Жаҳон | 11:05 / 23.12.2022
32695
16 дақиқада ўқилади

«Фуқаролик учун ўл, мигрант»: хорижликлар Россия армиясига қандай жалб этилмоқда?

Яқинда Москвадаги жамоат транспортларида РФ Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, қуролли кучлар сафида хизмат ўташга чорловчи эълонлар пайдо бўлди. Гарчи бу амалиётдан тезгина воз кечилган бўлса-да, уруш олиб бораётган Россия армиясига хорижликлар фаол тарзда жалб қилинмоқда.

Фото: ЕРА

«Новая газета – Европа» бу нечоғлик қонуний экани ва Россияда қанча хорижлик аскарликка қабул қилинганига бағишланган мақола эълон қилди.

Қийноқ остидаги шартнома

Хорижликларга РФ қуролли кучларида хизмат қилишга чорлов ҳали уруш бошланмасдан аввал янграй бошлаганди. 20 февралда ўзини мигрантлар ҳимоячиси деб атовчи блогер Баҳром Исмоилов YouТube’даги каналида мигрантларни Россия армиясига ёзилишга чорлаб, ролик жойлаштиради. Роликда ярим йиллик хизмат учун уларнинг барчасига РФ фуқаролиги ваъда қилинган (айни пайтда ролик ўчириб юборилган).

«Уруш бошланганидан сўнг Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Арманистон ва бошқа давлатлар фуқароларининг РФ қуролли кучлари сафига кириш учун фаол тарғиб қилинаётгани борасида қўнғироқлар оқими кўпайди, — деган «Новая газета – Европа»га ҳуқуқбон ва мигрантлар масалалари бўйича юрист Валентина Чупик.  — Бу иш расмий ҳокимият органлари билан ҳар қандай контактга уриниш асносида содир бўлган. Менга мурожаат қилганларнинг сони 300 дан ошади.

Энг биринчи рози бўлганлар жуда тез фурсатда ўзларини Украинада кўришган. Одамларни ўлиб кетишга юборишаётгани кундек равшан эди.

Биз ҳамкасбларимиз билан бундай ёллашга қарши туриш бўйича ахборот кампаниясини бошладик. Мурожаат қилганларнинг катта қисмини бу йўлдан қайтаришга муваффақ бўлдик. Ўша пайтда армияга ёзилганларнинг сони қанча бўлганини эса аниқлашнинг имкони йўқ».

Ҳуқуқбон Валентина Чупик. Фото: cont.ws

Тез орада Валентина Чупикка гўёки Россияни Марказий Осиёдаги иттифоқчилари билан уруштириб қўйиш йўлидаги қўпорувчилик фаолияти учун таҳдидлар бўла бошлади. Валентинага «бутилкага ўтқазиш», «швабрага ўтқазиш», турли ваҳший усуллар билан ўлдиришни ваъда қила бошлашди. Бундай таҳдидлар кунига юзлаб кела бошлаган.

Ёзда РФ Мудофаа вазирлиги шартнома имзолаганлар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун эмас, турли ёрдамчи ишларга жалб қилиш учун йиғилаётганини маълум қилди. Россияга пул ишлаш учун келган кўплаб мигрантлар аввалига гап нимадалигини фарқлай олишмаган. Чупик бундай таклифларга бутун бир жамоа бўлиб рози бўлганларни йўлдан қайтаришга уринган.

Сентябр ойида Валентина курьер бўлиб ишлаган Қирғизистон фуқароси кечмишидан воқиф бўлган. У Москва марказига буюртма бўйича велосипедлар етказиб бериш билан шуғулланган. Уни полиция тўхтатган ва махсус автобусга кузатиб қўйган. У ерда уни роса тепкилашган. Икки қовурғаси ва ўмров суягини синдиришган. Бу ишлар нима учун қилинаётганини у тушунган ва шартнома имзолашдан бош тортган.

Шунда электрошокер билан унинг жинсий аъзоларини куйдиришган. У барча шартларга рози бўлган. Шартнома имзолангач, уни кўчага ташлаб кетишган.

