Жаҳон | 13:29 / 09.02.2023
36616
7 дақиқада ўқилади

«Тирилиш» – кибрнинг «ўлиши» ва инсонийликнинг «тирилиши» ҳақида мукаммал асар

Бир инсон тақдири сизнингча қанчалар аҳамиятга эга? Сиз бирор ким ҳаётига қанчалар дахлдор бўла оласиз? Кимнингдир ҳаёти ўзанини ўзгартириб, вайрон қилиб юборишга сизнинг қурбингиз етадими? Бу саволларга жавоб топа олмаслигингиз ёки қодир эмасман, унчаликка бормасман қабилидаги жавобларни беришингиз мумкин.

Аммо Толстойнинг «Тирилиш» асарини ўқир экансиз, бир-бирининг ҳаётига дахлдор бўлган, кимнингдир тақдирини кимдир ўйинчоқ қилган, кимларнингдир жабрланганини, кимларнингдир ўзгалар ҳаёти эвазига роҳатда яшаётганини кўришингиз мумкин. Толстой аристократлар тоифасидан бўлгани учун, асосан, асарларининг қаҳрамонлари айнан киборлар жамиятига мансубдир.

Достоевскийнинг ўзи қашшоқ яшагани сабабли асарлари майдонида кўпроқ камбағаллар ролъ ўйнайди. “Тирилиш” асарида эса ҳар икки тоифа бирлаштирилган: аввалига барча йигитчалар сингари пок, содда ва самимий бўлган, кейинчалик муҳит таъсири билан қалби қоралаша бошлаган ҳамда покиза бир қизнинг бахтини қалби каби қаро қилган ўзига тўқ оила фарзанди Нехлюдов; ҳатто туғилишида ҳам одамдек туғилмаган, молхонадан боқиб олинган, аммо яхши тарбия топган содда, орзулари осмон, муҳаббати соф қиздан бир кечада бахтиқаро, номуси топталган, умр бўйи азобларга маҳкум этилажак қизга айланиб қолган Катюша; жабр-зулмлардан, қора меҳнатдан тўйган, аламзада қора халқ; халқ ҳисобидан ҳаёт кечирадиган, ўзини халқнинг тақдирини ҳал қилишга ҳақлиман деб ҳисобловчи жирканч амалдорлар.

Сюжет:

Уч ёшлигида етим қолган Катюшани Софья Ивановна ҳамда Марья Ивановна исмли қари бекачлар ўз қарамоқларига олишади. Катюша на оқсоч, на асранди қиз бўлиб улғаяди. Бир куни шу бекачларнинг урушга кетаётган Нехлюдов исмли жиянлари аммалариникига 4 кунга тушиб ўтади ва 18 ёшли қиз Катюшани йўлдан оздиради. Аввалига қиз йигитнинг самимиятига ишонади, уни севиб қолади, бахтли бўламан деб ўйлайди. Аммо йигит томонидан тутқазилган 100 сўм пулни кўргач барча орзулари сароблигини тушуниб етади...

Қиз 5 ойдан сўнг ҳомиладорлигини билиб қолади. Бекачларининг уйидан чиқиб кетган Маслова турли хил кенг-у тор кўчаларга бош суқиб чиқди. Ахийри етиб борган манзили исловатхона бўлди ва у жойда бир мижозини ўлдириб қўйди. Ўзини суд залида кўрди. Нехлюдов судда маслаҳатчи эди. Масловани кўрган заҳоти йигит ҳаммасини эслади ва вужудини айбдорлик ҳисси қамради. Бу қизнинг ҳаётига ва бахтсизлигига қанчалар сабабчи бўлганини идрок қилди.

Шу кундан бошлаб айбини тузатиш йўлларини қидира бошлади. Қанча сарсонгарчиликларни бўйнига олди, югурди-елди, қанча кечмишларни бошидан ўтказди. Ҳатто фоҳиша бўлишига қарамай Масловага уйланиш истагини-да билдирди. Аммо қиз бунга кўнмади. Рози бўлолмасди.

Асар сўнгида Нехлюдов инсон ҳаётга яхшилик қилиш учун, бир-бирини эъзозлаш, озор бермаслик учун, фақат ўз лаззатини эмас, ўзгаларнинг ҳам бахтини ўйлаб яшаш учун келганини, одамни Худо яратгани, унга тўғри яшашни амр этгани, аммо инсонлар бу амрни унутиб қўяётганини тушуниб етади. Маънан, руҳан тирилади.

