Жаҳон | 19:55 / 24.12.2022
23919
3 дақиқада ўқилади

АҚШ 45 даража совуқ «циклон бомбаси»га тайёргарлик кўрмоқда

Президент Байден ҳаммаси жиддий эканидан огоҳлантирди.

Фото: Reuters

Қўшма Штатлар жуда совуқ ҳаво оқими - «циклон бомбаси»га тайёргарлик кўрмоқда. Синоптикларнинг огоҳлантиришича, кўплаб ҳудудларда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, қорбўрон билан кучли арктик шамол эсиб, 5-10 дақиқада музлаб қолиш эҳтимоли бор.

Баъзи штатларда аллақачон ғайриоддий қаттиқ совуқлар қайд этилган. Яқин кунлардаги об-ҳаво шароити рекордларни янгилайди, деб хабар бермоқда BBC АҚШ Миллий об-ҳаво бюросига таяниб.

Агентлик маълумотларига кўра, пайшанба оқшомига қадар 48 штатда 200 миллионга яқин аҳолини (АҚШ аҳолисининг деярли учдан икки қисми) қамраб олган ҳудудда ноқулай об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинган.

Кучли қор ёғиши 5 мингдан ортиқ авиарейсларнинг бекор қилинишига олиб келди. Шунингдек, циклон оқибатида аллақачон электр таъминотида жиддий узилишлар содир бўлган.

PowerOutage маълумотларига кўра, деярли 1,5 миллион киши электр энергияси таъминотидан маҳрум бўлган, бунда энг кўп зарарни шарқий штатлар кўрган. Шимолий Каролина аҳолиси энг кўп узилишларни бошдан кечирмоқда. У ерда 175 минг киши электрсиз қолган, иккинчи ўринда Виржиния (152 минг).

Теннесси штатининг Мемфис шаҳри мэри ёмон об-ҳаво жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини айтиб, фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу ерда ҳам қаттиқ совуқ ва электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Штат пойтахти Нэшвилда BBC мухбири уйсизларга ёрдам берувчи хайрия ташкилоти раҳбари билан суҳбатлашди, унинг айтишича, шаҳар ҳеч қачон бунчалик совуқ бўлмаган.

Бўроннинг энг кучли таъсири Қўшма Штатларнинг марказий ва шимоли-шарқий қисмларига тушиши керак, аммо совуқлар ҳатто жанубий Техас штатига ҳам етиб борган. Хайрия ташкилотлари у ерда Мексикадан келган, аммо бошпанасиз қолган мигрантларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.

Совуқ ҳаво сешанба куни мамлакат шимоли-ғарбига келди, кейин эса шарққа кўчди. Синоптиклар бўрон «циклон-бомба»га айланишини кутишмоқда - бу табиат ҳодисаси ўрта кенгликларда, кун давомида циклон кескин кучайиб, атмосфера босими тез пасайганда кузатилади.

Циклон кучли қор бўронларини келтириб чиқаради, айниқса мамлакатнинг шарқий қисмида, қор қалинлиги соатига 1,25 см га етиши мумкин.

«Бу болаликдаги қорли кунга ўхшамайди, бу жиддий», деди пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден аҳолини огоҳлантириб.

Синоптикларнинг таъкидлашича, яқинлашиб келаётган янги йил арафаси мамлакатда сўнгги ўттиз йилликдаги энг совуқ кунлар бўлиши мумкин.

Мавзуга оид