Жаҳон | 21:58 / 16.11.2022
42116
20 дақиқада ўқилади

Икки «Бук», йигирма гувоҳ: МН17 иши бўйича суддан асосий жиҳатлар

Донбасс узра «Боинг-777» қулаганидан 8 йил ўтиб, ниҳоят Нидерландия суди 17 ноябр куни ҳукмни ўқийди. Бу ишни кўриб чиқиш учун кетган икки ярим йил ичида судда ҳужжатлар синчиклаб ўрганилди, фитна назариялари парчаланди, муқобил сценарийлар тадқиқ этилди, ушланган телефон суҳбатлари эшитилди ва воқеа гувоҳларига ҳам сўз берилди.

Фото: Kun.uz

2014 йилнинг 17 июлида Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган MH17 рейсида ҳалок бўлганларнинг учдан икки қисми Нидерландия фуқаролари эди, айнан шу сабабли Нидерландия прокурори суриштирув ишлари олиб борган Халқаро тергов гуруҳини бошқарди.

Гарчи суд Москва томонидан тақдим этилган далилларнинг барчасини диққат билан ўрганиб чиққан бўлса-да, Россия ушбу ишни сиёсийлаштирилган, нохолис ва биртомонлама деб аташда давом этмоқда.

Ҳукм ўқилиши арафасида BBC ушбу суд жараёнининг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳикоя қилди.

Демак, MH17 самолёти уриб туширилишида қуйидаги шахслар айбдор деб саналмоқда:

  • Игор Гиркин (Стрелков) — Россия фуқароси, ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР»нинг собиқ мудофаа вазири, ФХХнинг истеъфодаги зобити;
  • Сергей Дубинский — Россия фуқароси, Россия армияси бош разведка бошқармасининг истеъфодаги катта зобити;
  • Олег Пулатов — Россия фуқароси, Россия армияси ҳаво-десант қўшинларининг захирадаги подполковниги;
  • Леонид Харченко — Украина фуқароси, «ДХР» бош разведка бошқармаси разведка бўлинмаси қўмондони.

Нидерландия прокуратураси уларнинг ҳар бирига умрбод қамоқ жазоси сўрган, бироқ айбланаётганларнинг ҳеч бири «Боинг» самолётига ракета учиришда шахсан қатнашмаганини ҳам таъкидлаган.

«ДХР» бир неча бор «Бук» сўраган. Россия камида иккита қурилма жўнатган

Самолётнинг уриб туширилишига алоқадор шахслар устидан суднинг дастлабки кунларида айирмачилар назорат қилаётган ҳудудга Россиядан камида иккита «Бук» зенит-ракета комплекслари йўл олгани аниқланган.

Нидерландия прокуратураси биринчи «Бук»нинг жўнатилиши учун БРБ зобити Олег Иванников масъул бўлганига амин. Лекин унинг колоннаси «ДХР»гача етиб бормаган — йўлда бузилиб қолган. Буни телефон сўзлашувларини хуфиёна эшитиб, шунингдек, терговчиларга келиб тушган фото- ва видеоматериаллар асосида аниқлашган.

Иккинчи «Бук»нинг жўнатилишига Россия бош штаби БРБ истеъфодаги зобити Сергей Дубинский жавобгар бўлган, деб аниқлаган прокуратура. Бу «Бук» Донецккача борган, шундан сўнг Снижне (Снежное) шаҳрига қайтган. Бу кўплаб фото ва видеолар билан ўз тасдиғини топган. Таркибида «Бук» кетаётган колоннанинг сунъий йўлдошдан туширилган тасвири ҳам бор. Унда «Бук» ЗРК Снижне яқинидаги ракета учирилган ҳудудга қараб бормоқда.

Фото: GOOGLE via JIT

MH17 иши бўйича тергов кўплаб тутиб олинган телефон суҳбатларини эшитиб кўрган, уларга кўра «ДХР» ҳарбий бўлинмалари қўмондонлари бир неча бор Россия мулозимлари ва генералларидан Украина авиацияга қарши туриш учун «Бук» ЗРК етказиб беришни сўрашган.

