Жамият | 15:16 / 02.02.2023
28712
4 дақиқада ўқилади

Қисқараётган ёввойи табиат ва инсоният учун янги хатарлар

Бу жараён фаол давом этмоқда. Иқлим исиши эса буни янада жадаллаштириши мумкин. Биохилмахиллик хавф остида қолса, биринчи галда иқтисодий зарарлар кўпаяди. Унинг ортидан бошқа хатарлар ҳам етарлича.

Халқаро ёввойи табиат фондининг 2022 йилги ҳисоботига кўра, сўнгги 50 йилда ёввойи табиат дунёси 69 фоизга қисқарган. “Биз табиатга суицид жангида мағлубиятга учраяпмиз”, деган эди БМТ бош котиби Антонио Гуттериш вазиятни изоҳлаб.

69 фоизлик қисқариш нафақат табиат, ёввойи олам, балки инсоният, унинг барқарор турмушига ҳам турли хавфлар пайдо бўлганини англатади. Инсон табиат билан чамбарчас боғлиқ яшайди, биохилмахиллик эса бунда жуда аҳамиятли. Ҳисоботга кўра, Лотин Америкаси ёввойи табиат дунёсида глобал миқёсдаги энг кўп қисқариш кузатилган.

Табиат ҳалокати нега бунчалик хавфли?

Табиатни асрашнинг фойдалари кўп. Асраб қололмаслик ортидан келадиган хавфларни инкор қилиб бўлмайди. Табиатдаги йўқотишлар сабаб халқаро ЯИМнинг 50 фоизи хавф остида, табиий экотизимга мавжуд хавфлар сабаб келажакда пандемия каби турли ижтимоий-иқтисодий шоклар кўпайиши мумкин.

Иқтисодий тарафидан ташқари биохилмахилликка хавфнинг тиббиёт тизими учун таҳдидлари ҳам етарлича. Сабаби тиббиёт тизимида ишлатиладиган дориларнинг 25 фоизи ўрмон ўсимликларидан олинади.

Инсоният ҳаракатлари туфайли Ер юзасининг учдан икки қисми ўзгариб кетган. БМТ маълумотларига кўра, миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида.  

Тадқиқотлар XXI асрнинг иккинчи ярмида иқлим ўзгариши биохилмахилликка салбий таъсир этувчи асосий сабаб бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат ошиши ва ёғингарчиликдаги ўзгаришлар дарахтлар камайишини ва қишлоқ хўжалиги учун ёмон оқибатларни олиб келаверади. 

Кембриж университети ҳисоботига кўра, биологик хилмахиллик йўқолиши давлатлар иқтисодий харажатларини ҳам кўпайтиради. Университет биохилмахилликка оид кредит рейтингини тузиб чиқди. Унга кўра, экологик муаммолар қарздорликлар ошишига ҳам сабаб бўлади. Масалан, тупроқни қайта тиклаш ва сув тошқинларининг олдини олишга ёрдам берувчи ўсимликлар бор. Бундай ўсимликлар барқарор ўсиши учун уларни чанглатиш керак. Табиий “хизмат кўрсатувчи” асалари турларининг йўқолиб бораётгани эса катта иқтисодий харажатларни келтириб чиқариши мумкин.

“Биологик хилмахиллик билан боғлиқ хавфлар иқтисодий фаолият ва давлат молияси учун жиддий хатар ҳисобланади. Табиий яшаш муҳитини муҳофаза қилиш нафақат табиат учун, балки макроиқтисодий барқарорликни сақлаш учун ҳам жуда муҳим”, — дейди ҳисобот ҳаммуаллифларидан бири, профессор Улрих Волз.

Ажойиб тажрибалар

Дунё аҳолисининг ярми шаҳарларда яшаётганини ҳисобга олиб, биохилмахилликни сақлаб қолиш учун шаҳарларда ҳам ўзига хос усулларни топиш лозим бўлмоқда. Бу борада турли шаҳарлар ўз тажрибаларини яратяпти.

Нидерландиянинг Эйндҳовен шаҳрида маҳаллий ҳукумат дарахтлардан тўкилган баргларни тозалаб олмасликка чақирмоқда. Сабаби бу барглар ҳашаротлар яшаши учун яхши бошпана бўла олади. Қолаверса, дренаж тизимига сув оқишидан ҳимоя қилади.

Фото: Shutterstock

Канаданинг Монреалида эса ҳукумат касалланган ва қулаб тушган дарахтларни йўқ қилишга шошилмаяпти. Бу турдаги дарахтлар қушлар, кичик сут эмизувчилар ва турли майда организмлар учун бошпанага айланиши мумкин.

Фото: Picture Alliance

Австралиянинг Мелбурн шаҳрида “Ёввойи табиат учун боғлар” лойиҳаси мавжуд бўлиб, у маҳаллий фуқаролар, бизнеслар ва мактабларни табиат ва ўсимликларга ғамхўр бўлиш йўлида бирлаштирмоқда, бунинг учун турли билимлар берилади.

Янги турлар

Ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқолиш хавфи ошиб бориши билан бирга янги турлар ҳам кашф қилиниши давом этяпти.

Бундай кашфиётлар Ўзбекистонда ҳам қилиняпти. Масалан, 2021 йилда Фарғона водийси Сирдарё ҳавзасининг тоғли минтақаларида биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев янги балиқ турини кашф этиб, Фарғона ялангбалиғини аниқлаганди.

Ҳали Ер сайёрасида 80 фоиздан ортиқ ҳаёт кашф қилиниши керак — бу қисм келажак авлод учун ҳимояланган. Кашф этилган табиат эса борлигича асралмаса, инсониятни ҳам янгидан янги хатарлар кутаверади. 

Мавзуга оид