Ўзбекистон | 16:50 / 10.12.2022
11706
3 дақиқада ўқилади

 “XON SAROY” қурилиш компаниясидан янги лойиҳанинг ҳисобот тақдимоти бўлиб ўтди

“XON SAROY” қурилиш компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Xon Saroy Music” лойиҳасининг биринчи босқич саралаш ишлари якунланди. Шу муносабат билан лойиҳа ташкилотчилари томонидан биринчи босқич саралаш жараёнлари ҳақида ҳисобот тақдимоти ўтказилди.

2022 йилнинг сентябр ойида старт берилган лойиҳа Ўзбекистоннинг турли чекка ҳудудларидаги кўплаб истеъдодли ёшларни кашф этди.

“Ушбу лойиҳанинг асосий сабаби Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қароридир. Президентимизнинг айнан шу нутқларидан сўнг қарордан илҳомланиб,  уни  амалга ошириш мақсадида тинимсиз изланишлар олиб борилди ва катта масштабли мусиқий лойиҳага асос солинди”, дейди лойиҳа муаллифи Aлишер Узоқов.

4 босқичли лойиҳада жами 2000 га яқин ёшлар иштирок этган бўлиб, лойиҳа бутун республика бўйича иқтидорли ёшларни ўзида жамлайди. Муносиб кўрилган ғолиблар учун “XON SAROY” компанияси томонидан уй, автомобиль ва пул ютуқлари тақдим этилади. Тақдимотда лойиҳа ташкилотчилари журналистлар ва блогерларнинг саволларига жавоб беришди.

Маълум қилинишича, ҳақиқий ғолибларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида ижтимоий тармоқларда овоз тўплаш усули қўлланмайди. СМС-хабарнома тарзида ёки компания сайтида овоз бериш йўлга қўйилади. Сўнгги якуний босқич эса жонли эфир орқали намойиш этилади.

“XON SAROY” қурилиш компаниясининг “Xon Saroy Music” лойиҳасидан асосий мақсади янги истеъдодларни топиш ва шу билан биргаликда бренд номини янада мустаҳкамлашдан иборат. Лойиҳанинг давомийлигини таъминлаш учун яна бир қатор ҳомийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу кейинги босқичларнинг янада сифатли бўлиши учун ишлатилиши мумкин.

Лойиҳа доирасида республиканинг деярли барча вилоятларида иш олиб бораётган муаллиф Алишер Узоқов саралаш жараёнлари ҳақида гапириб берди.

“Ижодкор сифатида асосий мақсадим – миллийлигимизни тарғиб қилиш, миллий қадриятларимизни қайта тиклаш ва янги мактаб яратиш. Чунки айни пайтда ҳақиқий мактаб кўчада яратиляпти. Бу жуда ачинарли ҳолат. Буни санъатга алоқадор ташкилотлар қилиши керак. Бу ёмон йўналиш деб бўлмайди, лекин шуни соҳага алоқаси бор масканлар амалга ошириши керак. Лойиҳа билан бирга мана шундай мактабни ҳам ташкил қилишни мақсад қилдик. Бу жуда қийин иш”, – деди муаллиф.

Узоқовнинг айтишича, саралаш жараёнларида вилоятларда турли муаммоларга дуч келган.

“Мақсадимиз бориб концерт қўйиб, пул ишлаш эмас эди. Маҳаллий аҳоли орасидан қобилиятларни излаб топиш эди. Аммо айрим вилоят ҳокимликлари бизнинг мақсадимизни тушунишмади. Тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлди. Уларга миннатдорчилигимни билдираман.

Самарқанд вилоятидаги йирик халқаро тадбир сабаб вилоятдаги танлов қолдирилди. Лекин самарқандлик ёшлар учун албатта кейинги сафар кўпроқ квота ажратамиз”, – дея таъкидлади у.

“XON SAROY MUSIC” лойиҳасининг кейинги босқичи 2023 йил январ ойида давом этиши кўзда тутилган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид