Жамият | 19:00 / 30.11.2022
19854
5 дақиқада ўқилади

Сурхоннинг серҳосил лимонлари!

Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Лимонзор” маҳалласида лимончиликда 30 йиллик тажрибага эга Неъматжон Рўзиев яратган 1 гектарлик лимонарияда мингдан ортиқ Тошкент навли лимонлар парвариш қилинмоқда.

Ўлкамизда иқлим шароитлари ўзгариб, совуқ кунлар яқинлашиши билан саломатлигимизни янада тиклаш ва танамизни тетиклаштирувчи маҳсулотларни ҳар доимгидан ҳам кўпроқ истеъмол қилишни бошлаймиз. Масалан, халқимиз тилида “қиш меваси” дея эътироф этиладиган лимон, деярли ҳар бир хонадонда мавсум якунига қадар энг яқин ва фойдали меҳмон бўлади. Бугун бу цитрус ўсимлигини бозор-у дўконларимиз расталарида муаммосиз харид қилиш, ундан тайёрланган джем-у, шарбатларнинг турли хилларини учратиш мумкин. Аммо, ёши катталар яхши эслашса керак, бундан бир неча йиллар аввал бу шифобахш неъматни топиш, учратса ҳам харид қилиш бир мунча мушкул эди. Асосан хориж давлатларидан импорт қилинганлиги учун нархи сезиларли даражада қимматроқ бўлган.

Давлат раҳбарининг саъй – ҳаракатлари билан сўнгги йилларда мазкур тармоқ ривожига сезиларли эътибор қаратилди. Натижада республиканинг деярли барча ҳудудларида замонавий лимончилик плантациялари ташкил этилиб, бўш ерларда гектарлаб комплекс иссиқхоналар қад ростлашни бошлади. Ўзининг жазирама иқлим шароити билан цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар селекциясига жуда қўл келувчи жанубий воҳа замини Сурхондарёда, лимон маҳсулоти маҳаллий мевага айланиб бормоқда. Вилоятнинг деярли барча туманларида катта ва кичик ҳажмдаги иссиқхоналарни учратиш мумкин.

Аслида иссиқхоналарда лимон парваришлаш сурхондарёликлар учун янгилик эмас. Лекин, кенг майдонлардаги замонавий лимонзорларда цитрус мева етиштириш ва маҳаллий бозорни шу турдаги табиий маҳсулот билан тўлдириб, ортиқчасини хорижга экспорт қилиш бу кейинги йилларда юз берган янгилик. Биласизми, нега бу гапни айнан ўтган ва сўнгги йилларни қиёслаб айтяпмиз? Чунки, субтропик иқлимга эга Сурхондарёда илгари ҳам одамлар лимон парваришлар эди. Бироқ, бу иссиқхоналар гувала лойдан қўлбола усулда қурилар, ҳосили, сифати ҳам шунга яраша бўлар эди. Эндиликда тадбиркорлар кенг майдонларда энергия тежамкор замонавий иссиқхоналар қуриб, мўл ҳосил олмоқда. Содда қилиб айтганда, хорижликлар тажрибаси асосида қад ростлаётган лимонзорлар кўпаймоқда.

Хусусан, вилоят марказидан қарийб 150 километр узоқликда жойлашган Денов туманидаги “Лимонзор” маҳалласида қад ростлаган 1 гектарлик лимонария сўзимизга яққол исботдир. Иссиқхонага кирар экансиз, ўзингизни худди цитрус эко боғида юргандек ҳис қиласиз. Бу ерда мингдан ошиқ Тошкент навли лимон кўчатлари бошидан остигача ҳосил бериб турибди. Ярим асрдан буён шу маҳаллада истиқомат қилиб, қарийб 30 йиллик лимон етиштириш тажрибасига эга бўлган Неъматжон ота Рўзиев, бу натижалар замирида лимончиликка қаратилган эътибор муҳим эканлигини таъкидлайдилар.

Шу ўринда қўшимча қилиш лозим, мазкур тармоқни ҳам ҳуқуқий, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб – қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилингандан сўнг, бу борадаги ишлар Туронбанк зиммасига топширилди. Ўз ўрнида молия муассасаси халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, кредит линия маблағларини жалб қилишни бошлади. Муҳими ушбу режа нафақат катта ҳажмдаги майдонларни балки аҳоли томорқа хўжаликларини ҳам қамраб олгандир.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, лимон нафақат мўмайгина даромад балки завқ бағишловчи, фойдали хобби ҳам бўлиши мумкин. Буни лимоннинг шифобахш фойдалари билан инсонларга даво улашишни мақсад қилган Денов тумани Ўрта қишлоқ маҳалласидаги “Surxon Med Future” клиникаси раҳбари Ҳамидулло Ҳодиев тажрибасида кўриш мумкин. Асли касби шифокор бўлган қаҳрамонимиз клиниканинг бўш 33 сотих майдонига мўъжазгина иссиқхона қуриб, лимон кўчатларини эккан.

Ҳар бир ишда илм бўлса, ҳар бир ишда аниқ белгиланган режа ва стратегиялар бўлса, унинг ривожи ва натижадорлиги албатта кутилгандек бўлади. Сўнгги йилларда лимончилик тармоғи орқали аҳолининг даромадини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, бўш ётган ерларни ҳосилдорликка олиб чиқиш каби эзгу ҳаракат мана шундай чуқур ўйланган таҳлиллар асосида олиб борилмоқда.

 Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид