Кличко: Киевликлар энг оғир қишга тайёргарлик кўришлари керак
Киев мэри Виталий Кличко Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида электр энергиясининг кенг миқёсдаги узилишлари туфайли келаётган мавсум «Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон қиш» бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Киев аҳолиси паст ҳароратларда кенг кузатилаётган электр ўчирилишининг «энг ёмон сценарийси»га тайёрланиши керак, деди Украина пойтахти мэри Виталий Кличко Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида. У 23 ноябрь, чоршанба куни чоп этилди.
Унинг сўзларига кўра, Киев «Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон қишга» дуч келиши мумкин. Агар ишлар энг ёмон сценарий бўйича кетса, расмийлар буни истамаса ҳам «шаҳарнинг бир қисмини эвакуация қилиш керак бўлиши мумкин», дейди Кличко. У Владимир Путинни Киев аҳолисини фуқаролик инфратузилмасига зарбалар бериш орқали қочишга мажбурлашда айблади.
«Путин одамларни даҳшатга солмоқчи, уларни электрсиз совуқда қотириб қўймоқчи» ва шу тариқа Украина президенти Володимир Зеленскийга босим ўтказмоқчи, деб ҳисоблайди Виталий Кличко.
«Менинг таассуротим шундаки, одамлар фақат янада ғазабланиб, қатъиятлироқ бўлишяпти. Биз Путин хоҳлаганидек қочиб кетмаймиз», деди Киев мэри. У Германияни зудлик билан инсонпарварлик ёрдами - генераторлар, иссиқ кийим ва бошқа зарур нарсаларни юборишга чақирди.
Украина бўйлаб 4000 га яқин «Енгилмас нуқталар» аллақачон жойлаштирилган, бу Россиянинг ўққа тутилиши натижасида электр таъминотидаги узилишлар шароитида одамларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги лойиҳадир, деди Украина президенти Володимир Зеленский кечаги анъанавий видеомурожаатида. Унинг сўзларига кўра, бундан ҳам кўпроғини яратиш режалаштирилган, ушбу пунктлар «барча асосий хизматлар» – электр энергияси, уяли алоқа ва интернет, иситиш, сув, тез тиббий ёрдам қутиларини таклиф этиб, бепул ва кеча-ю кундуз ишлайди. «Ишончим комилки, биз бир-биримизга ёрдам бериб, бу қишни биргаликда енгамиз», — деди Зеленский.
Аввалроқ, 21 ноябрь куни Украинанинг электр ва газ етказиб берувчи YASNO ширкати раҳбари Сергей Коваленко Украинада доимий электр таъминотидаги узилишлар катта эҳтимол билан март ойининг охиригача давом этишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар Россия зарбаларидан зарар кўрган электр тармоқларини янада қаттиқроқ совуқ об-ҳаво бошланишидан олдин тиклашни якунлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдалар, аммо агар зарбалар давом этса, «нафақат соатлик ўчиришлардан фойдаланиш керак, балки фавқулодда вазиятларда ёруғлик жуда узоқ вақт давомида бўлмаслиги ҳам мумкин».
Ўз навбатида, «Укрэнерго» МЭК бошқаруви раҳбари Владимир Кудрицкий Россиянинг Украинани ўққа тутиши оқибатида деярли барча йирик гидроэлектростанциялар ва иссиқлик электр станциялари зарар кўрганини айтди. Украина энергетика тизимига етказилган зарар 70 миллиард гривнадан (тахминан 1,9 миллиард евро) кўпроққа баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
08:08
Киев РФнинг музлатилган активларидан миллиард доллар олди
10:30 / 24.12.2024
Германия Киевга кенг қамровли янги қуроллар пакетини тақдим этади
14:32 / 20.12.2024
Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи
07:52 / 19.12.2024