Жаҳон | 11:01 / 29.11.2022
11345
6 дақиқада ўқилади

Республикачилар Украинага қурол юбориш устидан назоратни кучайтирмоқчи

Аммо Байден маъмурияти ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига қуролсиз инспекторларни жўнатишга қарши.

Фото: Hannibal Hanschke / EPA / Scanpix / LETA

Яқинда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда АҚШ Конгрессида бироз устунликка эришган республикачилар Украинага қурол етказиб бериш устидан назоратни кучайтирмоқчи.

The Washington Post хабарига кўра, президент Жо Байден маъмурияти бўлажак текширувларга ҳозирданоқ тайёргарлик кўришни бошлади, Давлат департаменти ва Пентагон Украинага жўнатилган қарийб 20 миллиард долларлик қурол-яроғ тақдирини қандай текширмоқчи эканини маълум қилди.

Умуман олганда, Вашингтонда назоратни кучайтириш тўғри бўлиши ҳақида якдиллик бор. Бироқ, у жиддий чекловларга эга, чунки, барча қуролларнинг йўқотишларга учрамаслигини амалда тўлиқ таъминлаш қийин. Шунинг учун ҳам Байденнинг энг муросасиз республикачи танқидчилари катта эҳтимол билан норози бўлиб қолади.

Улар орасида энг баланд овоз Жоржия штатидан Вакиллар палатаси аъзоси Маржори Тейлор-Гринга тегишли бўлиб, у Оқ уйнинг Украинага яна 37 миллиард доллар миқдорида ёрдам бериш ҳақидаги сўровига жавобан, сарфланган барча маблағлар устидан ҳисоботни талаб қилмоқда. Вакиллар палатасидаги мухолифат вакили, ҳозирда Республикачилар фракцияси раиси Кевин Маккарти ҳам CNN телеканалига берган интервюсида айнан шундай руҳда гапирган.

Тўғри, Украинага юборилаётган қуроллар устидан назоратни кучайтириш чоралари Конгрессда мудофаа харажатларига рухсат берувчи йиллик қонун лойиҳаси доирасида аллақачон кўриб чиқилаётганди. Ва республикачилар таклифидан фарқли ўлароқ, бу лойиҳа иккала партия томонидан қўллаб-қувватланаётгани туфайли қабул қилиниши эҳтимоли каттароқ.

Мисол учун, Колорадо штатидан вакил ва Ироқ билан Афғонистондаги уруш фахрийси Жейсон Кроу яқинда АҚШ солиқ тўловчилари маблағи қаерга сарфланаётганини билишга лойиқ эканини айтди. Айнан унинг ташаббуси билан мудофаа тўғрисидаги қонун лойиҳасида АҚШ Мудофаа вазирлиги бош инспекторига Пентагон томонидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун сарфланган маблағларни мунтазам текшириш бўйича кўрсатмалар киритилган эди.

Шу билан бирга, Кроу бундай текширувларнинг истиқболлари чекланганини тушунади. «Ҳар бир уй, кўча ва хандақ учун шафқатсиз жанг кетмоқда. Албатта бирор нарса йўқолиб қолиш эҳтимоли бор. Ҳар бир қурол руслар қўлига тушмаслигига ишонч ҳосил қилишнинг иложи йўқ, шунинг учун бизга бу кенг миқёсда содир бўлмаётганини аниқлаш кифоя», деди у WP нашрига берган шарҳида.

Бундан ташқари, Украина манфаатдор томон сифатида аллақачон Америка қуролларидан фойдаланиш ҳақида фаол хабар бермоқда. Қуролларни майда ўғрилик орқали қора бозорда сотиш уларнинг Россия босқинини қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатларига путур етказиши мумкин. Аммо миллий ғурур бунга йўл қўймайди, деб ҳисобламоқда нашр.

Бундан ташқари, америкаликларнинг ўзи учун ҳам хавфсизлик масалалари бор. Пентагон матбуот котиби, бригада генерали Патрик Райдернинг сўзларига кўра, Украинадаги текширувни вазият қулай бўлган жой ва фронт чизиғидан узоқда ўтказиш мантиқан тўғри бўлади. Давлат департаменти эса Украинада ҳар бир қурол-яроғ жўнатилишини кузатиб бориш учун ресурсларга эга эмас. Ноябр ойи охирига келиб, АҚШ аудиторларининг шахсий иштирокида бор-йўғи иккита текширув ўтказилган – Россия босқини бошланганидан буён Украинага етказилган 22 мингдан ортиқ қурол-яроғ бўйича.

АҚШ ҳамкорларига етказиб берилган қуроллардан фойдаланиш бўйича мониторинг «Қурол экспорти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Унга кўра, президент маъмурияти ҳарбий ёрдам олувчилар уни мақсадли сарфлаши учун «оқилона кафолатлар» бериши шарт.

Кўп ҳолларда, бу қуроллар партияси манзилга етиб боргани тасдиқланишини англатади. Аммо стратегик технологиядан фойдаланадиган баъзи қуроллар махсус назорат тартиб-қоидаларига бўйсунади, жумладан, ҳар бир қуролни серия рақами бўйича кузатиш ва қандай сарфлангани ҳақида ҳисобот бериш. Бундай қуролларга, масалан, Украина қуролли кучлари томонидан қўлланаётган «Stinger», «Javelin» ва бошқа кўчма ракета тизимлари киради.

Украинадан кўпроқ ҳисобдорликни талаб қилаётган республикачилар урушдан олдин мамлакат коррупция бўйича жаҳон рейтингида нисбатан паст ўринларда бўлганини рўкач қилмоқда. Қўшма Штатлар ҳатто Исроил каби анча бенуқсон обрўга эга бўлган ҳамкорларидан ҳам ҳисобот талаб қилади. Шу билан бирга, Флорида штатининг Республикачилар партиясидан Конгрессдаги вакили Майк Уолц шахсан Украина армиясини жанговар ҳолатда сақлаш тарафдори, бироқ Байден маъмурияти америкаликларга ҳарбий бюджетдан Украинага ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида маълумот беришда фаолроқ бўлиши мумкин эди, деб ҳисоблайди.

Уолц эслатадики, Қўшма Штатлардаги уруш фахрийларининг кўплаб ташкилотлари вакиллари Пентагон ва Давлат департаменти номидан инспектор сифатида фаолият юритиши мумкин. Аммо Оқ уй Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатлар зонасига АҚШ Мудофаа вазирлигининг аудиторлари ёки бошқа вакилларини юборишга қарши.

WP манбаларининг айтишича, Украинадаги америкалик мутахассислар текширувларни қуролсиз ўтказмоқда, бу эса фронтга яқин жойларда хавфсиз эмас. Шу билан бирга, Байден маъмурияти Кремл томонидан Қўшма Штатларнинг урушга бевосита аралашуви сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан қочади.

Мавзуга оид