Мишел: Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласи ҳал бўлди
Европа кенгаши раҳбари Киевдаги Олий радада сўзлаган нутқида Россиянинг Украинага бостириб киришини «Европа Иттифоқи пойдеворига ҳужум» деб атади.
Европа кенгаши раиси Шарл Мишел Украина Олий радасидаги нутқида «Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласи ҳал бўлганини» айтди. «Украина бу - Европа Иттифоқи, Европа Иттифоқи эса бу - Украина. Бу ваъдани имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатни қилишимиз керак», - деди у. Мишелнинг нутқи 19 январь, пайшанба куни Европа кенгаши веб-сайтида эълон қилинди.
Мишел ўз нутқида Россия Украинага ҳужум қилишга қарор қилганини, чунки унинг аҳолиси «эркин украиналиклар сифатида ўз ҳуқуқларидан фойдалангани, демократия ва Европани танлагани»ни таъкидлади. «Шундай қилиб, Украинага ракеталарни учириш орқали Россия Европа Иттифоқи ишонадиган ҳамма нарсага ракеталарни учирди, у иттифоқнинг пойдеворига – Иккинчи жаҳон уруши фожиасидан кейин биз тузган иттифоққа ҳужум қилмоқда», деди у Украинага қилинган ҳужумни «умумий Европа қадриятларига, Европа хавфсизлигига, умумий Европа орзусига ҳужум», деб атаб.
«Украина тақдиридан кўра кўпроқ нарса хавф остида эканлигини» англаган ЕИ дарҳол Украинага ЕИга номзод мақомини берди, деб эслади Мишел. «Бир кун келиб, умид қиламанки, украиналик менинг Европа кенгаши раиси ёки Европарламент президенти ёки Европа комиссияси раиси лавозимини эгаллашини орзу қиламан. Аммо ҳозир биз сизнинг давлатингиз кураш шаклини сақлаб қолиши учун ёрдам беришни қатъий қўллаб-қувватлаймиз», деди у.
Мишел, шунингдек, Украинага Европа Иттифоқи томонидан берилган ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдамнинг бутун ҳажми ва Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни санаб ўтди. «Ҳозиргача Европа тинчлик жамғармаси ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орқали жами 11 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамни сафарбар қилдик. Бундан ташқари, ҳарбий тайёргарлик миссиямиз орқали 15 минг аскарни тайёрламоқдамиз», деди у.
«Келгуси ҳафталар ва ойлар ҳал қилувчи бўлади. Сизга кўпроқ нарса керак. Кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, кўпроқ узоқ масофали ракеталар ва ўқ-дорилар, биринчи навбатда, танклар. Ҳозир керак», - деди Европа кенгаши раҳбари ва «барча қўллаб-қувватлаш соҳаларини» бўлажак Украина-Европа Иттифоқи саммитида муҳокама қилишга ваъда берди.
«Мустақил ва хавфсиз Украинасиз мустақил ва хавфсиз Европа бўлиши мумкин эмас. Эркин Украинасиз эркин Европа бўлиши мумкин эмас. Бизнинг келажагимиз бир-бирига боғланган», деб якунлади Мишел ўз нутқини.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024