Ўзбекистон | 15:54 / 28.10.2022
6291
2 дақиқада ўқилади

Электрнинг асосий қисми ИЭСларда ишлаб чиқарилмоқда 

2022 йилнинг 9 ойида 41 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу режадагидан 3,1 фоиз кўпроқ. Иссиқлик электр станциялари 80 фоиз электрни ишлаб чиқармоқда.

Фото: KUN.UZ

Иссиқлик электр станциялари АЖ 9 ойда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми, инвестиция дастурларининг бажарилиши ва маҳсулит таннархига оид статистикани эълон қилди.

Компания матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи иссиқлик электр станцияларига тўғри келмоқда.

2022 йилнинг 9 ойи давомида ИЭСлар томонидан жами 39,9 млрд кВт соат электр энергияси ўрнига 41 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, режа кўрсаткичи 3,1 фоизга бажарилган. 

Шунингдек, иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши  3,5 млн гигаколория ўрнига 3,7 млн гигаколорияни ташкил этиб, режа кўрсаткичи 4,3 фоизга бажарилди. Ўтган давр мобайнида жами маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 13,2 трлн сўмни ташкил этиб режа кўрсаткичи 4,8 фоизни ташкил қилди.

Инвестиция дастурига асосан 5та йирик лойиҳалар доирасида 57,9 млн АҚШ доллари ўзлаштирилиб, режа 12,6 фоизни ташкил қилди.

Маҳаллийлаштириш лойиҳалари доирасида 23,8 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди – режа 28,6 фоизга бажарилди.

Импорт ҳажми ўтган даврда 13,3 млн АҚШ долларига қисқартирилиб, режани бажариш кўрсаткичи 9,8 фоизни ташкил этди.

Маҳсулот таннархи 796,4 млрд сўмга пасайтирилди.

“Жамият корхоналари томонидан мавсум давомида 31,7 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган”, – деди Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов

Аввалроқ, Сирдарё ИЭСда қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бошлангани маълум қилинганди. Мазкур станция ишга туширилгач, йилига 3 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ҳамда 900 минг кубометр табиий газ тежалиши айтилмоқда.

Мавзуга оид