Жаҳон | 15:55 / 10.11.2022
11953
2 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар ташкилотига янги бош котиб тайинланди

Туркий давлатлар ташкилотида бош котиб ўзгарди.

Фото: Akipress

Сўнгги уч йилда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби вазифасини бажариб келган Боғдод Култаевич Амреевнинг ваколат муддати тугади.

Ушбу лавозимга Кубаничбек Қосимович Омуралиев тайинланди. Кубаничбек Омуралиев 1960 йил 15 сентябрда Иссиқкўл вилояти Тон туманида туғилган. У қирғизистонлик дипломат бўлиб, Қирғизистон фавқулодда ва мухтор элчиси ҳисобланади. Кубаничбек Омуралиев 2021 йил июлидан Қирғизистоннинг Исроилдаги элчиси сифатида ишлаб келаётганди.

Ташкилот бош котиблиги муддати — уч йил. 

Маълумот учун, 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.

Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган. 

Якунда Самарқанд декларацияси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бошқа муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.

Мавзуга оид