Судда эшиттирилган шундай ёзувлардан бирида ўша вақтда «ДХР» деб аталувчи ҳудуднинг мудофаа вазири бўлган Игор Стрелков (Гиркин) овози билан сўзлаган инсон танкларга қарши артиллерия ва «нормал ПВО (ҲҲМ) тизими» сўраган. Стрелков «буларнинг барчаси мутахассислар билан, тайёр ҳолда» етказилиши кераклигини қўшимча қилган.

«Боинг-777» уриб туширилишидан бир сутка аввал БРБ зобити Сергей Дубинский овози билан сўзлаган инсон: «Агар мен эрталабгача «Бук»ни олишга улгурсам, бу яхши бўлади, акс ҳолда...», деган. Фронтдаги оғир ҳолат ҳақида хизматдошига сўзлаб берар экан, у яна қўшимча қилган: «Ортиқ ҳеч нарса қўлимиздан келмайди, ҳамма умид «Бук»дан».

«Бук» ҳаракатланган «ДХР» назорати остидаги йўналиш айирмачилар гуруҳининг собиқ иштирокчилари бўлган гувоҳларнинг кўрсатмаларига биноан, шунингдек, ЗРК ёнида бўлган бир гуруҳ инсонларнинг Украина хавфсизлик хизмати томонидан ушланиб, ёзиб олинган сўзлашувлари ҳамда уяли телефонлари биллинги бўйича тикланган.

Телефон ёзувлари — бош ахборот манбайи

Бу судда далил базасининг катта қисми УХХ томонидан ушланиб ёзиб олинган ва судга тақдим этилган телефон мулоқотларидир.

Айбланаётганларнинг уч нафари — Стрелков, Дубинский ва Пулатов аудиоёзувларнинг катта қисмида уларнинг овози эканини инкор этишмаган. Леонид Харченконинг позицияси номаълум, у бирор марта суд жараёнига шарҳ бермаган.

Тўғри, Сергей Дубинский ёзувларнинг бир қисми турли вақтлардаги сўзлашувлардан бирлаштириб монтаж қилинганини таъкидлаган. Пулатов эса сўзлашувни эшитиб турганларини билгани учун атайлаб ёлғон гапириб турганини айтган.

Бу таъкидларни тасдиқлаш ёки рад этиш учун Нидерландия прокуратураси ёзувларни фоноскопик экспертизадан ўтказган ва монтаж изларини топмаган. Шундан сўнг прокурорлар айбдорларнинг ушланган ва уларга маълум барча ўзаро ва бошқа ҳарбийлар билан сўзлашувларини таққослаб чиқишган. Уларда рақиб томони чалғитиш учун ёлғон ва ҳақиқатни аралаштиришда ишлатиладиган бирорта мантиқий номутаносиблик топилмаган.

Боз устига, айбланувчилар «рақибни чалғитиш учун тўқиб чиқардик», дейилаётган воқеалар чиндан ҳам рўй бергани 2014 йилнинг 16–18 июлида воқеа жойида гувоҳлар томонидан туширилган фото- ва видеоматериаллар билан ўз тасдиғини топган.

Айбланувчиларга тегишли уяли телефонларнинг геопозициялари ҳам кўп нарсани ҳикоя қилмоқда. Харченконинг мобил телефони биллингини ўрганиб чиқиб, тергов унинг аппарати Зугрэс, Шахтарск ва Снижнедаги минораларга уланганини аниқлаган, бу эса «Бук» мавжуд ҳарбий колоннанинг тахмин қилинаётган йўналишига тўлиқ мос.

«Боинг-777» ҳалокатга учрагач орадан ярим соат ўтмай Харченко овози билан гапирган инсон Дубинский овозига эга инсонга ҳисобот берган:

— Биз жойдамиз, яна битта «Сушка» («Су» қирувчи учоғи назарда тутилмоқда) уриб туширдик.

— Баракалла, ай, баракалла! Яна битта «Сушка» уриб туширишибди, баракалла! — деб жавоб берган ҳамсуҳбат.