Таҳлил:

Нехлюдов ҳам Катюшани суд залида кўриб, қилган қабиҳлигининг оқибатини ҳис қилгунигача юқорида айтилган амалдорлар жамиятининг бир бўлакчаси эди. Кўради-ю, ўша машъум хатосидан, аввал ҳирс ўтидан қанчалар ёнган бўлса, энди айбдорлик ҳиссини шу қадар кучли туяди. Айбдорлик ҳисси уни Катюшага ёрдам бериш йўлидаги узоқ ва азобли сарсонгарчиликларга ва ҳатто фоҳишага (!) уйланишга рози бўлишга қадар етаклайди.

Катюша аввалига беозоргина, муштипар қиз. Кейин эса аламзада ва ҳаётидан хафа, психологияси қаттиқ жароҳатланган образ. У ҳам кўплаб қизлар қатори бахтли бўлишга ҳақли эди. Аммо тақдир тўфони уни аввал кўчама-кўча судради, кейин фоҳишахонага, сўнг қамоққа улоқтирди.

Толстой Нехлюдов орқали ўзининг фикрларини, сиёсат, тузимга нафратини, динга қарашларини асарида акс эттирган. Масалан, Катюшанинг суд жараёнини олайлик: судьялар ҳукм чиқариши керак, аммо ҳамманинг хаёлида ҳар хил нарса. Бири ўйнашининг олдига кечикмай бориш пайида бўлса, бошқаси кечаси билан исловатхонада тунни бедор ўтказгани учун қаттиқ чарчаган. Нима бўлса бўлсин-у, шу суд тезроқ тугасин деб турибди. Ваҳоланки, улар тирик одамларнинг ҳаётини ҳал қилиш масаласи устида турибди.

Толстой “Амалдорларнинг ўзи жиноятчи-ю, яна гуноҳкорларга ҳукм ўқийдими? Жиноятчи жиноятчини қандай жазолаши мумкин, бунга ҳаққи бормикан?” каби саволларни “Тирилиш”да кўндаланг ташлайди. Минглаб одамлар арзимаган айби учун (масалан, гилам ўғирлагани, шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмагани учун) қамоққа ташланади ва ойлаб, йиллаб ҳукуматнинг ёдидан чиқиб кетади.

Асардаги қамоқхоналар эса дўзахнинг ўзгинаси. 150 кишилик жойга 500 кишини тиқиб ташлашади ва бечора тирик организмлар нажас солинган пақир тагида тунашга ҳам мажбур бўлади (даҳшат). У ерга арзимаган айби учун қамалган руҳи соғлом инсон бир ойдан сўнг аламзада, жамиятдан, давлатдан нафратланувчи, кўзи қонга тўлган ваҳшийга айланади.

Бундай қамоқ, бундай адолатсизлик ҳеч бир одамнинг тарбияланишига олиб келмайди, аксинча, ҳақиқий жиноятчига айлантиради. Қарабсизки, бутун давлат, бутун мамлакат жиноятчилар макони бўлиб қолади. Чунки уларнинг жиноятчи “етиштириб берувчи завод”лари бор. Толстой ортиқча ва адолатсиз зулм одамни аламзадаликка, ҳақиқий жиноятчи бўлишига олиб келишини айтмоқчи бўлади.

Шу ўринда, Толстой насронийлик динидаги ортиқча хурофотларни танқид қилади ва ҳатто кулгига олади. Бу асардаги қуйидаги воқеада яққол сезилади:

Маҳбуслар христианликнинг асосий ибодат маросимига тўпланади ва маросимда поп қўлига нон ва майни олиб, бу Худонинг қони ҳамда танаси, деб айтади. Майни ичган, нонни еган одам Худонинг танасини еган ва қонини ичган ҳисобланармиш. Бу умуман мантиққа тўғри келмаслиги яққол кўриниб турибди, аммо одамлар бунга ишоняпти...

Жазирама пайти асирларни кўчириш жараёнида қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлади. Аммо бу ўлимларга ҳеч кимни айбдор қилишнинг иложи йўқ. Ҳеч ким бу гуноҳга жавоб бермайди. Чунки улар кўпчилик. Улар давлат тепасида турган зулмкорлар. Улар ёлғон гапириб туриб ёлғончиларни, фаҳш ишларни қила туриб фоҳишаларни, пора олиб туриб порахўрларни, қотил бўла туриб қотилларни айблай олишади. Жазолашади. Уларга ҳамма нарса мумкин.

Нехлюдов ҳаммасини тушуниб етди ва қайта туғилишнинг, қайта тирилишнинг уддасидан чиқди. У ўзидаги ифлос “мен”ини суғуриб отди. Дил ҳаловатининг манбайи нима эканини англади. Бу ҳалоллик, софлик ва оддийликда эди...

Дунё адабиётининг етук вакилларидан бўлмиш Лев Толстойнинг «Тирилиш» асарини ўқишни тавсия қиламиз. Асарни Холида Аҳророва ўзбек тилига маромига етказиб таржима қилган.

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид