Жамият | 15:43 / 21.01.2023
27855
10 дақиқада ўқилади

«Топганимиз тўйга буюрсин” — токайгача тўйлар учун яшаймиз?

Бугун ижтимоий тармоқлар қандай вазифани бажараётган бўлса, авваллари тўйлар худди шундай вазифани бажарган. Одамлар тўйга қорин тўйдириш учун бормаган, янги маълумот олган, ўз ҳаётида бўлаётган янгиликлар билан бўлишган. 

Урф-одатлар ҳар қандай халқнинг ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Айниқса, тўй ва маъракаларда улар яққол кўзга ташланади. Вақт ўтгани сайин урф-одатларни ҳам замонга мослаб бориш лозимми ёки ибтидоий кўринишда қолдириш керакми? Этнограф Адҳамжон Аширов билан шу хусусда суҳбатлашдик.

— Ҳар бир халқнинг урф-одатлари ва маросимлари миллат қандай эканини кўрсатувчи этник паспорти ҳисобланади. Ўзбекларнинг маросимларини катта уч туркумга бўлишимиз мумкин: Оилавий, тақвимий ва диний маросимлар.

Бу маросимларнинг тарихий ўзагига қарайдиган бўлсак, жамоанинг ўрни нечоғлик муҳим экани кўзга ташланади. Тарозининг бир палласига маросим иштирокчиларининг фикрини яна бир палласига жамоа фикрини қўядиган бўлсак, жамоанинг фикри тош босади.

Чунки аждодларимиз азалдан жамоавий ҳаёт кечирган. Акс ҳолда, бу минтақада ҳаёт кечириш бирмунча оғир бўлган. Вақт ўтиб, турмуш шароити яхшиланиб боргани сари урф-одатлар ҳам жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни ўзига сингдириб борган.

Лекин сўнгги вақтларда пайдо бўлаётган анъаналарнинг ҳаммасини ҳам мазмун-моҳиятини билмаймиз. Уларни одамларга кўр-кўрона эргашиб амалга оширамиз.

— Бир миллатга тегишли бўлса-да, ҳудудларга боғлиқ ҳолда урф-одатларда фарқ бўлади. Бунда ўша муҳит, шарт-шароит рол ўйнайди, албатта. Ўзбекистон ҳудудида воҳа ва водий тўй маросимларида қандай тафовутлар бор?

— Урф-одатлар шаклланишида нафақат халқларнинг қадриятлари, балки географик жойлашуви ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мисол учун Ўзбекистоннинг жанубий қисми— Сурхондарё, Қашқадарёда кўпроқ тўй тантаналари, айниқса суннат тўйи катта эътибор билан ўтказилишини кўришимиз мумкин. Тўй маросимларида минглаб одамларни чақириб улоқ, кўпкари мусобақалари ўтказиш кенг оммалашган.

Бухоро ёки Самарқандда азалий ўтроқ халқларга хос бўлган анъаналар, мисол учун тоғанинг ўрни, келин-куёвнинг ўрни, турли вазифаларни бажарувчи одамларга кўпроқ эътибор беради.

Водий томонларда эса ислом дини билан боғлиқ диний анъаналарга кўпроқ эътибор қаратилади. Тўйларда исломий тарзда эркаклар ва аёлларни алоҳида-алоҳида ўтказиш билан боғлиқ ўзига хос жиҳатларни кўришимиз мумкин.

Буларнинг негизида миллатнинг ўтмиш тарихи, ўзбекларнинг ўтмиши билан боғлиқ турфа хил қарашлар, анъаналар акс этган. Умуман, ўзбек халқининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, тўртта диний-мафкуравий босқичларни босиб ўтган.

Бугун ижтимоий тармоқлар қандай вазифани бажараётган бўлса, аввалги даврларда тўйлар худди шундай вазифани бажарган. Одамлар тўйга овқат ейиш — қорнини тўйдириш учун бормаган, янги маълумот олган, ўзининг ҳаётида бўлаётган янгиликлар билан бўлишган.

Буларнинг кўпчилиги ўзгарди. Қўшни халқлардан, ғарбдан, шарқ мамлакатларидан янги одатлар кириб келмоқда. Уларни тарғиб қилишдан олдин бизнинг ментал хусусиятларимизга қанчалик мос ёки мос эмаслигини англашимиз керак.  