«Боинг»га қарата ракета учирилган чоғда Харченконинг телефони ўчирилган бўлган. Бироқ воқеагача ва ундан кейинги ушлашлар ва геопозиция Харченко ракета учирилган жойда бўлгани ҳақида ҳикоя қилмоқда.

Пулатовнинг телефони геопозицияси у ҳам таркибида «Бук» бўлган колоннани кузатиб борганидан далолат беради. Боз устига, суднинг қайд этишича, ўз кўрсатмаларида Пулатов (у суд билан ҳамкорлик қилган ягона айбланувчи) терговнинг асосий сценарийси («Бук»дан «ДХР» назорати остидаги Снижне шаҳарчасидан ракета учирилгани)ни шубҳа остига олмаган, фақат ўзининг бу ишга алоқадор эмаслигини таъкидламоқда.

«Боинг-777» қулаганидан кўп ўтмасдан айбланувчилар уриб туширилган самолётни Украина қирувчи учоғи деб ўйлаб, буни муваффақият ўлароқ қабул қилиб қувонганча фаол равишда бир бири билан қўнғироқ алмашишган.

«Мен ҳозир Мариновкадаман. Самолёт уриб туширдик, «Сушка». Худди Саур-Могила устида. Биз «Бук-М» олдик-ку, мана», — деган Дубинский овози билан гапирган одам.

Бошқа версиялар текширилди, лекин тасдиқланмади

Самолёт қулаган жойга келиб, «ДХРчилар» уриб туширилган борт ҳарбий эмас, фуқаролик учоғи эканини кўришган. Шундан сўнг «ДХР» ҳарбий бўлинмалари зобитлари ўзаро суҳбатда MH17 Украина ҳарбий самолёти томонидан уриб туширилгани ҳақидаги версияни муҳокама қила бошлашади. Россиядан жўнатилган «Бук» эса фуқаролик лайнерини эмас, айнан ўша штурмчи самолётни уриб туширган, деб тақдим этишади.

Бироқ фожиа рўй берган кунда ҳам, ундан кейин ўтган саккиз йил давомида ҳам Россия ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» жаҳонга «Боинг-777»га ўт очган ва уриб туширилган» Украина ҳарбий самолёти бўлакларини кўрсата олишмади.

MH17 самолёти бўлаклари. Фото: BBC

Украина эса, аксинча, Нидерландияга ўзи ҳарбий самолётларининг 2014 йил 17 июл кунги парвозлари ҳақидаги барча маълумотларни тақдим этди. Бу парвозларнинг барчаси Украина жанубий-шарқий қисмидаги жанговар ҳаракатлардан узоқда амалга оширилган.

Шунга қарамасдан, халқаро суриштирув гуруҳи MH17 қулашига доир ушбу муқобил версияни ҳам ўрганишни таклиф этди. Самолёт бўлакларини ўрганиш ва таҳлил қилишда мутахассислар авиация тўпи ёки «Бук» ракетасидан бошқа ракеталар изини топа олишмаган.

Экспертлар экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг жасадларини ёриб ўрганганда, зиён етказувчи элементлар фақат «Бук» ракетасига хослигини кўришган (масалан, капалак шаклидаги металл парчалари).

Шундан сўнг суриштирувчилар Россия давлат нашрларида кўп тилга олинган, «Боинг-777» ҳалокатидан сўнг сирли равишда йўқолган днепрлик авиадиспетчер Анна Петренко, сирли, лекин ҳамма нарсадан бохабар испан диспетчери «Карлос», украиналик ҳарбий учувчи Владислав Волошинни топишган.

Учувчи Волошин 2015 йилдаёқ терговга 2014 йилнинг 17 июл куни парвоз қилмаганини маълум қилган (Бу Украина ҲҲКнинг Нидерландияга тақдим этган ҳужжатлари билан ҳам тасдиқланган). Терговга Волошиннинг қўмондони ҳам жон деб кўрсатма берган. Диспетчер Петренко эса ўз радарида ҳеч қандай ҳарбий самолёт кўрмаганини таъкидлаган. Ўзини «диспетчер Карлос» деб атаган инсон эса ҳеч қачон диспетчер бўлмаганини тан олган. Аниқланишича, у аввал фирибгарлик учун судланган ва ҳозир Руминияда истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашган тергов органи, бу инсонлар MH17 қулашига дахлдор эмас, деган хулосага келган.

Суриштирув гуруҳининг фикрича, Донбасс осмонида парвоз қилаётган «Боинг-777»ни уриб туширган ракета парчаси. Фото: EPA

Тергов шунингдек «ДХР» ҳарбийларига оид ўнлаб соат телефон ёзувларини ўрганиб чиққан — уларда MH17 ҳалокатга учрашидан аввал Украина ҳарбий самолётлари ҳақида бирор нарса қайд этилмаган. MH17’ни ўз радарида кўриб, уни Россия ҳаво ҳудудига олиб кириш учун масъул бўлган россиялик диспетчер ҳам Малайзия «Боинг»и ёнида бошқа самолётлар бўлганини тилга олмаган.

Суриштирувчилар Украина осмонида MH17 яқинидан учиб ўтган бошқа бир фуқаролик самолёти экипажини ҳам сўроққа тутган. Пилотлар ва борт кузатувчилари шу куни осмонда бошқа самолёт кўришмаганини айтишган. МН17 пилотлари суҳбати ёзувида ҳам осмонда бошқа самолётлар борлиги тилга олинмаган.

2014 йилнинг 21 июлида Россия мудофаа вазирлиги «Россиянинг ҳаводаги вазиятни назорат қилиш воситалари ёрдамида Украина ҲҲКларига тегишли, тахминан Су-25 самолёти Малайзия «Боинг-777» йўналишида баландликка эришгани қайд этилгани» ҳақида баёнот берди. Нидерландия прокуратураси бу ҳарбий радарлар маълумотларини Москвадан бир неча бор сўраган. Бироқ Россия мудофаа вазирлигидан ҳануз жавоб бўлмаган.

Ушбу омилларнинг жамланмаси судга «Боинг-777» MH17 ҳарбий самолёт ҳужуми натижасида уриб туширилган, деган версиядан воз кечиш имкониятини яратди. Самолёт ердан туриб учирилган ракета билан уриб туширилган.

Украина «Бук»лари Донецк областида, базада қолган

Тергов «Боинг-777» Украинага тегишли «Бук»дан уриб туширилган, деган версияни ҳам текшириб кўрди. Россия мудофаа вазирлиги ва Олег Пулатовнинг ҳимоячилари айнан мана шу версияда ҳамон собит турибди.

Олег Пулатовнинг шу ва бошқа бир неча фотосуратлари у тугатган Киев умумқўшин олий ўқув юрти сайтида эълон қилинган. Терговчилар Малайзия «Боинг»ига қарата ракета учирилаётган чоғда айнан шу инсон «Бук» олдида бўлган, деб ҳисобламоқда. Фото: kvoku.ru

Россия ҳарбийлари 2014 йилнинг июлида сунъий йўлдошдан туширилган бир неча фотосуратни эълон қилинди. Унда «Боинг» ҳалокатга учраган кунда Украинага тегишли «Бук» Донецк областидаги ҳарбий базани кутилмаганда тарк этган.

Нидерландия 2014 йилнинг октябрида Москвадан бу фотосуратларнинг оригиналини жўнатишни сўраган. Россия мудофаа вазирлиги орадан олти йил ўтгач сўровга жавоб бериб, фотосуратларнинг оригинали сақланиб қолмаганини таъкидлаган.

Бироқ Украина базасининг 2014 июл ойидаги фотосуратларини Европа космик агентлиги тақдим этган. 17 июлдаги фотосуратдан кўринадики, Украинага тегишли «Бук» базани тарк этмаган. EKA’нинг сурати Россия МВ сурати билан солиштирилганда, жузъий фарқлар топилган.

Google суратларида ҳам, EKA суратларида ҳам Украина ҚК базаси ёнида шудгор қилинган дала кўриниб турибди. Россия тақдим этган сурат нусхасида дала ҳайдалмаган. Россия томонидан эълон қилинган файлнинг мета маълумотлари таҳлил қилинганда тасвир таҳрирлангани маълум бўлди. Тергов Россия томони тақдим этган суратни сунъий йўлдошдан туширилган бошқа суратлар билан солиштириб, Москва 2014 йил июн ойида туширилган суратни кейинроқ олинган сурат сифатида тақдим этган, деган хулосага келган.

Биринчи фото ЕКА томонидан тақдим этилган сунъий йўлдошдан туширилган фотосурат, иккинчиси Россия эълон қилган сурат. Фото: JIT

Шу ҳолатда ҳам, Нидерландия прокуратураси фожиа юз берган кунда «Бук» ракетасининг нейтрал бўлакда ёки Украина қуролли кучлари назорати остида бўлган ҳудудлардан учириш сценарийсини ҳам ўрганиб чиққан.

Россия мулозимлари, Кремлга тобе нашрлар ва «Алмаз-Антей» концерни («Бук»ни шулар ишлаб чиқаради) мутахассислари самолётга қарата фақат Амросийивка яқинидаги даладан, Енакиеве, Снижнедан шимолроқдаги фабрикадан, Зарошченскедаги қишлоқ яқинидан ўқ узиш мумкинлигини таъкидлашган. Бу вариантларнинг барчаси асоссиз бўлиб чиқди. Ё учириш жойи ракетанинг имконли траекториясига мос келмасди, ё маҳаллий аҳоли ҳамда «ДХР» ҳарбийларидан иборат гувоҳлар бу нуқталардан зарба бериш имкониятини рад этишди.

Масалан, нидерландиялик ва белгиялик экспертларнинг «Алмаз-Антей» концерни маълумотлари билан қўшиб қилинган ҳисоб-китоблари, шунингдек, «Бук» ракетаси характеристикаси ҳамда «Боинг»га етказилган шикастлар Зарошченскедан ракета учириш имконсиз бўлганини кўрсатган. Зарошченскедан ракета учирилганига гувоҳлар ҳам топилмаган. Зарошченске қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашган россиялик журналистлар улар ракета овозини эшитмаганини, ушбу ҳудуд Украина эмас, «ДХР» назорати остида бўлганини ҳақида хабар қилишган.

MH17 рейси билан учган самолёт парчалари. Фото: Reuters

2018 йилда Россия мудофаа вазирлиги MH17 уриб туширилган ракета СССР чоғида ишлаб чиқарилгани ва бугунги Украина ҳудудига 1986 йилда берилганини таъкидлади. Россия томонидан тақдим этилган маълумотлар синчиклаб ўрганилганида Россия таъкидлаётган ракетанинг ишлаб чиқариш рақами Малайзия «Боинги» қулаган жойда топилган ракета рақами билан мос келмаётганини кўришган. Ҳужжатнинг ўзи эса бир қатор тузатишлар ва қачон киритилгани номаълум ёзувларга тўла.

Бу далилларни ўрганиб чиқиб, суд МН17 рейси Украина қуролли кучларига тегишли «Бук» билан уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версияни рад этди.

Ракета учирилганига гувоҳлар

Судда 2014 йилнинг 17 июлида осмонда ракета учирилишидан қолган изни кўрган 20 нафар гувоҳнинг кўрсатмаси тақдим этилди. Улардан 8 нафари ракетанинг осмонда парвозини бевосита кўрган, яна тўртови гумбурлаган овоз эшитиб, осмонда ёрқин из кўришган.

Гувоҳларнинг тасвирлашича, бу из ЗРК ракетаси қолдирадиган изга ўхшаш бўлган — у парвоздан кейин яна бир неча дақиқа сақланиб туради. «Бук» снарядлари отилиши ҳам қаттиқ зарба овози билан бирга содир бўлади, чунки ракета товуш тезлигидан каттароқ тезликка эришади. Ҳужжатларга ва ўтказилган синовларга кўра, бу товуш 5 километр масофада 20 сония ичида эшитилиб туради.

