Жаҳон | 10:14 / 17.12.2022
9779
3 дақиқада ўқилади

Россиялик олигархлар санкцияларга Европа судида эътироз билдиряпти

Россия ва Беларуснинг санкциялар остидаги жисмоний шахслари ва компанияларининг 60 дан ортиқ даъволари ЕИ олий суди томонидан кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради Bild газетаси.

Фото: Alamy stock

Россия ва Беларус олигархлари ва компаниялари Люксембургдаги Европа судида Европа Иттифоқининг уларга қарши санкцияларига қарши чиқишмоқда. Германиянинг Bild газетаси 17 декабрь, шанба кунги сонида Брюссел томонидан қора рўйхатга киритилган шахслар ва компанияларнинг ЕИ олий судида ҳозирда 61 та даъво аризаси кўриб чиқилаётгани тўғрисида маълум қилди. 

Европа суди сайтида эълон қилинган ҳужжатларга кўра, икки олигарх – Григорий Березкин ва Геннадий Тимченко, масалан, ўзларига етказилган «номоддий зарар» учун товон пули берилишини талаб қилмоқда. ЕСН компаниялар гуруҳига эгалик қилувчи мультимиллиардер Березкин ўз шикоятида «обрўсига жиддий зарар етганини» ва Украинадаги воқеаларга алоқаси йўқлигини, шунингдек, Россия ҳукуматини қўллаб-қувватламаслигини даъво қилмоқда. Номоддий зарар учун компенсация сифатида у рамзий бир евро талаб қилди. Айни пайтда, Швейцарияда яшовчи Тимченко «Россия» банкининг асосий акциядори ва Владимир Путиннинг яқин дўсти бўлиб, президент билан баъзан ҳатто ҳоккей ҳам ўйнаб турарди. У 1 миллион евро тўланишини талаб қилмоқда. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи расмийлари унинг Путин билан муносабатларини баҳолашда яққол хатога йўл қўйган. 

Суд ҳужжатларига кўра, даъвогарлар рўйхатига Ғарбда таниқли бўлган бошқа олигархлар, жумладан, Лондоннинг «Челси» футбол клуби собиқ эгаси Роман Абрамович ва «Альфа-Групп» молиявий гуруҳи раҳбари Михаил Фридман киради. Абрамович ҳам Тимченко каби «маънавий зарарни қоплаш учун» 1 миллион евро талаб қилмоқда. Агар Абрамовичнинг даъвоси қаноатлантирилса, бу маблағ уруш қурбонларига ёрдам бериш учун «Челси» ФКни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан у яратган хайрия жамғармасига юборилади. Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳам санкциялар рўйхатидан истисно берилишига уринган, бироқ Европа суди унинг талабларини қондиришдан бош тортган. 

Мавзуга оид