«Биз йигитни зудлик билан қутқариш керак, деган қарорга келдик, — деб ҳикоя қилади Чупик. — Унга пул йиғиб бериб, Қирғизистонга қайтариб юбордик. Орадан бир неча кун ўтиб, менга Маъруфжон исмли ўзбекистонлик фуқаро мурожаат қилди. У «Сахарово» кўп функцияли миграция марказида меҳнат фаолияти учун патент расмийлаштирган. Дарчаларда имзолаш учун 40 тача варақдан иборат ҳужжатлар тўплами тутқазилган. Уларни тезда имзолаш керак, чунки ортингизда улкан навбат қараб турибди, битталаб танишиб чиқишга эса вақт йўқ.

У ҳамма жойга ўз имзосини чеккач, унинг паспортига қандайдир стикерни ёпиштириб, «энди боравер», дегандек қилиб қўйиб юборишган. Маъруфжонни кўчада патрул тўхтатганида, полициячилар стикерни кўриб у армияга ёзилгани, демак тез орада уни ўлдиришлари, депортация билан уни гаранг қилиш бефойда эканини айтишган».

Уруш учун патент

Тез орада Мудофаа вазирлиги билан шартнома бланкаларини тиқиштириш «Сахарово» миграция маркази учун кундалик амалиётга айланиб улгургани ойдинлашди. Ўз ўғли билан патент олишга борган бир аёл умумий қоғозлар тўплами ичидан ўша шартномани топган. Аниқланишича, ҳужжат жуда кичик шрифтда, иккита вараққа чоп этилган. Эҳтиёткор она жанжал кўтариб, шартномани йиртиб ташлагач, дарчанинг нариги ёғидаги қиз ҳеч ким бу шартномани мажбурий тарзда имзолатмаётганини айтган. Мудофаа вазирлиги билан шундай шартномаларни пайқамасдан имзолаб юборганлар қанча экани номаълум. «Сахарово»дан ҳар куни юзлаб, гоҳида минглаб мигрантлар ўтади.

Кўп функцияли «Сахарово» миграция маркази

Октябр ойида ишлаш учун патент олмоқчи бўлган хорижликларни алоҳида кабинетга олиб киришган, у ерда фуқаролик кийимидаги, лекин ҳарбий кўринишдаги одам шартнома имзолашга кўндириш учун қаттиқ руҳий босим ўтказган. Параллел равишда мигрантларни кўчаларда, дўкондан чиқаётган чоғда ушлаб олиб, шартнома имзолашга мажбурлашлар ҳам бўлган.

Ўзбекистон фуқароларидан иборат гуруҳни полиция таянч пунктига олиб бориб, қўлларини бошлари узра панжарага кишанлаб қўйиб, тун бўйи сақлаб туришган. Сув беришмаган, ҳожатхонага чиқаришмаган, яқинлари билан қўнғироқлашишга изн беришмаган.

Мигрантлар бу иш ўз мамлакатларида ҳарбий хизматга ёлланиш моддаси остига тушиши ва оғир жиноят ҳисобланишини айтиб, рад этишган. Лекин алалоқибат уларда шартнома имзолашдан бошқа илож қолмаган.

«Яхшиямки волонтёрлар уларни уйига жўнатиш учун пул йиғишга муваффақ бўлишди, деб тушунтиради Чупик. — Хориждан келганларга наркотик модда ташлаб, вояга етмаганларга жинсий тажовузда айблаб ёки махсус қамоқхонада очликдан силласи қуригунча сақлаш билан таҳдид қилинган ҳолатлар кўп».

«Келгинди қоракетлар»

Россияда фирма директори бўлиб ишловчи, вақтинчалик яшаш гувоҳномасига эга ва Россия фуқаросига уйланган Озарбойжон фуқароси миграция хизматига Россияда яшаш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома расмийлаштириш учун келган. Унга ҳам ҳарбий хизмат учун шартнома тиқиштиришган. Тортишувлардан сўнг у бўлим бошлиғига мурожаат қилган, бўлим бошлиғи бўлган аёл хориж фуқаросини «келгинди қоракет» деб ҳақоратлаган. «Биз руслар, сизлар учун урушда жон беряпмиз», деган. Буни эшитган озарбойжонлик Россиядаги бизнесини ёпиб, ватанига қайтиб кетган.

Тожикистон фуқароси Бахтиёр Жўраевни қурилиш майдонидан ушлаб кетиб, кўргазма майдони павильонларидан бирига олиб боришган.

«У ерда одам жуда кўп эди, — деб ҳикоя қилади Бахтиёр, — ҳамманинг қўлига чақирув қоғози тутқизилган эди. Мен билан узоқ тортишишди, қўлларимни синдиришларини айтишди. Мен олишни истамаган қоғозни тутқазишди. Ҳеч нарса қилишнинг иложи йўқ эди. Яхшиямки, полициячилар военкоматга нарсаларимни йиғиштириб келиш учун уйимга рухсат беришди. Мен Беларусга қочиб ўтишга муваффақ бўлдим. Ҳозир яна Москвага қайтиб келдим, сафарбарликнинг кейинги тўлқинида мени ҳам ушлаб олиб кетишларидан қўрқиб юрибман».

Армия ёки қамоқхона

Ёлловчилар Россия қонунчилигини бузган мигрантларини ҳам тинч қўймаяпти.

«Ставропол ўлкасида Вақтинчалик сақлаш марказига депортация қилинишга тайёрланаётган мигрантларни ёллашга уриниш бўлган, — деган «Новая Газета – Европа»га «Русь сидяшчая» хайрия фонди ходими Руслан Вахапов. — У ерда ярим йилга Россия армиясига ёзилишга рози бўлган Тожикистон фуқароларига дарҳол фуқароликни расмийлаштириб, РФ паспорти беришни таклиф қилишган. Ўз-ўзидан тушунарлики, уларни тирик қолиш эҳтимоли жуда кам бўлган урушнинг энг қайноқ нуқтасига жўнатмоқчи бўлишган. Биз Тожикистон қонунлари бўйича ёлланиш 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланадиган оғир жиноят эканини айтиб, уларни тўхтатишга муваффақ бўлдик. Бундай марказлар бутун Россия бўйлаб жуда кўп, у жойларда тўпеми бўлишга маҳкум бўлган қанча мигрантларни йиғишгани номаълум».

Руслан Вахапов. Фото: soroka24.media

Октябр ойида Валентина Чупикка бутун Россиядан — Калининград, Тюмен, Томск, Якутск, Саратов, Краснодар, Сочи, Самара, Анадир ва бошқа кўплаб шаҳарлардан Россияда турли шартли муддатларга ҳукм қилинган мигрантлар мурожаат қилишган. Бу инсонлар органдаги инспекторлари олдида тизимли равишда қайддан ўтиб боришлари керак. Россия ҳуқуқ-тартибот органлари агар инсон хизмат қилишдан бош тортса шартли жазо муддати ҳақиқийсига алмаштирилиши билан пўписа қилишган. Чупик бундай таҳдидлар амалга оширилган ҳолатлар ҳам бўлганини айтади. Ҳуқуқбоннинг сўзларига кўра, хорижликларга баъзида полициячига ҳужум қилганлик тўғрисида сохталаштирилган ишлар ҳам тақдим этилмоқда.

Россия суди томонидан шартли муддатга «кесилган» Қирғизистон фуқароси ўз мамлакати элчихонасидан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги тўғрисида кафолат олгач, Лефортоводаги ҳарбий комиссариатлардан бирига борган. У ерда уни калтаклаб, шартнома имзолашга мажбурлашган. Яхшиямки, уни қўлловчи гуруҳ ортидан бориб, уни ичкаридан — ҳарбийлар чангалидан юлиб олиб чиқишга ва ватанига жўнатиб юборишга муваффақ бўлишган.

Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш жазони ижро этиш жойларида бўлиб турган хорижликларга ҳам таклиф этилмоқда. Рад қилинган тақдирда, улар калтакланган ва ҳаттоки жинсий тажовуз билан қўрқитилган. Чупик бутун Россиядаги колониялардан бундай мурожаатларнинг бутун бир тўлқинини қабул қилган. У ерда оғир касал бўлган хорижлик маҳбусларни армияга ёллашмоқда.

«Путиннинг ошпази» Евгений Пригожин шахсан ўзи қамоқхоналарга бориб маҳбусларни урушда иштирок этишга чорлаган. Фото: BBC

Яқинда ўғли Владимир области Мелехово посёлкасидаги машҳур ИК-6да ўтирган Ўзбекистон фуқаросининг онаси «Русь сидяшчая» фонди билан боғланган. Бу маҳбусни мажбурлаб «йиғин»га — «Вагнер» гуруҳида жанг қилишга розилик берганлар отрядига ўтказишган. Онаси билан суҳбатда ўзбек йигити аввалдан келишилган кодли сўзни ишлатиб, фалокатга йўлиққанини билдирган ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёллаш ҳақида айтиб берган.

«Биз прокуратурага ва тергов қўмитасига мурожаат қилдик, Ўзбекистон элчихонаси билан боғланиб, бу инсонни олиб қолдик, — дейди Руслан Вахапов, — ИК-6дан фронтга узоқ муддатга қамалган тожиклар ҳам кетишган. Улардан бирининг акасига у ердаги хизматдошлари Украина рақамидан қўнғироқ қилиб, акаси ғойиб бўлганини айтишган. Ҳозир бедарак кетган одам қидирилмоқда. Укаси «Вагнер» офисига келган, унинг қўлига 168 минг рубл — бедарак кетган инсоннинг маоши берилган. Бундай воқеалар жуда кўп».

Руслан Вахаповнинг сўзларига кўра, бугун Россиядаги озодликдан маҳрум этиш жойларида жуда кўп хорижликлар бор. Кўплаб зоналарда уларни бошқа маҳкумлар қатори «Вагнер»га ёзилишга мажбурлашмоқда, бу йўлда уларнинг яшаш шароити ҳам максимал оғирлаштирилмоқда. Қийноқ, калтак ва жинсий тажовуздан маҳкумлар фронтга қочишга тайёр. Ёлланган мигрантларнинг аниқ сонини айтиш имконсиз.

Вахаповга кўра, россиялик бўлмаган ёлланганлар сони минглаб миқдорда ўлчанади. Гап фақат собиқ совет давлатлари эмас, узоқ хориждан келганлар ҳақида ҳам бормоқда. «Вагнер» ХҲКда Африкадан келган йигит ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабарлар чиқди.

«Бу инсонларда ўзини ҳимоя қилиш учун маблағ ва воситалар йўқ, — деб тушунтиради Вахапов, — Марказий Осиёдан келган мигрантлар ўз қариндошлари орқали камида ҳуқуқбонларга боғлана олишади. Колониялардан Украинага жўнатилаётган мигрантларга жуда кўп ҳолатларда ёрдам бериш имконсиз. Бунинг учун Жазони ижро этиш федерал хизмати тўлиқ ислоҳ қилиниши керак».

Қамчи ва ширин кулча

1998 йилнинг 28 мартида президент Борис Ельцин «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунларга киритилаётган ўзгартиришларни имзолаган. Уларга кўра, меъёрий ҳужжатга армияга хорижий давлат фуқароларини жалб қилиш имконини берувчи модда қўшилган. Шундан буён Россия қуролли кучлари сафида мигрантлар хизмат қилиши мумкин.

«Сўнгги янгиликлардан бири — «Фуқаролик тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар, унга кўра шартнома бўйича бир йил ҳарбий хизмат қилганларга фуқаролик бериш муддати қисқартирилади, — дейди Валентина Чупик. — Бироқ ҳужжатда ҳеч қандай кафолат берилмаган. Агар инсонда бу статусни расмийлаштириш учун етарли асослар бўлмаса, ҳаттоки хизмат қилиб ҳам фуқароликни ололмайди. Менда ҳатто шундай мисоллар ҳам бор!»

