Жаҳон | 08:16 / 09.02.2023
8351
3 дақиқада ўқилади

Ангела Меркел ЮНEСКОнинг тинчлик мукофотига сазовор бўлди

ЮНEСКОнинг тинчлик мукофоти Германия собиқ канцлери Ангела Меркелга 2015 йилда Европадаги қочқинлар инқирозини ҳал қилишга қўшган ҳиссаси учун берилди.

Ангела Меркел / Фото: Getty Images

Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел Бирлашган миллатлар ташкилоти Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) томонидан таъсис этилган Феликс Уфуэт-Буанья тинчлик мукофоти билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими 8 февраль куни Кот-д’Ивуар пойтахти Ямусукро шаҳрида бўлиб ўтди. Мукофот ушбу Африка давлатининг биринчи президенти номи билан аталган. Тадбир Африка давлат раҳбарлари таклиф этилган Феликс Уфуэ-Буанья Тинчлик тадқиқот жамғармасининг 50 йиллигига тўғри келди.

Меркелнинг Кот-д’Ивуар пойтахтига келишини унинг сурати туширилган улкан плакатлар билдириб турди. Ямусукро кўчаларида одамлар Ангела Меркелдан қойил қолишганини яширмаяпти. «Мен газетада у Феликс Уфуэ-Буанья тинчлик мукофотини олишини ўқидим. У бунга лойиқ, чунки ажойиб аёл. У тинчлик учун жуда кўп иш қилди», - дейди маҳаллий аҳолидан бири DW нашрига берган интервьюсида. Бошқа бир суҳбатдош қўшимча қилди: «У ҳақиқатан ҳам ажойиб аёл. Биз у каби бўлишни хоҳлаймиз». «У ҳақиқий лидер эди. Кўп нарсага эришди. Муҳожирларни Европага олиб келишга ёрдам берди ва минглаб қочқинлар учун эшикларни очди», - дея мақтади Меркелни яна бир шаҳарлик.

Германия собиқ канцлери 2015 йилда Сурия, Ироқ ва Афғонистондан келаётган қочқинларнинг катта оқими туфайли Европада инқирозни бартараф этишга қўшган ҳиссаси учун ЮНEСКО мукофоти билан тақдирланган. Ўшанда у ўз мамлакатини минглаб қочқинлар учун очди. Ангела Меркелнинг 2015 йил 31 августда айтган ибораси – «Биз буни уддалай оламиз» – ўша пайтдаги канцлерга нисбатан ҳам ҳурмат, ҳам танқид уйғотиб, тарихга кирди. Меркел миграция сиёсатига ижобий сигнал берди.

«Ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари 2015 йилда Сурия, Ироқ, Афғонистон ва Эритреядан бир миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилиш ҳақидаги қарорингиздан таъсирландилар», деди ҳайъат раиси, 2018 йилги тинчлик мукофоти лауреати Денис Муквеге. Бу Меркел тарихда қолдирган сабоқ, деди Муквеге.

ЮНEСКО бош котиби Одри Азуле ҳам Ангела Меркелнинг хизматларини қайд этди: «Тинчлик яратиш - жабр чекаётганлар учун эшикларни очиш демакдир. Ҳакамлар ҳайъатининг қарори муҳожирларни қабул қилиш ва уларга бўлган муносабатимиз биринчи ўринда эканлигини эслатиб туради».

Феликс Уфуэ-Буанья мукофоти 1991 йилдан бери ҳар йили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчликни сақлашга катта ҳисса қўшган муассаса ва ташкилотларга берилади. Уни биринчи бўлиб апартеидга қарши курашчи Нелсон Мандела, Жанубий Африка президенти Виллем де Клерк олди. 150 минг доллар ва олтин медаль олган совриндорлар орасида Испания қироли Хуан Карлос, АҚШ собиқ президенти Жимми Картер, Франция собиқ президенти Франсуа Олланд ва бошқалар бор.

Мавзуга оид