Ўзбекистон | 00:12 / 08.02.2023
17439
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида учта туман ҳокимига интизомий жазо қўлланди

Ҳокимлар аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган.

Фото: iStock

Тошкент вилоятида учта туман ҳокимига интизомий жазо қўлланди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2023 йил 6 феврал куни имзолаган фармойишида белгилаб қўйилган.

Жумладан, Чирчиқ шаҳрида ва Бўстонлиқ туманида мурожаатларнинг кескин кўпайгани, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунда белгиланган муддатларга амал қилинмагани, шахсий ва сайёр қабуллар самарали ташкил этилмагани, таҳлил ва назорат ишларига эътибор қаратилмагани учун Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Абдулпаттахович Ҳидоятовга ва Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Илҳомович Аҳмедовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Шунингдек, Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилинишида сусткашликка йўл қўйгани учун Бекобод тумани ҳокими Фурқат Абдусаломович Худойбердиевга нисбатан ҳам ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган.

Фармойишга асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 январдаги раёсати йиғилиши 9-сон баёни ва Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар нусхалари келтирилган.

Мавзуга оид