Жаҳон | 22:09 / 24.01.2023
37574
2 дақиқада ўқилади

«Қиёмат соати» миллари 10 сония олдинга сурилди 

Энди «ядровий ярим тунгача» 90 сония қолди. 

Фото: Reuters

Эҳтимолий «Қиёмат куни»гача қолган вақтни ҳисоблайдиган рамзий соат миллари 10 сония олдинга сурилди ва энди ярим тунгача 90 сония қолганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Чикаго университети томонидан чоп этилган Ядро тадқиқотлари бюллетенида эълон қилинди. 

Олимлар ушбу соат милларининг ҳолатини аниқлашда сиёсий кескинликлар, қуроллар, технология, иқлим ўзгариши ва эпидемиялар билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олади. 

«Бу йили Бюллетеннинг фан ва хавфсизлик кенгаши олимлари Қиёмат соати милларини 10 сония олдинга сурди. Бунга Украинадаги уруш оқибатларининг тобора хавфли тус олаётгани сабаб бўлди. Россия дунё ҳамжамиятига ядро қуролини қўллаш билан боғлиқ турли ишораларни қилмоқда. Бундан ташқари, Россия уруш ҳаракатларини Чернобил ва Запорижжя АЭС яқинига кўчирди. Бу халқаро протоколларга мутлақо зиддир ва радиоактив моддаларнинг кенг кўламли тарқалиши хавфини юзага келтирмоқда. Россиянинг Украинага бостириб кириши нафақат ядро, балки биологик ва кимёвий қуролларни қўллаш хавфини ҳам оширди», дейилади баёнотда. 

Ўтган йили январ ойида соат миллари «ядровий ярим тунгача» 100 сония қолганини кўрсатган, бу ҳолат бир неча йиллардан бери ўзгаришсиз эди. 

«Қиёмат соати» биринчи марта 1947 йилда «Ядровий тадқиқотлар бюллетени» муқовасида «ишга туширилган». Ядро ярим тунидан энг узоқ нуқта 1991 йилда СССР ва АҚШ ўртасида Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтда бўлган. Ўша вақтда соат 23:43 эди. 

Соат кўрсаткичлари ҳар йили қайта ҳисоблаб чиқилади. Жараёнда 15 нафар Нобел мукофоти лауреати иштирок этади. Бюллетен муаллифларининг фикрича, соат «дунёнинг ядровий қуроллар, иқлим ўзгариши ва янги технологиялар туфайли фалокатга қанчалик яқинлашганини» кўрсатади.

Мавзуга оид