Янги қонунни зўрма-зўраки ширин кулча деб қабул қилган тақдиримизда ҳам, қамчи — президент Путин ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан тайёрланган. Кенгаш аъзоси ғояни ўз телеграм каналида шундай ифодалаган:

«РФ президенти томонидан эълон қилинган қисман ҳарбий сафарбарлик доирасида Марказий Осиё давлатлари: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келиб чиққан, Россия фуқаролигини олганига 10 йилдан кам бўлган янги фуқаролар учун бир йил ичида мажбурий ҳарбий хизматни ўташ борасида таклиф тайёрламоқдамиз. Ҳарбий мажбуриятни ўташдан бўйин товлаш ҳарбий хизматга мажбур инсоннинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам Россия фуқаролигини йўқотишига олиб келиши керак.

Бу ташаббус амалга оширилиши юқорида санаб ўтилган давлатлар ҳукуматлари томонидан уларнинг фуқаролари Махсус ҳарбий операцияда иштирок этиши ватанида жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши билан боғлиқ расмий тақиқ жорий этилганига қарши ўринли жавоб бўла олади».

Россияда мигрантлар сафарбарликнинг иккинчи тўлқинидан хавотирда. Фото: thisnews.ru

Собиқ СССРнинг деярли барча давлатларида хорижий қуролли кучларга ёлланиш учун жиноий жавобгарлик бор. Россия армиясида хизмат қилиш маҳаллий қонунларнинг шу моддасига тўлиқ тушади. Лекин шунга қарамасдан, Россия қуролли кучларига ёллаш Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларида ҳам давом этмоқда. Бу мамлакатларда Россия учун меҳнат кадрларини тўплаш бўйича фирмалар фаолият кўрсатмоқда.

Бу компания орқали РФ армиясида хизмат ўташга одамлар тўпланган. Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги бекатларда «Вагнер» компаниясига одам тўпланаётгани ҳақида эълонлар ёпиштирилган.

«Бешинчи октябр куни менга катта қурилиш жамоаси вакиллари қўнғироқ қилишди, уларни алдов йўли билан қурилиш конструкцияларини бузиб бериш учун шартнома имзолашга мажбур қилишган, — дея ҳикоя қилади Валентина Чупик. — Ишлар Москва областида олиб борилишини ваъда қилиб, мингдан ортиқ ўзбек ва тожикларни ойналари ёпилган 20 та автобусга 52 кишидан ўтқазиб, «Донецк Халқ Республикаси»га жўнатишган. Фақат йўлдагина улар бораётган манзиллари Мариупол шаҳри эканини сезиб қолишган. Улар ён-атрофларида вайрон бўлган уйлар кўпая бошлаганидан шубҳага тушишган. Улар Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишган ва уларни кузатиб борган назоратчиларнинг гап-сўзларидан, Донбассда улар дарҳол қуролли қўшинларга бириктирилган. Шундан буён улар ҳақида бошқа бирор хабар йўқ. Мингдан ортиқ инсон дом-дараксиз кетди».

Афтидан, Россия армияси ва «Вагнер» ХҲКга аллақачон ўн минглаб мигрантлар хизматга олиб борилган. Алданган ва куч билан ёлланган инсонлар қандай жанг қилаётгани ҳозирча маълум эмас. Лекин Белгороддаги ҳарбий полигонда Тожикистоннинг икки фуқароси пулемёт ва автоматдан қуролсиз полкдошларига қарата ўқ узишгани ҳамманинг ёдида. Расман кўнгилли сафарбар қилинган деб ҳисобланувчи 23 ёшли Меҳроб Раҳмонов ва 24 ёшли Эҳсон Аминзод 15 октябр куни 11 кишини ўлдирган ва 15 кишини ярадор қилган. Бугун бунақа ҳолатлар урушнинг олд чизиғида қанча содир бўлаётганини аниқ айтиб бўлмайди.

Мавзуга оид