«Боинг» қулаган жойда тергов гуруҳи ишлаётган чоғда самолёт бўлакларини ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР»нинг қуролланган тарафдорлари қўриқлаб турган. Фото: Getty Images

Ракета учирилган тахминий жой ҳақида сўралганда, гувоҳлар Снижне аҳоли пунктидан чапроқни кўрсатишган (2014 йилнинг июлида ҳам, ҳозир ҳам бу ҳудуд ўзини «ДХР» деб атовчи кучлар назорати остида).

Айримлар янада аниқроқ локацияни кўрсатишган — Саур-Могилага яқин бўлган нуқта ёки Першотравневое (Первомайское) қишлоғи.

Суд X48 деб белгиланган гувоҳнинг кўрсатмаларига алоҳида эътибор қаратган. Гувоҳнинг маълум қилишича, 17 июл куни, «Боинг» уриб туширилишидан бироз аввал (маҳаллий вақт билан соат 16:20ларда) у «ДХР» кучлари назоратидаги Першотравневое қишлоғидаги блокпостда бўлган. У яшил ракеталарга эга ҳарбий машина ўтиб кетаётганини кўрган. У дала томон йўл олиб, дарахт ортига беркинган.

Шундан сўнг гувоҳ гумбурлаш овозини эшитган, сўнгра ҳуштак овозига ўхшаш қаттиқ товуш янграган ва Торез шаҳарчаси томон чўзилган оқ изни кўрган (радарлар ва «қора қути»лар маълумотига кўра «Боинг» MH17 айнан шу йўналишда бўлган). Зум ўтмай осмонда портлаш рўй берган ва гувоҳ булутлар орасидан самолёт бўлаклари ерга қулаётганини кўрган.

Бу муҳим гувоҳнинг фамилияси судда эълон қилинмаган, чунки у ўз хавфсизлигидан хавотирда, бироқ у ўз гувоҳлигини унинг шахсиятига аниқлик киритган уч нафар судя қаршисида берган.

Нидерландиядаги суд. Фото: Reuters

Бу кўрсатмаларнинг ишончли эканини текшириш учун суриштирувчи судья ушбу гувоҳ телефонининг биллинги маълумотларини ўрганган. Аниқланишича, 17 июл куни у ўзи айтган нуқтада бўлган.

«Боинг»га ракеталар Снижне ва Першотравневоедан узоқда бўлмаган даладан туриб учирилгани ҳақидаги маълумотларни АҚШ 2014 йилдаёқ эълон қилган эди. Улар ўзларининг ҳарбий сунъий йўлдоши ракета учирилишини қайд этганини таъкидлашган. Суд бир неча бор Вашингтондан фотосуратни эълон қилишни сўраган, бироқ америкаликлар Пентагон ихтиёридаги сунъий йўлдошларнинг техник имкониятлари ошкор бўлишини важ қилиб, сўровни рад этган.

Алалоқибат, АҚШ ҳарбийлари фотосуратни Нидерландиянинг терроризм бўйича бош прокурорининг ўзига кўрсатишган, судга эса мавжуд маълумотлар матн кўринишида туширилган расмий меморандум тақдим этилган.

Суратни ўз кўзлари билан кўрган прокурор меморандумдаги ахборот у танишган манбадаги маълумотларга мос эканини тасдиқлаган.

Натижада, суд терговнинг «Боинг» фақат Снижне яқинида турган «Бук»дан уриб туширилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версиясини қабул қилган. Бу ҳудуд ўша пайтда (ҳозир ҳам) «ДХР» кучлари назоратида бўлган.

Прокуратура Россия номунтазам ҳарбий бўлинмаларни қўллаб ва уларга қурол-яроғ билан ёрдам бериб «Украина шарқида урушнинг бошланиши ва давом этишида асосий ролни ўйнагани»ни алоҳида қайд этган.

Мавзуга оид