Кредит сиртмоғи ва бошқа сабаблар: Ўзбекистонда орган савдоси оммалашяпти
Инсон аъзолари савдоси деган тушунча яқин-яқингача бизга бегона эди. Kun.uz суриштирувлари бугунги кунда юртдошларимиз орасида ҳам бу нарса анчагина оммалашиб қолганини кўрсатмоқда. Турли сабабларга кўра қарзга ботгани ортидан тана аъзосини сотмоқчи бўлаётган одамлар буни ўзлари тушиб қолган мураккаб вазиятдан чиқишнинг ягона йўли деб билишади.
Интернетдаги турли платформаларда буйраги ёки жигарини сотмоқчи бўлган ўзбекистонликларнинг эълонларини учратиш мумкин. Биргина Тelegram мессенжерида органини сотиш истагида одамлар жамланган ўнлаб гуруҳлар бор. Биз ана шундай инсонларнинг айримлари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Уларнинг илтимосларига кўра, исм-фамилиялари сир сақланмоқда.
Операция хорижда бўларкан...
Мамлакатимизда инсон органини кўчириб ўтказиш бизнес турига айланиб қолмаслиги учун ҳам қонунчилигимизда бир қатор чекловлар ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланган, бундай ҳаракатни содир этганлар, шунингдек, инсонни донорликка мажбурлаганлар жавобгарликка тортилади.
Шу сабабли ҳам суҳбатдошларимизга алоқага чиққан харидорлар жарроҳлик амалиёти бошқа давлатда ўтказилиши, у ерга бориш харажатларини тўлиқ кўтаришларини маълум қилишган. Бироқ бу жараёнда алданиб қолиш эҳтимоли юқори.
— 1,2 млн сўм ойлик оламан. Оиламизнинг кам-кўстини бутлаш, рўзғорга ёрдам бўлсин деб бу ишни бошлагандим. Қарз бериб турган қўшним менга пулни фоизга берганини айтмаганди. Соддалигимиздан фойдаландими, билмайман, жуда қийин ҳолатга тушириб қўйди. Фоизлар “туғиб” қарзимиз кўпайиб кетди. Уни қайтариш учун бир неча марта кредит олдик. На қарздан қутулдик, на кредитлардан. Бугунги кунда жами қарзимиз 100 миллион сўмдан ошиқроқ.
Эрим бу вазиятга тушиб қолганимизда мени айблайди. Аламини ичкиликдан олади. Орада ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Шу сабабли органимни сотишга қарор қилдим. Хатомни тўғрилаш, оиламни сақлаб қолиш учун.
— Абитуриентлигимда бу ҳолга дуч келдим. Мардикор бозорида. Кўнглинг жиз этади-ю, ишончсизлик ортга тортади. Чунки Ҳиндистонга ўзимиз билан бирон кишини олиб боришга рухсат беришмас экан. Барча харажатларни тўлаш билан бирга, операциядан 6 ой ўтгач ҳам ўз уйида парваришлар экан. Рости, қўрқаркан одам.
— Куёвимизнинг номига кредит олганмиз. Вақтида тўлай олмаганимиз учун синглимнинг оиласи билан ҳам кўп можароларга бориб қолдик. Кейин эълон беришга мажбур бўлдим. 4 ой ичида 20 дан ортиқ таклиф бўлди. Айримлар Тожикистонга олиб бормоқчи бўлишди. Ўзим боришга қўрқдим. Тошкентда эса қилишмас экан...
— Ёшим 25 да. Бир нафар фарзандим бор. Қарзларимдан қутулиш учун бир буйрагимни беришга тайёрман. Ундан кейинги жараёнлар ҳақида ўйлаётганим йўқ. У ёғига Аллоҳ қанча умр берган бўлса, шуни яшашга тайёрман.
— Донор билан пулини келишгач, воситачилар сизни Тожикистонга олиб кетишаркан ва у ерда яширинча операция қилиб, буйрагингизнинг биттасини ёки жигарингизнинг бир қисмини олишаркан. Уларга операцияга ўз хоҳишингиз билан рози бўлганингиз ҳақида тилхат берасиз, бошқа ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди, дейишди.
Туркияда ҳам бу амалиётга рухсат йўқ экан. Фақат қариндошларга мумкин экан. Шунинг учун сизни қариндош кўрсатиб, ҳужжат қилишар экан ва сизнинг қариндошларингиз номидан операцияга розилик берганлик тўғрисидаги тилхат ҳам сохталаштирилар экан. Менга ҳам шу маъқул келиб турибди. Оила аъзоларимга айтганим йўқ. Фақатгина бир ўртоғим хабардор. Унга ҳам операциядан олдин пулни олиши учун айтганман. Бу ёғи таваккал энди...
Орган сотиб бойиб кетиш – иллюзия
Интернет оламида орган савдоси ортидан мўмай даромадга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида иллюзия шакллантирилган. Қидирув тизимлари орқали турли тилларда мавзуга оид маълумот қидириб кўрилса, инсон аъзолари учун жарақ-жарақ пуллар ваъда қилинган юзлаб инфографикалар, кўргазмали материаллар чиқиб келади.
Уларда қайд этилишича, қорабозорларда ўпка 150 мингдан 300 минг долларгача, юрак 130 минг доллардан 290 минг долларгача, жигар 100 минг доллардан 150 минг долларгача, буйрак 50 минг доллардан 120 минг долларгача нархланади. Хўш, аслида ҳам шундайми? Афсуски, йўқ.
Турли давлатларда бу нархлар турлича, айтиш жоизки, органини сотганларга тўланадиган пуллар жуда оз бўлиб, асосий фойда ўртадаги даллолларга насиб этади.
Бироқ мураккаб вазиятга тушиб қолиб, ундан чиқиш илинжида органини сотишга қарор қилганлар аксар ҳолларда буни билишмайди. Натижада улар ё алдов қурбони бўлиб, операциядан кейин янада қийин синовларга рўбарў келишади, ёки хорижда ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишади.
Хорижда битта аъзосини сотишга келишиб, операция столига ётган беморлардан бир эмас, бир нечта аъзоси олиб қўйилган ҳолатлар ҳам бор.
Бир неча ой давом этган кузатишларимиз Ўзбекистонда буйрак донорлиги учун ўртача 5-7 минг, жигар донорлиги учун эса 4-8 минг доллар таклиф этилаётганини кўрсатди. Лекин шунда ҳам харидордан кўра аъзосини сотмоқчи бўлаётганлар анчагина кўп.
Дунёнинг аксар давлатларида орган савдоси одам савдосига тенглаштирилган ва унга қарши кураш олиб борилишига қарамай, жаҳон миқёсида трансплантацияга жуда катта эҳтиёж борлиги, навбатларнинг катталиги, беморлар ўзларига керак бўлган органни йиллаб кутишга мажбурлиги ортидан инсон органи олиб-сотиладиган қорабозорлар ҳамон гуллаб-яшнамоқда. Узоқ вақт кута олмайдиган беморлар кўп ҳолатларда қонунларни четлаб ўтиб муаммосига ечимни қорабозорлардан излайди.
Шу ўринда интервьюга рози бўлган юртдошларимиз ҳали органини сотиб улгурмагани, уларни бу йўлдан қайтариш имкони борлиги, ҳаммамиз бирлашиб ёрдам қўлини чўзсак, уларни бу чоҳдан қутқариб қолиш мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Савобталаб инсонлар биз билан боғланса, уларга суҳбатдошларимиз ҳақидаги зарур маълумотларни тақдим этамиз.
Сўзимиз сўнгида турли сабабларга кўра муаммолар гирдобида қолган, органини сотиб, бу қийинчиликлардан қутулишни хомхаёл қилаётганларга бу йўлнинг охири вой эканини яна бир марта эслатиб ўтамиз.
Кўрсатувни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов
Мавзуга оид
15:36 / 12.12.2024
Кредит олиш васвасаси. Аҳолининг қарз юки шиддат билан ошмоқда
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
10:38 / 13.10.2024