Жаҳон | 13:20 / 12.11.2022
9329
3 дақиқада ўқилади

Демократлар Аризона штатидан Сенатдаги ўрнини сақлаб қолди

Собиқ астронавт, демократ Марк Келли Аризона штатидан Сенатдаги ўрнини сақлаб қолди, унинг партиядоши Адриан Фонтес штат давлат котиби лавозимини эгаллади.

Фото: Getty Images

Аризонадаги оралиқ сайловларда демократ Адриан Фонтес республикачи рақиби Марк Финчамни мағлуб этиб, штат давлат котиби лавозимини эгаллади. 12 ноябрь, шанба куни AP агентлигининг эслатишича, Финчам 2021 йилнинг 6 январида Капитолийга бостириб киришдан олдин бўлиб ўтган митингда қатнашган ва кейинчалик АҚШ президенти этиб сайланган Жо Байденга қарши чиққан.

Бундан ташқари, республикачи штат қонунчилигидаги жиддий ўзгаришлар тарафдори бўлган ва АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп томонидан қўллаб-қувватланган. Августдаги праймеризда ғалаба қозонган Марк Финчам штатдаги сайловларда қонун устуворлигини тиклашни хоҳлаётганини айтиб: «Ҳозир бизда қонунбузарлик бор», деди.

Адриан Фонтес собиқ денгиз пиёда аскари ва маҳаллий прокурор бўлиб, сайловолди ташвиқотини овоз бериш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваъдаларига қаратган.

Шу билан бирга, АҚШ Конгрессига ўтказилган оралиқ сайловларда демократлар Сенатдаги ўз ўрнини Аризона штатидан ҳимоя қилди. Собиқ астронавт Марк Келли республикачи рақиби Блейк Мастерсни мағлуб этди, дея хабар беради CNN ва CBS. Демак, АҚШ президенти Жо Байден вакили бўлган Демократик партияга Сенатдаги кўпчилик ўринни сақлаб қолиш учун фақат битта жой етмаяпти.

АҚШда оралиқ сайловлар 8 ноябрь куни бўлиб ўтди. Уларда Вакиллар палатасининг бутун таркиби (435 ўрин) ва Сенатнинг учдан бир қисми (юзтадан 35 ўрин) қайта сайланди. Бундан ташқари, 36 штатда янги губернаторлар сайланяпти.

Штат давлат котиби Бред Раффенспергернинг айтишича, Жоржияда 6 декабрга белгиланган иккинчи раунд бўлиб ўтади. Бундан ташқари, Невада штати учун натижалар муҳимдир. У ерда демократ Катрин Кортез Масто ва республикачи Адам Лаксалт ўртасидаги фарқ бор-йўғи 800 овозни ташкил этади, натижалар яқин соатларда аниқланиши мумкин. Сенатдаги ўринлар тенг тақсимланган тақдирда, вице-президент, демократ Камала Харриснинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида республикачилар, таҳлилчиларга кўра, 220 дан ортиқ овозга эга бўлади. Оддий кўпчилик учун 218 овоз етарли. Умуман олганда, президент Жо Байденнинг Демократик партияси таҳлилчилар тахмин қилганидан яхшироқ натижа кўрсатди.

Мавзуга оид