Ўзбекистон | 13:51 / 25.10.2022
18651
4 дақиқада ўқилади

Ғафур Ғулом боғининг номи ўзгараётгани бўйича изоҳ берилди

Чилонзор туманидаги истироҳат боғига инглизча ном берилиши мумкин. Бу ҳақдаги хабар ижтимоий тармоқларда танқидий қарши олингач, Kun.uz боғ маъмурияти билан боғланди. Маълум бўлишича, боғ эндиликда Ғафур Ғулом номидаги Dream Park ёки “Орзулар боғи” деб аталади.

Чилонзор тумани ҳокимлиги тақдим этган видеодан кадр

Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғида таъмирлаш ишлари тугатилиб, тест режимида фаолияти синаб кўрилмоқда. Чилонзор туман ҳокимлигининг маълум қилишича, боғ тез кунда Dream Park номи билан қайта очилади.

Боғнинг халқ ўрганиб қолган номи ўзгараётгани, боз устига янги ном инглизча экани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Боғ дарвозасидан “Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи” деган ёзув олиб қўйилган.

“Юз мингдан ортиқ ўзбекча сўз ичидан шу боғга муносиб ном топилмабди. Ўзбекча ном қўйса ярашмайди ё замонавий кўринмайди деб ўйлашгандир, балки. Инглизчалаб Dream Park деса модерн тўкинг бўлади-да, а? Ҳеч қурса, “Орзулар боғи” де, “Орзу боғи” де. Йўқ, албатта, ажнабий от қўйилиши керак. Ўзи ҳаммаёқ шунақа хорижий номларга тўлиб кетяпти. Ҳеч бўлмаса, оммавий масканларга ўзбекча от қўйинглар, барака топкурлар”, – дея ёзди Telegram'даги Ориф Толиб канали муаллифи.

Тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги боғ ўзбекча номланишини ёқлашган. Улардан бири боғни Ғафур Ғулом асарларининг энг машҳур қаҳрамонларидан бирининг шарафига “Шум бола” деб аташни таклиф қилган.

Kun.uz боғ номининг янгиланиши масаласига аниқлик киритиш учун боғ маъмуриятига мурожаат қилди. Боғ директори ўринбосари Зафар Мирзаулуғовнинг айтишича, “боғ номи ўзгармайди” ва Ғафур Ғулом номи сақланиб қолади. Фақат ёнига Dream Park сўзи қўшилади.

“Орзулар боғи” деган сўз қўшилиб, Ғафур Ғулом номидаги Dream Park ёки “Орзулар боғи” деб аталади. Ном масаласида бизда жуда кўп вариант бор эди. Масалан, Ғафур Ғулом ёнига “Шум бола” сўзини ҳам қўшмоқчи бўлдик. Раҳбарият Dream Park номини танлади”, – деди боғ директори ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, бир неча йил олдин Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғига (собиқ Тельман боғи) Central Park, Миллий боғнинг бир қисмида ташкил этилган истироҳат масканига эса Magic City деган номлар берилганди.

Чилонзор туманининг асосий боғи бўлмиш Ғафур Ғулом парки таъмирлаш ишлари учун 2019 йил март ойида ёпилган эди. Натижада охирги уч йилдаги ёз мавсумларида шаҳар аҳолиси боғдан фойдалана олмади.

Парк “BMP Smart Decision Private Limited” хориж компаниясига (эгаси ўзбекистонлик) 49 йилга ижарага берилган. Компания боғни тўлиқ реконструкция қилди. Кеча, 24 октябр куни Чилонзор тумани ҳокимлиги реконструкция якунланганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, таъмирлаш ишлари давомида боғдаги дарахтлар “тўлиқ сақлаб қолинган”; пиёдалар йўлакларига жой бўшатиш учун аттракционлар камайтирилган; боғ барча раста, кафе ва кабоб тайёрлайдиган жойлардан тозаланган.

Шунингдек, гидротизимлар тўлиқ ўзгартирилган; 2та кўл ҳам таъмирланиб, атрофида пляж зоналари ва табиат қуршовида дам олиш учун жойлар яратилган. Кўлларнинг бирида қайиқ ва катамаранлар сақлаб қолиниб, иккинчи кўл эса ўрдаклар учун ажратилган.

Мавзуга оид