Мундиал бошланмоқда, Қатар кўчалари мухлисларга тўлди
Бугун Қатарда жаҳон чемпионати баҳслари бошланади. Бир неча кун аввал мамлакатда мухлислар кўзга ташланадиган даражада кўп эмасди, аммо охирги икки кунда уларнинг сони кескин кўпайди.
Афтидан яшаш нархи арзон бўлмаган Қатарга кўплаб мухлис ва журналистлар ўйин куни етиб келишга қарор қилган. Уч йил аввал айнан жаҳон чемпионати учун қурилган Қатар метросида йўловчи кўпайганидан одамларни маълум муддат кўчада ушлаб туришга мажбур бўлишмоқда. Акс ҳолда бекатларда одам кўпайиб кетиб, тиқилинч юзага келиши мумкин. Оломонни эса ер остидан кўра ер устида жиловлаш осонроқ.
Корниш деб аталувчи соҳил бўйи ва ЖЧ ҳамкори бўлмиш Hublot соати ўрнатилган майдонда одам жуда кўп. Бу майдонлар олдидан метро яқинида айнан одамлар оқимини тўғри тақсимлаш бўйича махсус гуруҳ ишламоқда. Улар орасида европалик мутахассислар ҳам бор.
Қатарга жаҳон чемпионати вақтида киришга имкон берувчи Hayya Card (электрон виза) соҳибларига метродан фойдаланиш бепул. Яшил, қизил ва олтин деб номланган учта йўналишда ҳаракатланувчи поездлар шаҳарнинг барча марказий жойларига олиб боради. Табиийки, стадионларга метро билан осонгина етиб бориш мумкин. Метро бормайдиган ареналарга эса автобусда борса бўлади ва улар ҳам электрон визаси бор, медиа аккредитацияга эга меҳмонлар учун бепул.
Қатардаги ҳиндистонлик мухлислар ҳақида ҳикоямизни бу гал ҳам давом эттирамиз. Соҳилда Лионел Мессининг ҳиндистонлик персонал мухлислари барчанинг эътиборини тортиб, унинг исмини айтиб қўшиқ айтишаётганига гувоҳ бўлдик. Юқоридаги видеода уларни ҳам кўришингиз мумкин.
Ўткир Жалолхонов, Қатар.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
18:02 / 19.12.2024
Қатарда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ҳайдовчининг автомобили йўқ қилинди
16:14 / 17.12.2024
Мирзиёев Қатар амири билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
19:01 / 19.11.2024