Жаҳон | 11:38 / 12.01.2023
4550
4 дақиқада ўқилади

Ангола, Малави ва МАР йилнинг унутилган инқирозлари рўйхатида етакчи бўлди

CARE ташкилотининг жаҳон оммавий ахборот воситалари ўтган йили унчалик аҳамият бермаган инқирозлар рўйхатига Африканинг 10 та очарчиликка юз тутган давлати киритилди.

Фото: nrc

2022 йилда дунё жамоатчилиги назаридан четда қолган инқирозли давлатлар рўйхатида биринчи ўринни Ангола, Малави ва Марказий Африка Республикаси эгаллади. CARE халқаро хайрия ташкилоти томонидан 12 январь, пайшанба куни жаҳон оммавий ахборот воситалари деярли ёзмаган 10 та «унутилган гуманитар инқирозлар»нинг йиллик рўйхати тақдим этилди. Унда пайдо бўлган барча давлатлар Африка қитъасида жойлашган.

Рўйхатда биринчи бўлиб сўнгги 40 йил ичида энг кучли қурғоқчиликни бошдан кечираётган Ангола жойлашган. Ҳисоботда айтилишича, бу мамлакатда 4 миллионга яқин одам очликдан азият чекмоқда, 5 ёшгача бўлган 100 мингдан ортиқ бола тўйиб овқатланмайди. Айни пайтда бу Африка давлатидаги вазиятга атиги 1847 та хабар бағишланган. Таққослаш учун: актёрлар Жонни Депп ва Эмбер Херд ўртасидаги суд ҳақида худди шу даврда ва бир хил тилларда 217 201 та хабар чоп этилган.

Иккинчидан ўнинчи ўринларни - устуворлик тартибида - аҳолиси очарчиликдан азият чекаётган, шунингдек, ўта қашшоқлик, қуролли тўқнашувлар, болалар ва ёш оналар ўлими даражаси юқори бўлган Малави, МАР, Замбия, Чад, Бурунди, Зимбабве, Мали, Камерун ва Нигер эгаллади. 

Африканинг кўплаб мамлакатларидаги фалокатли вазиятнинг жаҳон матбуоти томонидан деярли тўлиқ ёритилмагани ташвиш уйғотади, деди Клодин Авю, CARE халқаро дастурлар бўйича вице-президенти.

«Бирлашган миллатлар ташкилоти яқинда Африкадаги тарихий озиқ-овқат инқирози ҳақида огоҳлантирди. Биз унинг кўламини ҳар куни ишимизда кўряпмиз. Ота-оналар фарзандлари оч қолмаслиги учун овқат емайди. Далалар қурияпти, чорва моллари нобуд бўляпти. Оилалар қочишяпти, чунки улар овқат ва сув топишга қодир эмас», - деди Авю. Унинг сўзларига кўра, агар дунё ушбу вазиятга эътибор бермасликда давом этса, бу фалокатли оқибатларга олиб келади.

Ҳисоботни тузишда экспертлар камида 1 миллион кишига таъсир кўрсатган инқирозлар қайд этилганини ҳисобга олган ҳолда беш тилдаги 5,8 миллион онлайн нашрларни таҳлил қилишди. 2022 йилда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, можаролар ва урушлар туфайли дунё бўйлаб 47 та шундай инқироз қайд этилган. CARE 2016 йилдан бери «унутилган» инқирозлар ҳақида ҳисобот бериб келади.

2021 йилда Украина ушбу рейтингда иккинчи ўринда эди. Россиянинг кенг кўламли ҳарбий агрессияси бошланиши билан вазият кескин ўзгарди: Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида 2,2 миллион интернет нашрида хабар берилган. Энди Украинадаги уруш жаҳон оммавий ахборот воситалари энг кўп ёзадиган инқирозга айланди ва бошқа офатлардан катта фарқ билан олдинда боряпти, деди CARE Германия бўлими бош котиби Карл-Отто Центель.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Cooperative for Assistance and Relief Everywhere (CARE) халқаро хайрия ташкилоти 1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши охирида Европада очарчилик ва қашшоқликка қарши курашиш учун ташкил этилган. Ҳозир бу ННТ маҳаллий ҳамкорлар тармоғи туфайли дунёнинг 102 мамлакатида фаолият юритмоқда.

Мавзуга оид