«Нечанчи асрда яшаяпмиз?» – Тошкентни саросимага солаётган қиш
Ўзбекистонда охирги 10 йилликдаги энг совуқ кунлар бошланиши фонида энергия ва газ тизимида коллапс юзага келди. Бу айниқса Тошкент шаҳрида кўпроқ сезилмоқда.
Газ ва электр токидан узилишлар билан тез-тез тўқнашиб турадиган вилоятлардаги аксар ҳудудлар учун бу янгилик эмас. Лекин газ ва электр суткалаб ўчиб қолиши билан камдан кам тўқнашадиган пойтахт аҳолиси саросимага тушиб қолмоқда. Уйлар яхши исимаяпти, овқатлар пишмаяпти. Вазиятдан норози одамлар туман электросет марказларига ток сўраб боргани акс этган видеолар тарқалмоқда.
Масалан, қуйидаги видеода Тошкент шаҳри Учтепа тумани электросет биносига электр берилишини сўраб борган аҳоли вакилларини кўриш мумкин. Унда Учтепа туманининг айрим ҳудудларида 12 -15 соатдан бери электр йўқлиги айтилади.
«Кеча 6дан бери электр токи йўқ… Ҳар сафар келганимизда шунақа ҳолат бўляпти. Муаммони ҳал қилиб беришсин», – деган фуқаролардан бири.
Шу каби вазият Олмазор тумани электросетида ҳам кузатилган.
Шунингдек Юнусобод туманида аҳоли туман электросет биноси эшиги олдига тўпланган. Уйини иситолмаётган аёллар бино эшигини ёриб киришга ҳаракат қилишган.
Кучли босим сабаб пойтахтдаги трансформаторларга юклама ортиб кетган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида Учтепа туманидаги трансформаторлардан бири портлаб кетгани айтилган.
Шайхонтоҳур туманининг Зафаробод ва Оқтепа мавзеларидаги айрим трансформаторлар ҳам юкламани кўтаролмай портлагани ва янгисига алмаштирилаётгани ҳақида видеолар тарқалмоқда.
Пойтахтда эскириб қолган электр симлари босимни кўтаролмай, ёниб кетиш ҳолатлари ҳам тез-тез кузатиляпти. Шундай ҳолатларнинг бир нечтасини йиғиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзининг расмий Telegram-каналида ҳам эълон қилган.
Видеоларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Олмазор, Чилонзор, Сергели ва Учтепа туманларининг айрим жойларида электр токи йўқлиги айтилади.
Уйини иситолмаётган аҳоли исинишнинг турли усулларини синаб кўрмоқда. Улар орасида кўчада гулхан ёқиб исинаётганлар ҳам бор.
Блогер Ақида Ханум уйида бир неча соатдан бери иссиқлик тизими ишламаётгани сабаб, челакда олов ёқишга мажбур бўлганини ёзган.
«Охири чидолмадим. Опам иккимиз чиқиб, чердакдаги болалигимиздан бери турадиган ўтинларни олиб тушиб ўчоқда ёқдик. Кулини тунука челакка солиб, челакнинг тагига эрамиздан аввалги темир патнис солиб, унинг тагидан ёғоч яшик қўйиб, уйга олиб кирдик», – дея ёзади у.
Журналист Азиза Қурбонова чақалоғи борлиги сабаб, уйига кўмирли печка қуришга тўғри келганини айтади.
«Уйга кўмир печка ўрнатдик. Ташқарида 21-асрнинг 23 йили давом этмоқда. Тошкент мегаполиси Учтепа дистрикт», – деб ёзади у.
Журналист Толиб Раҳматов Тошкент шаҳридаги домлардан бирида совуққотмаслиги учун кўрпаларга ўраб қўйилган чақалоқнинг суратини улашган.
«Тошкентдаги айрим домларда яшовчилар қаҳратон совуққа қарши шундай курашмоқда», – дея изоҳ ёзилган унда.
Мирзо Улуғбек туманида эса уй ичидаги крандан оқаётган сувнинг музлаб қолгани, истиқоматчилар чой, овқат қайнаши учун қўралардан фойдаланаётгани акс этган кадрлар тарқалди.
Уйининг совуқлигидан азият чекаётган аҳолидан таҳририятга ҳам мурожаатлар келмоқда. Улардан бирида айтилишича, Учтепа тумани Ал Хоразмий даҳасида жойлашган 12 қаватли уйларда 13 январ куни электр таъминоти узилган.
«3 кундан бери свет йўқ. Уйларимизга газ ўтмаган, фақат электр энергиясидан фойдаланамиз. Свет йўқлигидан уч кундирки қариндошимизникида яшаяпмиз. Болалар йиғлаб, уйга кетишни хоҳлаб жанжал қилишяпти», – дейди аёл.
Яна бир мурожаатчи совуқда чақалоқларни овқатлантириш қийин бўлаётганини айтмоқда.
«Қўшниларимизда чақалоқлар, ёш болалар бор. Аёллар боласига сут тайёрлаб бериш учун термос кўтариб, яқин атрофдаги кафелардан қайноқ сув опкелишяпти. Кексалар ҳаммаси касал бўлиб улгуришди», – дейди у.
Совуқ об-ҳаводаги шароитни сатира қилганлар ҳам бор. Масалан, актёр Муҳаммадисо Абдулхайиров совуқ сабаб уй ичида бош кийим ва қалин кийимларда ўтириб, ўзини ўрта асрларда яшаётган одамдек ҳис қилаётганини айтади.
«Совуқ ҳам Аллоҳнинг неъмати, бу ҳам бир керакли нарса, ерга мазза, ҳаммаёқда қор. Нечанчи асрда яшаётганимизни билмай бир жойда иккиланиб қоламан. Учинчи, бешинчи асрми, нечанчи асрда яшаймиз ўзи? Сабаби ўша пайтлар ҳам шунақа свет ва газсиз уйларда ўтирилган. Свет, газ, мен сизларни севаман.... Халқнинг дуосига қоляпсизлар», – дея киноя қилади у.
Мавзуга оид
16:35
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024