Ўзбекистон | 20:29 / 28.12.2022
113883
3 дақиқада ўқилади

Манба: ССВ «Док-1 Макс» воқеасини фош қилганларнинг ўзини ишдан олди

“Док-1 Макс” сиропи оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра 7 нафар масъул ишдан олингани ҳақида хабар берилди. Бироқ уларнинг кимлиги маълум қилинмади. Kun.uz манбасига кўра, ўша етти нафар масъулдан бири айнан мана шу “ўлим дориси” ҳақида юқорига хабар қилган марказ директори Азизов бўлиши мумкин.

Манбага кўра, ушбу шов-шувли воқеани ўрганган вазирлик ишчи гуруҳи хулосаси билан қуйидагилар ишдан олинган:

1. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари С.Мўминов;

2. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болалик саломатлигини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси С.Расулов;

3. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизов;

4. Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев;

5. Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП мудири Х.Музаффаров;

6. Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП оилавий шифокори У.Маҳмудов;

7. Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП доя ҳамшираси М.Сиддиқова.

Ушбу рўйхатдаги вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ишлайдиган икки масъулнинг ушбу воқеада қай даражада айбдорлиги номаълум, бироқ Самарқанд «Док-1 Макс» дориси савдога чиқарилган ягона ҳудуд эмас. Яъни Самарқанддаги тиббиёт муассасасида нобуд бўлган 18 нафар боланинг ҳаммаси ҳам самарқандлик эмас. Бу болаларнинг қарийб ярми бошқа вилоятдаги шифохонада даволанаётиб, оғир вазиятга тушиб қолганидан сўнг Самарқандга олиб келинган. Агар болаларнинг аҳволи оғирлашиши бевосита «Док-1 Макс» билан боғлиқ экан, бунинг учун бошқармадаги қайсидир мансабдор ишдан олиниши ечим эмаслигини айтмоқда манба.

«Бевосита Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг ишдан олиниш масаласига тўхталсам. Бутун бошли тизим иллатлари, «Док-1 Макс»нинг «ўлим дориси» экани айнан Азизовнинг хати сабабли юзага чиқди. У қанчадан қанча тиббиёт муассасалари раҳбарлари яқин келолмаган ҳақиқат юзага чиқишига сабабчи бўлди.

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ бўйича мутахассиси Б.Ғаниев ҳам вилоятда соҳа бўйича жуда ноёб мутахассис ҳисобланади. Унинг ишдан олиниши эса шу каби ҳақиқий шифокорларни синдиришдан бошқасига хизмат қилмайди. Ҳозир марказда ҳеч кимнинг қўли ишга бормай қолди, кўпчилик яхши мутахассислар аризасини ёзмоқчи», деди манба.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ишдан олинган етти киши ҳақида тўлиқ маълумот беришдан ўзини олиб қочмоқда. 

Kun.uz манбасига кўра, бу етти масъулнинг олдига ҳозир камера кўтариб борилган тақдирда ишдан олингани ҳақида гапирмайди. Улар бир неча ой – «Док-1 Макс» сабабли нобуд бўлган 18 бола воқеаси унутилгунча ишлаб туришлари ТАЙИНЛАНГАН. Улар мабодо асл ҳолат ҳақида гапирадиган бўлса, тизимдан бутунлай четлаштирилиши, янада обрўсизлантирилиши мумкинлиги ҳақида ОГОҲЛАНТИРИЛГАНи айтилмоқда.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид