Жаҳон | 08:12 / 19.10.2022
5400
3 дақиқада ўқилади

Ейскда Су-34 қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди

Яна бир жабрланувчи шифохонада вафот этди. 15 нафар ҳалок бўлганлар орасида 3 нафар бола ҳам бор.

Фото: РГ

18 октябр, сешанба куни Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли турар жой биносига Су-34 қирувчи-бомбардимончи самолётининг қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 15 кишига етди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига вилоят губернатори ўринбосари Анна Минкова маълум қилди. Унинг айтишича, 51 ёшли жабрланувчи танасининг 80 фоизи куйган ҳолда касалхонада вафот этган. Бир неча соат олдин ёниб кетган самолёт двигатели остидан 14-қурбоннинг жасади топилган эди.

Су-34 ҳалокати натижасида жами 28 киши жабрланди: 25 киши, жумладан, икки ҳомиладор аёл ва олти бола касалхонада, уч киши амбулатор даволанмоқда. Касалхонага ётқизилганлардан 22 нафарининг аҳволи ўртача оғир, уч нафарининг аҳволи оғир. Қурбонлар орасида уч нафар бола ҳам бор, деб хабар берди аввалроқ Россия соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов. Жабрланганларнинг уч нафари баландликдан қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Анна Минкованинг таъкидлашича, бу одамлар уйнинг юқори қаватларидан сакраб, афтидан ёнғиндан қочишга ҳаракат қилишган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги версиясига кўра, ёнғин самолёт «уйга урилганидан» ва «қулаб тушганидан» кейин бошланган. «Ҳеч қандай портлаш содир бўлмаган, уйга зарар етган, ҳаммаси аниқ. Лекин ёнғинга ёнилғининг тўкилиши сабаб бўлган, одамлар жабрланган», — деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков. Айни пайтда, ҳалокат ҳақидаги дастлабки хабарларда қирувчи самолёт тўлиқ ўқ-дорилар билан учаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Воқеа гувоҳлари томонидан эълон қилинган видеоёзувларда портлашлар аниқ эшитилган.

Ҳалокат кечаси содир бўлган. Су-34 қирувчи самолёти Ейск яқинидаги ҳарбий аэродромдан ҳавога кўтарилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўқув парвози учун мўлжалланган кўтарилиш чоғида самолёт двигатели ёниб кетган. Бу ҳақда катапульта воситасида ирғиб чиқиб парашют билан ўзини пастга ташлаган учувчилардан бири айтди.

Натижада Су-34 турар жой биносига қулади, уй ёниб кетди. Тўққизинчи қаватдан бешинчи қаватгача бўлган шифтлар қулаган. Ёнғин бутун кириш йўлагини қамраб олган, 45 тага яқин хонадон зарар кўрган. Парвоз ёки уларга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузиш (Россия Жиноят кодексининг 351-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Мавзуга оид