Ўзбекистон | 15:10 / 08.10.2022
12632
10 дақиқада ўқилади

Вақф – ривожланиш учун иқтисодий куч. Ўзбекистон ундан қандай фойдаланяпти? 

Ислом ижтимоий молияси институтларидан бири бўлган вақфнинг жамият барқарорлигини таъминлашда, бойликларни адолатли тақсимлашда муҳим ўрни бор. Аммо унинг қонунчилик асослари яратилмаса, бошқарув самарасиз бўлса – ривожланмайди.  

Ислом ижтимоий молияси институтларидан бири бўлган вақфнинг жамият барқарорлигини таъминлашда, бойликларни адолатли тақсимлашда муҳим ўрни бор. Аммо унинг қонунчилик асослари яратилмаса, бошқарув самарасиз бўлса – ривожланмайди.

Вақф асрлар давомида Ислом оламида ўзининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти билан аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ёрдамга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш ҳамда зарурий инфратузилмаларни яратишда муҳим ўрин эгаллаб келган. Вақф инсонлар ўртасида бойликларни адолатли тақсимлайдиган, жамғарма ва инвестицияларнинг ўзаро ҳамкорликдаги уйғунлашган ҳаракатини инсон манфаати учун сафарбар қиладиган адолатли механизмидир.

Вақф – ижтимоий молия тизими 

Шариатда вақф бу – ўз бойлигининг бир қисмини нақд пул ёки нақд бўлмаган (мулкий восита кабилар) ҳолатда Аллоҳ йўлида ихтиёрий, доимийликка, қайтариб бўлмайдиган қилиб бағишлашдир. Яна таъкидланадики, у вақф бўлгандан кейин ҳеч қачон ҳадя қилинмайди, мерос қилиб олинмайди, сотилмайди ва вақфнинг асоси бузилмаган ҳолда қолади. У Аллоҳники, ундан келадиган манфаатлар (фойдалар) инсонларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини яхшилаш учун сафарбар қилинади. Мулкини Аллоҳ йўлида вақф (садақаи жория) қилган инсон бу дунё ва охиратда унинг савобидан, яхшилигидан барҳаманд бўлиб туради.

Иқтисодий нуқтаи назардан вақф – вақф мулкларидан аҳоли эҳтиёжи учун фойдаланиш ва уни энг самарали, фойдали ҳалол инвестицияларга йўналтирган ҳолда олинадиган даромадларни аҳоли фаровонлигини таъминлашга ишлатишдан иборат. Вақф – жамиятни ўсиш ва фаровонликка олиб борадиган иқтисодий кучга эга бўлган ижтимоий молия тизими ҳисобланади

“Endowment” – вақфдан нусха олинган таълим фонди

“Endowment” деб номланадиган Ғарбнинг фондлари вақфдан андоза олган бўлиб, ушбу фондлар таълимни қўллаб-қувватлаш ва дунё бўйлаб иқтидорларни жалб қилиш бўйича ишлашади ва миллиардлаб маблағга эга.

АҚШдаги баъзи университетларнинг “Endowment” (вақф) фондлари томонидан молиялаштирилиши ҳажми қуйидагича:

  • Harvard University (MA) – 53,200,000,000 доллар;
  • Yale University (CT) – 42,300,000,000 доллар;
  • Stanford University (CA) – 37,800,000,000 доллар;
  • Princeton University (NJ) – 37,000,000,000 доллар;
  • Massachusetts Institute of Technology – 27,400,000,000 доллар;
  • University of Pennsylvania – 20,500,000,000 доллар.

Ҳозирги кунда вақфнинг иқтидорли, шу билан бирга ёрдамга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича эришилаётган ютуқларни Буюк-Британия, Малайзия, Индонезия, Туркия ва бошқа давлатларда кўриш мумкин. Бу вақфлар асосан таълимга хайрихоҳ шахслар ва хусусий сектор вакиллари томонидан шакллантирилган.

Талабага кредит бериш – келажагини хавф остига қўйиш

Ҳар хил имтиёзли ва имтиёзсиз таълим кредитларини бериш орқали ёрдамга муҳтож талабаларнинг келажагини молиявий хавф остига қўйиш мумкин. Шунинг учун, вақф каби хайрия фондларини ривожлантириш, вақф мулкчилигини жорий этиш орқали янада самарали, барқарор натижаларга эришса бўлади.  

Дунё мамлакатлари вақфдан қандай фойдаланяпти? 

Вақф нафақат таълим, балки жамиятдаги бошқа эҳтиёжларни таъминлаш орқали давлат бюджети харажатларини қисқартиришда муҳим ўрин тутади. Масалан, Туркиядаги “Сабанжи” корпоратив вақфи 120 га яқин институтлар, 80 яқин кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари, мактаблар, талабалар турар жойи, соғлиқни сақлаш масканлари, маданий марказлар, кутубхоналар, спорт мажмуалари ва бошқа кўплаб ижтимоий тузилмаларни барпо қилган. Ҳар йили 1300 нафардан ортиқ талабага таълим грантлари беради.

Ҳиндистондаги оилавий “Hamdard” (Hamdard National Foundation) вақф фонди мамлакатдаги энг йирик соғлиқни сақлаш марказларига эга. Шу билан бирга “Робия” қизлар мактаби, “Hamdard” хусусий ва “Hamdard” умумтаълим мактабларини очган. Шу билан бирга, ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашади.

Малайзиядаги “Ан-Нур” корпоратив вақф фонди томонидан 35 та масжид, йирик савдо марказлари, бир нечта “Ан-Нур” клиникалари қурилган, ушбу клиникаларда камбағал аҳоли вакиллари номинал 5 ринггит (тахминан 1 доллардан ортиқ) эвазига савияли докторлар ва ҳамширалар томонидан кўрсатиладиган муолажаларни(дорилар билан бирга) олади. Кўпчилик камбағаллар вақф фонди маблағлари ҳисобидан даволанади. Ушбу клиникада 2009 йилда 500 мингдан ошиқ мижоз даволанган, шундан 28 мингтаси бошқа дин вакиллари ҳисобланади.

Вақфнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрни борасида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Йиллар давомида йўқотилган вақф мулкчилиги

Вақф мулкчилиги чор ҳукуматининг босқинига қадар мавжуд учта хонликда муҳим ижтимоий-иқтисодий ўрин тутган: масжидлар обод қилинган, илм талабида бўлганлар қўллаб-қувватланган, ёрдамга муҳтож аҳолига кўмак берилган, ҳовузлар ва кўприклар барпо қилинган. Вақф учун ерлар, карвонсаройлар, дўконлар, ҳаммомлар, тегирмонлар, жувозхоналар ва бошқа фойда келтирувчи кўчмас мулклар, нақд пул ва китоблар бойлар, амалдорлар ва оддий инсонлар томонидан берилган.

Аммо секин-аста, йиллар давомида вақф мулкчилиги йўқолиб борган ва охир оқибат батамом йўқ бўлган.

“Вақф” бор, лекин унинг ҳуқуқий асоси йўқ

Вақфнинг мавжуд имкониятлардан ва унинг ижтимоий-иқтисодий самарасидан жамият фаровонлиги учун фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Президентнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан “Вақф” фонди ташкил этилди. Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, унга тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш ҳамда масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш белгилаб берилди.

Фонд тасарруфида 189 та зиёратгоҳ бўлиб, уларни қайта таъмирлаш, ободонлаштириш, зиёратчиларга шароитлар яратиш ҳамда бошқа ҳаражатлар учун 2018 йилда 1,5 млрд сўм, 2019 йилнинг январь-май ойларида 6,5 млрд сўм сарфланган.

Албатта, бу амалга оширилаётган ишларнинг барчаси таҳсинга сазавор, чунки йиллар давомида бу нарсаларга жиддий эътибор берилмади. Аммо шу ўринда бир нечта савол туғилади: “Вақф” фонди буларни ниманинг ҳисобидан молиялаштиради? Масжидлардан тушган ҳайрия маблағлари ҳисобигами? Бу маблағлар яна ўша масжид ва мадрасаларнинг ёки бошқа зиёратгоҳларнинг эҳтиёжлари учун сарфланадими? Маблағлар етарли бўлмаганда бюджетдан маблағ ажратиладими?

Бу каби молиявий эҳтиёжларни таъминлаш учун вақфнинг айнан ўз имкониятларидан тўла-тўкис фойдаланиши муҳим. Бунинг учун эса республикада вақф қонунчилигини жорий қилиш орқали унинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарур.

Қонунчиликда акс этиш зарурияти

Бугунги кунда “Вақф” хайрия фонди жамотчилик ташкилоти бўлгани учун унинг фаолияти “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги” ҳамда “Жамоат фондлари тўғрисидаги” қонунлар билан тартибга солинмоқда.

Халқаро тажрибада эса вақфни шакллантириш, тартибга солиш ва уни бошқариш махсус вақф мулкчилиги қонунчилиги билан тартибга солинади. Чунки қонунчиликда вақф мулкининг (кўчар ва кўчмас мулклар) шаклланиши, уларни жисмоний ва юридик шахслардан қабул қилиш, тасарруф этиш, уни ҳимоя қилиш тартиблари мукаммал кўрсатилган ҳолда қонунчиликда мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистонда нафақат вақф мулкчилиги бўйича қонун ишлаб чиқиш, балки аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга ошириш ҳам зарур. Вақфнинг ривожланиши ўз навбатида келгусида очилиши кутилаётган исломий банк дарчаларининг ҳалол молиявий ресурслар билан таъминланишида ҳам муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2020 йилда “Ўзбекистонда вақфларни ривожлантириш тўғрисида”ги техник кўмак учун грант келишуви имзоланган бўлишига қарамасдан, бу борада бирор иш амалга оширилаётгани ёки мазкур вазифани бажариш учун маъсул вазирлик ва идоралар белгилангани ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд эмас.

Мамлакатни ривожлантириш фақат бюджет маблағлари эвазига эмас, балки кўнгилли ажратмаларга асосланган ички потенциални ишга тушириш, уни ривожлантириш орқали бўлади. Ижтимоий-иқтисодий харажатларни фақат бюджет маблағлари орқали – ортиқча ташвишларсиз ҳал қилиш доим ҳам мамлакат истиқболи учун фойдали эмас.

Вақф каби исломий ижтимоий молия тизимининг ривожланиши бюджет харажатларини камайтириш билан бирга аҳолига солинадиган солиқларнинг босқичма-босқич камайиши учун ҳам омил ҳисобланади.

Вақф мулкчилигининг қонуний асослари яратилиши ва кенг тарғиботи ҳимматли, саҳий инсонларимизнинг ўз бойликлари ва маблағларини икки дунё саодати учун яхшилик йўлида сафарбар қилишлари учун замин яратади. Ажаб эмаски, бугунги кунда илм талабида бўлган талабаларимиз учун муаммоли бўлиб турган турар жой бинолари вақфлар эвазига ўз ечимини топса.

Искандар Турсунов,

INCEIF Ислом молияси халқаротаълим университети магистранти, Ислом молияси мутахассиси.

Мавзуга оид