Бунинг учун миллатнинг ўтмиши билан, миллий анъаналари билан боғлиқ хусусиятларини чуқурроқ тушунишимиз керак.

— Яқинда ижтимоий тармоқларда фарзандли бўлган куёвнинг қайнотаси берган суюнчи пулидан норози бўлиб хотинига босим ўтказгани, «ақиқа қиламиз отанг қўй олиб келсин», деб турли солиқлар солгани сабаб келин ўз жонига қасд қилгани тўғрисидаги хабар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Аслида шундай урф-одатларимиз борми? Ўзбек миллатининг ўзлигига қанчалик тўғри келади?

— Этнолог-антрополог мутахассис сифатида ўзбек урф-одатларини бир-неча ўн йиллардан бери ўрганаман. Кўп ҳолатларда урф-одатларга кўр-кўрона эргашиш миллатнинг генофондига салбий таъсир қиляпти.

Қадимдан йигит киши деганда мард, жасур одам тушунилган. Эркаклар сафига қўшиш учун бир нечта синовлардан ўтказилган. Мисол учун никоҳ тўйидан олдин отда чоптириб, ўтин ёрдириб, камондан ўқ уздириб кўришган. Бу билан у жамиятга қанчалик киришиб кетолади, ўз ўрнини топиб, бир оилани эплаб кета олиши синовдан ўтказилган.

Афсуски, кейинги йилларда жамият ҳаётида содир бўлган ўзгаришлар бу ҳолатларнинг унутилишига олиб келди. Жамиятда эркак аёлнинг, келин ва куёвнинг ўрни алмашиб қолаётганини кўришимиз мумкин.

Ақл бовар қилмайдиган урф-одатлар ўйлаб топиляпти ва амал қилиняпти. Жумладан, ақиқа маросимини олайлик. Тўғри, ақиқа — диний маросим. Хонадонда янги фарзанд туғилганини билдиришга хизмат қилади. Лекин буни кўз-кўз қилиш ёки келин томоннинг ҳисобига ўтказиш керак эмас.

Яна бир мисол, келин тушириш — оилага хизматкор олиш, дея қаралмаслиги керак. Бугунги урф-одатлар қаердан кириб келяпти, нима маънони англатади, мутахассис сифатида мен ҳайрон қоламан. Мисол учун, куёв саломларни олайлик.

Куёвлар ҳам кимларгадир таъзим қилиш орқасидан совғага эга бўлиши. Ўзи нега келинга салом солиш маросимида совға берилган? Келин янги хонадонга боради. «Келин салом» унинг янги уй, одамлар билан танишуви аслида. Келинни ҳаттоки уйнинг ўчоғи билан ҳам таништиришган. Куёв ундай эмас-ку?

Водий томонларда тўйдан кейин қирқ кунгача бажариладиган одат бор экан. Куёвнинг уйига келин томондан уч маҳал овқат келади. Ўзбек йигитларининг ғурури қаерда қолди? Биз урф-одатлар, овқат, еб-ичиш учун яшайдиган миллат бўлмаслигимиз керак.

Ким қанча ош тарқатгани, қандай совға-саломлар олгани билан фахрланадиган халқ бўлмаслигимиз керак. «Қиз берганга қирқ йил тегма» деган мақолларни унутайлик энди. Ёшларимизнинг ўзи тўй қила оладиган бўлганда тўй тантаналарини ўтказишимиз керак. Шундагина қадрли бўлади.

— Қадимда қиз томон куёвнинг уйини тўлдириши, ёки куёвга бошдан оёқ сарпо қилиши каби одатлар бўлганми?

—Турли тарихий даврларда тўй тантаналари қилинганини биламиз. Мисол учун ўрта асрларда яшаган машҳур тилшунос олим Қошғарий ҳазратлари ҳам совчилик анъанаси ҳақида маълумотлар келтирганини кўришимиз мумкин.

Бобурнома ёки Амир Темур билан боғлиқ манбаларда ҳам тўй тантаналарига оид маълумотларни кўришимиз мумкин. Лекин охирги йилларда маълум бир маънода чегарадан чиқиб кетиш ҳолатларини кўряпмиз.

Буни тўқчилик шарофати дейишимиз мумкиндир, лекин менинг назаримда ундай эмас. Бу билимсизлик, илмсизликнинг бир кўриниши. Бутун халқни айбдор қилолмаймиз. Лекин ёши улуғлар йўл-йўриқ кўрсатиши, ёшлар ўзлари тўплаган пулга ихчамгина тўй ўтказиши керак.

Лекин келин томонга барча оғирликни ташлаб, куёвнинг уйини тўлдиртириш, қариндош уруғидан тортиб ўлиб кетган бобо-бувисигача сарпо қилиш керак эмас.

Жамият билан ҳамоҳанг тарзда ривожланишимиз керак. Бутун дунёда бунақа қилинмайди. Йиллар давомида йиғиб туриб, бир кунда сочишмайди.

Миллий урф-одатлар, деяпмиз. Бунинг жамият учун, халқ учун фойдали бўлган анъаналарини одамларга тушунтириб беришимиз керак

— Оилаларнинг бузилишига урф-одатлар, ортиқча хою ҳаваслар сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол. Одамлар турли анъаналарни ўйлаб топишлари ва бу орқали ўзларини қийнашлари эса янада аянчли. Этнограф сифатида бу борадаги фикрларингиз қандай? Аслида урф-одатлар қандай эҳтиёжлар сабаб вужудга келган?

— Пайдо бўлаётган одатларни кўриб мутахассис сифатида ҳайрон қоламан. Яқин йиллар ичида Ҳаж ва Умра зиёратини амалга ошириб қайтган инсонлар томонидан элга катта қилиб ош бериш урфга кирди. Ҳар бир меҳмонга тарқатиладиган совға-саломлар эса Маккадан эмас, ўзимизнинг бозорлардан харид қилиниб, тайёрлаб қўйилади. Айтинг-чи, бундай кўзбўямачилик кимга керак?

Никоҳ тўйи маросимларида қилинадиган ҳар бир одатнинг мазмуни бўларди. Янгалар иштироки ёки суннат тўйларида тоғанинг ўрни бекорга эмас. Буларнинг аксарияти унутилган. Кимўзарга тўй қилиш урфга айланди.

Одамлар қилаётган урф-одатларини нима учунлигини ўзлари англамаган ҳолда амалга оширишяпти. Мисол учун, келин томон ҳам, куёв томон ҳам тахмонга кўрпа-тўшак қилади. Олдинлари бунинг ҳам ўзига хос маъноси бўлган.

Тўйда, маърака-мавлудларда қариндошлар бир-бириникига бориб ҳафталаб қолиб ёрдамлашган. Ўша вақтда бу кўрпа-тўшаклар ишлатилган. Лекин бугун ҳеч ким бир-бириникида ҳафталаб ётиб қолмайди. Улов масаласи муаммо эмас.

Таксилар доим хизматга шай. Кўрпа-тўшак қилиш ўз аҳамиятини йўқотган удумлардан саналса-да, ҳамон халқ орасида сақланиб қолаётгани ва унга катта маблағ сарфланиши одамлар қилаётган ишининг мазмунини билмасдан амалга оширишига ёрқин мисол дейишимиз мумкин.

Одамларни мажбурлаб бу исрофгарчилик ва оворагарчиликларга чек қўйиб бўлмайди. Уларни бу ишни онгли равишда қилишга ўргатмагунимизча, қанча тақиқ қўйилмасин, орзу-ҳаваслар урф-одат даражасига кўтарилаверади.

Бунинг учун оммавий ахборот воситаларида бахт ортиқча латта-путтада эмас эканлигини, фарзанд туғилганидан унга сеп йиғишга эмас, таълим беришга, болаларни илмли қилишга зўр беришимиз кераклигини тарғиб қилишимиз керак.

Ёшларни ўз фикрига эга қилиб тарбиялаш, қайсидир хонанда ёки кино «юлдузи»га тақлид қилиб эмас, таълим олишга, чет элнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишга рағбатлантириб улғайтиришимиз лозим.

Ўйлайманки, шундагина кун келиб, ортиқча дабдаба, хою ҳаваслар ортидан қувишдан қутуламиз. Фарзанд уйлантириш, унинг болаларига тўй қилиш ҳам ота-онанинг зиммасида деган қарашларни ортга суриб, ёшлар ўзи учун ҳаракат қилишга ўрганишади.

Ўз фикрига эга бўлган, ўз кучи билан ҳаётини қурган инсон албатта оиласининг, бахтининг қадрига етади. 

Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Оператор: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид