Жамият | 09:00 / 09.10.2022
32017
6 дақиқада ўқилади

Репортаж: Тошкентдаги янги талабалар шаҳарчасида ҳаёт қандай?

Kun.uz Янгиҳаёт туманида жойлашган, ётоқхонага айлантирилган “Tashkent Index” савдо мажмуасида талабалар қандай яшаётгани билан қизиқди. Маълум бўлишича, мажмуада яшаш учун муайян шароитлар яратилган, шу билан бирга талабаларни қийнаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Сентябрда талабалар учун ётоқхона муаммоси ўртага чиққач, шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан Янгиҳаёт туманидаги “Tashkent Index” савдо мажмуаси ётоқхонага айлантирилган эди. У ерда қандай шароитлар бўлиши ҳақида Kun.uz дастлабки репортажида маълумот берган эди. Орадан қарийб бир ой ўтмоқда, хўш, ҳозирда иккинчи талабалар шаҳарчасига айланган жойда ҳаёт қандай? Kun.uz'нинг навбатдаги репортажи шу ҳақда.

Тошкентда деярли барча ОТМ 5 кунлик таълим тизимига ўтган. Демак, талабаларнинг аксарияти шанба куни катта эҳтимол билан ётоқхонада бўлиши керак. Шу умид билан Янгиҳаёт туманига талабалар билан суҳбатлашгани бордик. Аммо кўплаб талабалар ишлагани ёки ўзининг бошқа юмуши билан ётоқхонадан чиқиб кетган екан.

“Tashkent Index” савдо мажмуаси турли блокларга бўлинган ва шунга қараб, қизлар ва йигитлар A, B, C, D, E блокларга жойлаштириб чиқилган. Ундаги ҳар бир хонада 5-7 киши яшаши учун шароитлар қилинган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, 10 кун ичида 3,5 минг нафар талаба учун жой тайёрланган. 20 сентябр ҳолатига кўра, у ерга 1 681 нафар талаба жойлаштирилган.

“Тошкент турин политехника университетининг Металлургия йўналишида ўқийман. Бизда биринчи курслар учун 12 сентябрдан ўқиш бошлангани учун ётоқхонага шу куни келиб жойлашдим. Шароитлари яхши, биз фақат ўқиб, дарсимизни қилсак бўлди. Масалан, бу хоналарни, бошқа жойларни тозалаб юрмаймиз. Ўзлари келиб, тозалаб кетаверишади. Хоналаримизда кондиционер ўрнатилган. Кроватларимиз бор, унга чойшаб, ёстиқ ҳам беришган. Ошхонамизда ҳам ҳамма шароитлар яратилган. Музлаткич, газ плиталар, микротўлқинли печлар беришган.

Ўзимнинг уйим Тошкент вилояти Бекобод туманида жойлашгани учун “душ” ва кирхонасига бориб ўтирмайман.

Транспортга келсак, ётоқхонадан олийгоҳимизгача 1 соатлик йўл. Метронинг 5-бекатигача автобусда 10 дақиқада етиб оламиз, бошида бир ҳафта автобусларнинг ҳаммаси бепул бўлди, кейинчалик бу ўзгарди. Баъзи автобуслар стандарт нарх, 1 400 сўмга олиб бориб қўйишяпти. Баъзилари эса пул сўрамайди. Қолган 50 дақиқа метро ва ўқишга боришгача кетади. Кунига автобус ва метро, бориб қайтишимни ҳисобласам, 6 минг сўм сарфлайман”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган талаба қиз.

Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет талабаси Гавҳар Расулованинг айтишича, шароитлар умуман олганда яхши, аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас.

“Шу вақтгача университетимизнинг ётоқхонасида яшаганман, узоқда биринчи марта туришим. Келганимизга кўп бўлмади, лекин чироқ икки марта ўчди. Биринчи мартасига эрталаб кетиб, шу билан эртаси куни келди. Ўша куни роса қийналдик, дарс ҳам қилолмадик. Баъзи хонадошларимиз қариндошиникига кетди, баъзилари кўчага чиқиб, телефонини зарядлаб келди. Иккинчи мартасига ярим кунча светсиз ўтиришга тўғри келди.

Иссиқ сув эса жуда кўп ўчади. Ҳожатхоналаримизда умуман иссиқ сув йўқ, душда эса бир келади, бир кетади. Бунинг устига ҳаво совуқ, қиш келяпти. Сув иситиш қозонини ёқишга ҳаракат қиламиз, ёқолмаймиз. Шунақа қилиб, иссиқ сув ололмаймиз. Лекин ошхона ва кирхонамизда иссиқ сув бор”, – дейди у.

Тошкент давлат юридик университетининг 4-курс талабаси билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, йўлларнинг узоқлиги ва шароитларидан нолиб, кўчиб кетаётганлар ҳам бор.

“Тўғрисини айтсам, шароитлари унча яхши эмас, “квартира”га чиқсаммикан деяпман. Чунки ҳар икки-уч кунда сув ҳам, свет ҳам ўчиб қолади. Нима сабабдан ўчишини эса билмаймиз.

Кир ювиш хонаси, ошхоналарнинг ораси ҳам жуда узоқ, у ердан бунисига боргунча ҳам анча вақт кетиб қолади. Иссиқ душдан чиқиб, хонага боришни эса гапирмаса ҳам бўлади. Ҳали шамолламадим, лекин бориб-келишга совуқлик қиляпти”, – дейди у.

Ювиниш жойидан то хонагача қанча вақт кетишини билиш учун секундомерни ёқиб, энг яқин А блокдаги хонагача бориб кўрдик. Тезроқ юрганда ҳам 2 дақиқа-ю, 58 секундда етиб бориш мумкин экан. Ундан узоқроқ B, C, D блоклардаги хоналарга боришга эса қанча вақт кетишини тахмин қилсак бўлади.

Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетда математика йўналиши кечки таълим шаклида ўқувчи яна бир талабанинг айтишича, ўқишга кетишда автобуслар бўлади, аммо ётоқхонага келишда йўқ.

“Кечки таълим шаклида ўқиганим учун дарсим 18:00да бошланиб, 20:50да тугайди. Шунинг учун 1 соат олдин, 17:00да йўлга чиқаман, бу вақтда автобус бўлади. Аммо қайтишимизда соат 22:00ларга яқин автобусни тополмаймиз. Кейин мажбур такси тўхтатиб, 5 минг сўмларга етиб келамиз”, – дейди Шоҳиста Тўхтаева.

Қайтишда биз ҳам 143-сонли автобусга ўтириб, метронинг 5-бекатига бордик. Автобус ҳайдовчисининг айтишича, улар кечки вақт 18:00-19:00гача ишламоқда. Талабалар ҳам бепул эмас, доимгидек 1 400 сўм билан етказиб қўйилмоқда (мажмуадан метрогача бепул автобус қўйилиши айтилган эди).

Марказнинг анча шаҳар чеккасида экани, чироқ ва иссиқ сувнинг ўчиб қолиши ва автобуслар графигини ҳисобга олмаганда, қолган шароитлар яхши. Бу камчиликлар тезроқ бартараф этилиши, энг муҳими ётоқхона муаммосига бир марталик эмас, тизимли ечимлар топилишига умид қилиб қоламиз.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид