Ўзбекистон | 13:04 / 20.01.2023
18072
2 дақиқада ўқилади

Совуқ сотувчилар кайфиятига қандай таъсир қилди?

Ижтимоий тармоқларда музлаган тухум ва помидор акс этган видеолар тарқалди. Маҳсулотлар шунчалик музлабди, уларнинг сотувчилари-чи? Kun.uz Тошкентнинг Фарҳод деҳқон бозорида бўлиб, сотувчиларнинг кайфияти, одатдагидан совуқроқ келган бу йилги қишни қандай ўтказаётганлиги, нарх-наволар, музлама шароитларида мева ва сабзавотларини қандай сақлагани билан қизиқди.

Видеотасвирларда ҳам кўриш мумкинки, совуқ туфайли бозордаги тухум музлаб қолган ва ерга урса ҳам синмаган. Уйда турган помидорлар эса тошдек музлаган.

Бозорларимиз деҳқон, сотувчилар ва харидорлар билан ҳар доимгидек гавжум. Худди совуқ кунлар таъсир қилмагандек. Тўғри-да, бирламчи эҳтиёжимиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари сотуви совуқни деб тўхтаб қолса, кейин уларни қаердан сотиб оламиз?

Бозорлардаги сотувчи аёлларнинг чидамлилигига қойил қолиш керак. Шундай ҳароратда ҳам бири муздай мева сотаётган бўлса, яна бири қўлини совуқ сувга солиб, сабзи тўғраяпти. Аҳвол сўрасангиз, табассум билан “биз ўрганиб кетганмиз” дейди.

Мева-сабзавотларни -20 даражали қаҳратон кунларида қандай сақлашгани ҳақида эса ҳар бир сотувчининг ўз “усули” бор. Кимдир маҳсулот кўп туриб қолиб музламаслиги учун кам-камдан олиб сотганини айтса, кимдир меваларни уйида гилам-кўрпаларга ўраб сақлаганини айтади. Маҳсулотлари музлаб қолганлар ҳам йўқ эмас.

Ҳар қандай шароитда ҳам харидорларини мазали ва сифатли маҳсулотлар билан хурсанд қилишдан чарчамайдиган, юзидан табассуми аримайдиган сотувчи онахон-у опахонларга, бозорингизни берсин, деб қоламиз.

Сардорбек Усмоний, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид