Ўзбекистон | 08:27 / 05.10.2022
3441
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк ҳуқуқига оид шикоятларни кўриб чиқиш тартиби эълон қилинди

Фото: Shutterstock

“Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низом жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш тартибини белгилайди. Низом талаблари ер қаърига нисбатан татбиқ этилмайди.

Манфаатдор шахс кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган ҳолатлар юзасидан, рўйхатдан ўтказувчи ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан манфаатдор шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини бузган деб ҳисобласа, рўйхатдан ўтказувчи ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан комиссияга шикоят қилиши мумкин.

Манфаатдор шахс комиссия қароридан норози бўлган тақдирда апелляция комиссиясига шикоят қилиши мумкин. Комиссия томонидан манфаатдор шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш бепул амалга оширилади. Манфаатдор шахс комиссия ва апелляция комиссияси қарорларидан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилишга ҳақли. Судлар томонидан кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ низолар комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.

Қуйидагилар комиссия асосий вазифалари ҳисобланади:

  • жисмоний ва юридик шахслар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги аризалари ва шикоятларини низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.

Қуйидагилар апелляция комиссияси асосий вазифалари ҳисобланади:

  • комиссия қароридан норози бўлган манфаатдор шахс ёки рўйхатдан ўтказувчи томонидан берилган шикоятларни ушбу низом ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ кўриб чиқиш;
  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриш.

Комиссия ва апелляция комиссияси ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда:

  • тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бирхиллигини таъминлаш;
  • мурожаат этувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.

Мавзуга оид