Жамият | 16:20 / 24.01.2023
30116
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида чақирув асосида келган тиббиёт ходими калтакланди

Бемор аёлнинг ўғли эркак ходимлар келганидан жаҳли чиқиб, фелдшерни урган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида чақирув асосида келган тиббиёт ходимига хонадон эгаси томонидан жароҳат етказилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 23 январ куни соат 16:30 ларда Тошкент тумани ТТЁБ эркак ходимлари (шифокор ва фельдшер) хизмат вақтида келиб тушган чақирувга асосан, туман «Қорабўриқ» МФЙга етиб борган.

Хонадонда йиқилиб тушиб, жароҳат олган бемор аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилаётган вақтда, аёлнинг ўғли (1999 йилда туғилган Ў.А.) кириб келиб, нега аёл ҳамшира келмади, деб жанжал қилган.

Шунга қарамай, тиббиёт ходимлари хизмат вазифасини бажарган ва заруратга кўра беморни шифохонага олиб борган.

Шу вақтда беморнинг ўғли келиб, тушунтиришларга қарамай, жанжални давом эттирган ва фельдшер — 1993 йилда туғилган У.У.ни уриб, тан жароҳати етказган. Унинг олган тан жароҳатлари бўйича тиббий экспертиза тайинланган.

Ў.А. ИИБ ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент тумани ИИБ томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид