуга оид