Ўзбекистон | 08:22 / 05.01.2023
37179
10 дақиқада ўқилади

1,5 триллион сўм зарар: Парда ортидаги ишончли бошқарув оқибатлари

“Ангрен” ва “Янги Ангрен” ИЭСлари ишончли бошқарувга берилиши ортидан ўтган уч йилда қарийб 1,5 трлн сўмлик зарар кўрди. Россиядан каррасига қиммат кўмир импорт қилинган. Охир-оқибат шаҳарда одамлар совуқ кунлари ойлаб иссиқликсиз қолди. Давлат асосий мулкини “ишончли бошқарувчи”дан қайтариб олишга шошилмаяпти.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида ойлаб давом этган иссиқлик таъминоти муаммолари ва “Ангрен” иссиқлик электр станциясидаги кетма-кет авариялардан кейин станция ишончли бошқарувдан олинди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги энг йирик ИЭСлардан ҳисобланган “Янги Ангрен” бошқаруви давлатга қайтган-қайтмагани номаълум бўлиб қолмоқда.

Бу икки станция бир неча йил олдин “Central Asia Energy” компаниясига ишончли бошқарувга берилганди. Маълум бўлишича, хусусий компаниянинг ишончли бошқаруви остида ўтган йиллар давомида станциялар йирик миқдорда зарарга кириб кетган.

“Central Asia Energy” МЧЖнинг 100 фоизлик таъсисчиси – Қозоғистонда рўйхатдан ўтган – “Горные работы” компанияси. Бу компания миллиардер Фаттоҳ Шодиевга алоқадор экани айтилади.

Кўздан панадаги ишончли бошқарув ва хориждаги олигархлар

2017 январида Ўзбекистонда “SFI Management Group” МЧЖ ташкил этилган. Шу йилнинг ўзидаёқ бу янги компанияга давлатга қарашли йирик корхоналар – ОКМК, “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” ишончли бошқарувга берилганди. Бу борадаги келишувлар 2021 йил февралида бекор қилинди.

Бу орада, Қозоғистондаги кичик корхона (ходимлари сони 5 нафардан ошмайдиган) – “Горные работы”нинг таъсисчилигида 2019 йили Ўзбекистонда “Central Asia Energy” МЧЖ очилган. Бу компания ҳам, аввалгиси каби, очилганидан кейин кўп ўтмай учта йирик давлат активининг ишончли бошқарувини қўлга киритган: булар – “Ангрен” ва “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциялари ҳамда “Ўзбеккўмир”.

Ўзбекистон ҳукумати металлургия заводларини SFI гуруҳига, иккита ИЭС ва кўмир саноатини эса қозоқ компаниясига нега ҳеч қанақа танловсиз бериб юборгани, уларга қандай мажбуриятлар юклатилганини ҳеч қачон очиқламаган.

Миллиардер Алишер Усмонов 2018 йилда русча Forbes'га берган интервюсида унинг “Метоллоинвест” ҳолдинги SFI гуруҳи билан ҳамкорлик қилишини, бу гуруҳ бошқа бир таниқли миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Кобул Шодиевга тегишли эканини айтган. Очиқ манбаларда Шодиев Бобур Кобулович (“Пахтакор” ФКнинг собиқ президенти) “SFI Management Group” МЧЖ кузатув кенгаши раиси бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Айнан SFI'нинг Шодиевларга алоқадорлиги эҳтимоли шуниси билан ҳам муҳимки, 2019 йили “Central Asia Energy” ташкил этилган вақтда унинг юридик манзили “SFI Management Group”ники билан бир хил бўлган (Тошкент шаҳри, Бунёдкор шохкўчаси, 42/1). Бу эса Ангрендаги ИЭСларнинг “ишончли бошқарувчи”си ҳам Шодиевлар бўлиши мумкинлигига ишора қилади.

Фойда билан ишлаб келган компаниялар триллионлаб зарар кўрган

Kun.uz совуқда уйи исимаётган ангренликларнинг шикоятларини ёритган эди. Аҳолининг ноябр ойидан буён совуқ уйларда яшашга мажбур бўлгани ва кетма-кет авариялар рўй берганидан кейин, 2023 йилнинг январ ойида Вазирлар Маҳкамаси “Ангрен ИЭС” АЖни ишончли бошқарувдан қайтариб олишга қарор қилди.

Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжоновнинг Kun.uz'гa айтишича, бунга куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ўз вақтида маблағ ажратилмагани сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда станциядаги 3та қозондан фақат биттаси ишлаяпти.

“Қозоғистонликларга тегишли компания бу ИЭСларга умуман қарамай қўйди. Икки марта носозлик кузатилди. Куз-қишга тайёргарлик кўриш учун 30 млрд сўм маблағни ҳам кеч ажратишган. Шаҳар ҳокими билан бирга ёздан бери бу бўйича эътироз билдирамиз, яқинда ҳам жойига бориб, шикоят қилганимиздан кейин тузатишга ўтишди.

Бу бўйича бош вазиргача чиқилди, 2 январ куни иккала ИЭС ҳам ташқи бошқарувдан олиниб, Энергетика вазирлигига берилди. Янги раҳбар ҳам тайинланди. Ўзимизга тўлиқ ўтганидан кейин пул ажратиладиган бўлди, ҳозир носозликларни тузатиш учун ишчи гуруҳ жалб этилган”, – деди Улуғбек Хабилжонов.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, “Ангрен” ИЭС 2022 йилнинг 9 ойида 111,8 млрд сўм зарар кўрган. Станция ишончли бошқарувга берилганидан кейин ўтган вақт ичида жами зарарлар ҳажми 577 млрд сўмга етган. Жамиятнинг соф активлари қиймати 117 млрд сўмга қисқарган. Ваҳоланки, компания 2017, 2018 ва 2019 йилларни фойда билан якунлаган эди.

Янги Ангрен” ИЭС эса 2022 йилнинг 3-чорагини 169 млрд сўмдан ортиқ зарар билан якунлаган. Жамият ишончли бошқарувга берилганидан буён йиғилган зарар 875 млрд сўмдан ошган. Соф активлари – минус 440 млрд сўм.

Бакировнинг изоҳлашича, бу рақамлар – ИЭСлар “ўз капиталини еб тугатгани”ни англатади: тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 йил ичида иккала станцияда 1,5 триллион сўмлик зарар жамланган.

“Яна, шундай катастрофа оқибатларга қарамай, давлат бу шоввозларга ишончли бошқарув учун комиссия ҳақи ҳам тўлаган. Тўланган комиссиялар тўғрисидаги ахборот бирон марта очиқланмаган”, – деб ёзади иқтисодчи.

Россиядан каррасига қиммат кўмир импорти

2019 йилда “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг ўша пайтдаги раиси Руслан Мубаракшин ИЭСлар 3 йилга ишончли бошқарувга берилиши, табиий газдан фойдаланиш максимал қисқартирилиши ва кўмирдан фойдаланиш оширилишини айтган эди.

Отабек Бакировнинг ёзишича, Ангрендаги ИЭСлар – Ўзбекистондаги энг йирик кўмир импортчиларидир, лекин “кўмир қаердан, қанақа нархларда олиб келинаётгани, қанчаси ёқилаётгани, қанчаси қаёққа кетаётгани ҳақида биронта очиқ ахборот йўқ”.

Gazeta.uz'нинг Статистика қўмитасига таяниб ёзишича, 2022 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 105,8 млн долларлик 2,39 млн тонна кўмир импорт қилинган. Кўмирнинг ўртача нархи тоннасига 44,1 долларга етган (ўтган йил билан таққослаганда 15,3 фоизга қиммат).

Ўзбекистонга Россиядан импорт қилинаётган кўмир Қозоғистондан келтирилаётганига қараганда 8,8 баробар, Қирғизистон кўмирига қараганда эса 11,1 баробарга қиммат тушяпти.

Бу – 2022 йилнинг январ–ноябр ойларидаги кўмир импортига оид қуйидаги расмий статистикада кўринади:

  • Қозоғистондан 51,1 млн долларлик 1,3 млн тонна кўмир импорт қилинган (тоннаси ўртача 39,4 доллар);
  • Қирғизистондан 32,3 млн долларлик 1,03 млн тонна кўмир импорт қилинган (тоннаси ўртача 31,2 тонна);
  • Россиядан 21,8 млн долларлик 62,5 минг тонна кўмир импорт қилинган (тоннасига ўртача 347,8 доллар).

Отабек Бакировнинг фикрича, ишончли бошқарувга берилган барча активларда “зарари давлатга, фойдаси чўнтакка” қабилидаги схемалар ишлатилди ва ишлатилмоқда.

“Бу схемалар тўлиқ тафтиш этилиши ва ҳеч қурса, хатоларга бошқа қайтмаслик учун сиёсий баҳо берилиши лозим ва лобуд!” – дея ёзган иқтисодчи. У Давлат активларини бошқариш агентлигидан барча маълумотларни очиқлашни, прокуратурадан эса иш очишни сўрамоқда.

“Тафтиш ўтказилиши ва сиёсий жавобгарлик бўлиши зарур”

Блогер Қобил Хидиров (davletovuz) ўзини оқламаган ишончли бошқарувчилардан давлат буткул юз ўгириши кераклигини таъкидлади.

“Аввало, ишончли бошқарувнинг қонуний асослари яратилиши, давлат хавфсизлиги ва миллий манфаатлар устуворлиги қатъий белгиланиши, жавобгарлик масалалари ҳал этилиши лозим. Унгача давлат активлари ишончли бошқарувга берилмаслиги керак.

Иккинчидан, ишончли бошқарувга берилган барча давлат активларида тафтиш ўтказилиши, тафтиш натижалари асосида кўрилган зарар қопланиши, сиёсий жавобгарлик бўлиши зарур.

Учинчидан, ўзини оқламаган ишончли бошқарув ташкилотлари ва уларнинг бенефициарлари бирор давлат активига яқинлаштирилмаслиги, хусусийлаштириш жараёнида қатнашмаслиги, давлат харидларида иштирок этмаслиги керак”, – дея ёзди блогер.

“Янги Ангрен” ИЭС бўйича хусусий бошқарув давом этиши мумкин

Блогер талаб қилган жавобгарлик масаласининг ўрнига бошқа масала кўрилаётган бўлиши мумкин – шунча зарарга қарамай, “Янги Ангрен” ИЭСни хусусий бошқарувчиларга қайтариб бериш.

Ангрен прокурори шаҳардаги иккала ИЭС ҳам ишончли бошқарувдан қайтариб олинганини айтган бўлса-да, лекин ҳали “Янги Ангрен” ИЭС давлат бошқарувига қайтмаган. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан ҳозирча “Ангрен” ИЭС “Иссиқлик электр станциялари” АЖга ўтказилганини маълум қилди, лекин “Янги Ангрен” ИЭС масаласига аниқлик киритмади.

Таъкидлаш керак, 2100 мегаватт қувват ўрнатилган “Янги Ангрен” ИЭС – Ўзбекистондаги энг йирик электр станцияларидан бири. Таққослаш учун, ишончли бошқарув бекор қилинган “Ангрен” ИЭСнинг қуввати бундан анча кам – 393 мегаватт.

Отабек Бакировга кўра, “Central Asia Energy” МЧЖ “Янги Ангрен” ИЭС бўйича ишончли бошқарув шартномасини давом эттирмоқчи. “Масъуллар орасида ҳатто бунга рози бўлаётганлар ҳам бор”, дея маълум қилган иқтисодчи.

Шу тариқа, айни пайтда қатор саволлар очиқ қолмоқда:

  • Хусусий компаниянинг “Янги Ангрен” ИЭС ва “Ўзбеккўмир”даги ишончли бошқаруви бекор қилинадими ёки давом этадими?
  • “Central Asia Energy”га учта давлат активи нега танловсиз ишончли бошқарувга берилган? Қайси шартлар асосида, қайси санагача? Бу оддий маълумотларнинг йиллардан буён яширилиши ҳукуматнинг очиқлик даъволарига соя солмайдими?
  • Хусусий бошқарувга бериш бўйича шу ва бундан аввалги орттирилган тажрибаларга давлатнинг муносабати қандай?
  • Мавжуд ҳолатларни эҳтимолий ҳуқуқбузарлик аломатлари сифатида кўрган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тафтиш ўтказиш бўйича кўрсатма бериладими?
  • Ангренда одамлар ойлаб совуқ уйларда яшагани ҳеч қанақа сиёсий жавобгарликни келтириб чиқармайдими?

Мавзуга оид