Спорт | 12:55 / 08.12.2022
23450
10 дақиқада ўқилади

Мундиал рақамлари: рекордлар, антирекордлар ва фактлар

Месси Марадонани ортда қолдирди, Неймар Пеле ва Роналдога тенглашди, Бразилия Германиядан ўзиб мутлақ рекорд қайд этди. Ҳакамлар жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги 48 учрашувга жами 511 дақиқа қўшиб беришди. Бу 5 та тўлиқ ўйиндан кўпроқ дегани.

Фото: CLIVE BRUNSKILL / RICHARD HEATHCOTE / CATHERINE IVILL/GETTY

Қатарда ўтаётган ЖЧ-2022 баҳслари ўзининг қизғин палласига кирди. Ҳар ўйиндан кейин турли рекордлар қайд этилмоқда. Қуйида мусобақада жамоалар ва футболчилар томонидан янгиланган тарихий рекордлар, фактлар ва рақамлар билан танишинг.

— Лионел Месси ЖЧ-2022 нимчоракфиналида Австралия дарвозасини ишғол этиб, мундиаллардаги голлар сони борасида машҳур ватандоши Диего Марадонани ортда қолдирди. Бу аргентиналиклар етакчисининг жаҳон чемпионатларида урган 9-голи бўлди. Марадона ҳисобида 8 гол мавжуд. Бу борада Габриэль Батистута мутлақ рекордчи саналади – 10 гол.

Шунингдек, бу Месси учун унинг жаҳон чемпионатлари плей-оффида урган дастлабки голи бўлди. Аргентиналик сардор бунгача голларини фақат гуруҳ босқичида урган.

— Месси учун Австралияга урилган гол унинг профессионал фаолиятидаги юбилей – 1000-учрашувида киритилди. Лионел ҳисобида 789 гол мавжуд. У клублар даражасида 831 ўйин ўтказган – «Барселона»да 778, «ПСЖ»да – 53 ўйин. Аргентина миллий жамоаси либосини эса 169 марта кийиб майдонга тушган.

— Войцех Шченсни гуруҳ босқичида Аргентинага қарши учрашувда 9 та сейв амалга оширди. «Ювентус» посбони Қатардаги жаҳон чемпионатида бир учрашувда энг кўп сейвга эга бўлган етакчи дарвозабонга айланди.

— Мемфис Депай Нидерландия миллий жамоаси тўпурарлари рўйхатида иккинчи ўринга чиқиб олди. «Барселона» ҳужумчисининг АҚШ дарвозасига йўллаган аниқ зарбаси унинг миллий жамоада урган 43-голига айланди. Депай тўпурарлар пойгасида 42 голга эга Класс-Ян Ҳунтеларни ортда қолдирди. Пешқадам Робин ван Перси ҳисобида эса 50 гол мавжуд.

— Дани Алвес Бразилия миллий жамоаси либосида майдонга тушган энг катта ёшли футболчига айланди. Камерун билан 3-тур баҳсида иштирок этган тажрибали ҳимоячи 39 ёш, 6 ой ва 27 кунни қарши олганди. «Пентакампеонлар» либосини илк марта 2006 йилда кийган Алвес бугунги кунгача 124 учрашув ўтказиб, 8 гол ва 21 ассист муаллифи бўлган.

— Лука Модрич – турли уч ўнликдаги жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашган футбол тарихидаги биринчи футболчига айланди. 37 ёшли яримҳимоячи Хорватия шарафини 2006, 2014, 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларида, шунингдек 2008, 2012, 2016 ва 2020 йилги Европа чемпионатларида ҳимоя қилган.

— Бразилия жаҳон чемпионатларида гуруҳ босқичида қаторасига 17 учрашувда мағлубиятга учрамаган дастлабки жамоа бўлди. Беш карра жаҳон чемпионларининг ажойиб серияси Камерунга қарши баҳсда (0:1) якунига етди.

— Саудия Арабистони ЖЧ гуруҳ раундида сариқ карточкалар сони бўйича рекорд ўрнатди. Эрве Ренар шогирдлари гуруҳ турнирининг уч ўйинида жами 14 марта огоҳлантирилди: Аргентина ва Мексикага қарши ўйинларда 6 мартадан ва Полша билан баҳсда 2 марта.

— Марокаш жаҳон чемпионатлари гуруҳ босқичида Африка жамоалари орасида очколар сони бўйича рекордни қайд этди – 7 очко.

— Мануэл Нойер мундиалларда дарвозабонлар орасида ўйинлар сони бўйича мутлақ рекордчига айланди. Германиялик голкипер жаҳон чемпионатларида 19-учрашувини ўтказди ва бу борада бразилиялик Клаудио Таффарел (18) ва ҳамюрти Зепп Майерни (18) ортда қолдирди. Англиялик Питер Шилтон, испаниялик Икер Касиляс, италиялик Дино Дзофф ва франциялик Фабиен Бартез ҳисобида 17 тадан ўйин бор.

— Ҳакамлар жаҳон чемпионати гуруҳ раундидаги 48 учрашувга жами 511 дақиқа қўшиб беришди. Бу 5 та тўлиқ ўйиндан кўпроқ дегани! Жамоалар 1-турда қўшимча 178 дақиқа ва 2-турда ортиқча 166 дақиқа ўйнаб берган бўлишса, 3-турда бу рақам 167 дақиқани ташкил этди.

— Маркус Рэшфорд 1966 йилда Бобби Чарлтондан сўнг «Манчестер Юнайтед»нинг жаҳон чемпионатида 3 гол урган дастлабки футболчисига айланди.

— Ҳарри Кейн 2002 йилда Дэвид Бекҳэмдан сўнг жаҳон чемпионатида 3 ассистни амалга оширган дастлабки инглиз футболчиси бўлди.

— Англия жаҳон чемпионати финал босқичида 100 ва ундан кўпроқ гол урган еттинчи жамоага айланди. Футбол ватани вакилларига қадар Бразилия (232 гол), Германия (228), Аргентина (140), Италия (128), Франция (126) ва Испания (107) жамоалари ҳам шундай натижани қайд этишган.

— Шунингдек, Англия Уэлсни 3:0 ҳисобида мағлуб этгач мундиал гуруҳ босқичида голлар сони борасида ўз рекордини ҳам янгилади – 9 гол.

— Мойсес Кайседо Эквадор миллий жамоасининг мундиалда гол урган энг ёш ўйинчисига айланди – 21 ёш, 27 кун.

— Луи ван Гаал жаҳон чемпионатида Нидерландия миллий жамоасини бошқарган 10 учрашувнинг бирортасида мағлубиятга учрамаган. Бунда «Лолалар юрти» миллий жамоасининг мусобақадаги қўшимча таймлари ва пенальтилар сериясидаги иштироки инобатга олинмаган.

— Калиду Кулибали Сенегал жамоасининг жаҳон чемпионатларида гол урган энг катта ёшли футболчисига айланди – эквадорликлар дарвозасини ишғол этган оқшомда у 31 ёш ва 162 кунни қарши олганди. Шунингдек, у миллий жамоадаги 67-учрашувида дастлабки голи қувончини туйди.

— Нидерландия миллий жамоаси ўзи иштирок этган 9 жаҳон чемпионатининг барчасида гуруҳдан плей-оффга чиққан. Бу мундиал иштирокчилари орасида қайд этилган энг яхши натижа саналади.

— Коди Гакпо Нидерландия миллий жамоасининг жаҳон чемпионатларида кетма-кет уч ўйинда гол урган тўртинчи футболчисига айланди. «Учар ҳолландлар»дан шунингдек, Йоҳан Нескенс (1974), Деннис Бергкамп (1994) ва Уэсли Снейдер (2010) ушбу натижани қайд этишган.

— Родри жаҳон чемпионатларида бир учрашувда умумий тўп узатмалар (215) ва аниқ тўп узатмалар (204) сони бўйича янги рекорд натижага эга бўлди.

— Алваро Мората Япония дарвозасига гол уриб, Телмо Сарранинг тарихий натижасини такрорлади. Испаниялик форвард битта жаҳон чемпионатида дастлабки уч учрашувда 3 гол урган испаниялик иккинчи футболчига айланди. Алварога қадар бу натижани Телмо Сарра 1950 йилги мусобақада қайд этганди.

— Бруну Фернандеш Португалия миллий жамоасининг сўнгги 8 голида бевосита иштирок этган футболчига айланди. Уругвайга қарши ўйинда дублни қайд этган яримҳимоячи миллий миллий жамоанинг сўнгги 5 ўйинида 5 гол ва 3 ассист муаллифига айланди.

— Канада жаҳон чемпионатларининг тарихий антирекордини такрорлади. Ҳоккей ватани вакиллари мусобақада ўтказган барча 6 учрашувда рақибга имкониятни бой беришди. Бу борада жамоа айнан иккита турнирда иштирок этиб барча 6 ўйинда мағлубиятга учраган Салвадор сафидан ўрин эгаллади.

— Япония Испанияга қарши учрашувда антирекорд қайд этди. «Кунчиқар юрт» вакиллари ўйин вақтининг бор-йўғи 18 фоиз қисмида тўп назоратига эга бўлиб, ғалаба қозонган жамоалар орасида бу борада энг қуйи кўрсаткични қайд этишди.

— Тибо Куртуа Хорватияга қарши баҳсда Белгия миллий жамоасидаги юбилей 100-учрашувини ўтказди. Ушбу посбон «Қизил иблислар» тарихида ушбу натижага эришган Ян Вертонген, Аксел Витсел, Тоби Алдервейрелд, Эден Азар, Дрис Мертенс, Ромелу Лукакудан кейинги еттинчи ўйинчига айланди. 

— Иван Перишич Хорватия миллий жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги энг яхши тўпурари сафида пешақадам Давор Шукерга етиб олди. Япония дарвозасига киритган тўп унинг мундиаллардаги 6-голи бўлди. ЖЧ-1998 қаҳрамонларидан бири Давор Шукер ҳисобида ҳам 6 гол мавжуд.

— Аргентина миллий жамоаси Полшага қарши баҳсда жаҳон чемпионатларида аниқ тўп узатмаси бўйича (800 пас) ва аниқ тўп узатмалар фоизи (92 фоиз) бўйича рекордни қайд этди.

— Стив Манданда Франция миллий жамоаси тарихида мундиалларда иштирок этган энг катта ёшли ўйинчи сифатида эътироф этилди. Тунисга қарши ЖЧ-2022 3-тур ўйинида майдонга тушган Манданда 37 ёш ва 247 кунга тўлган эди.

— Неймар Бразилия жамоаси сафида Жанубий Корея дарвозасига тўп киритиб, учта жаҳон биринчиликларида гол урган бразилиялик учинчи футболчи бўлди – у 2014, 2018 ва 2022 йилги турнирларда ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган. Неймарга қадар Пеле (1958, 1962, 1966, 1970) ва Роналдо (1998, 2002, 2006) ҳам шу натижага эришишган.

— Бразилия жаҳон чемпионатларида қаторасига саккизинчи марта 1/4 финал босқичига йўлланма олди. «Селесао» бу даврда 1994 ва 2002 йилги турнирларда бош совринни қўлга киритган.

— Дани Алвес Жанубий Кореяга қарши 1/8 финал ўйинида иккинчи бўлимда майдонга тушиб, Бразилия миллий жамоасидаги ўйинлар сони борасида Роберто Карлосни ортда қолдирди. Дани учун бу «Пентакампеонлар» сафидаги 126-ўйин бўлди ва бу борада у иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам Кафу ҳисобида 142 ўйин мавжуд.

— Бразилия жаҳон чемпионатларида 113-учрашувини ўтказиб, бу борада Германиядан (112 ўйин) ўзиб кетди ва мутлақ рекордни қайд этди. Шунингдек, бразилияликлар Жанубий Корея дарвозасини тўрт марта ишғол этиб мусобақада умумий голлар борасида (236 гол) Германияни (232) яна ортда қолдирди.

— Тиаго Силва Жанубий Кореяга қарши баҳсда ассистни амалга ошириб, жаҳон чемпионатининг энг фахрий ёшли ассистентига айланди – 38 ёш ва 74 кун.

— Месси ушбу мусобақада антирекордга ҳам эга бўлди. У турнирда иккита пенальтидан фойдалана олмаган иккинчи ўйинчи бўлди. Аргентиналик юлдуз ЖЧ-2018да Исландия дарвозасига «нуқта»дан гол ура олмаганди. Энди эса поляк посбони Шченснини алдай олмади. Бундай натижани қайд этган дастлабки футболчи Асамоа Гьян эди. Гана миллий жамоаси ҳужумчиси 2006 йилги мусобақада Чехия дарвозасига пенальтидан гол ура олмаган, 2010 йилда Уругвай посбонини доғда қолдира олмаган. 

Мавзуга оид