Жамият | 19:42 / 10.02.2023
101938
7 дақиқада ўқилади

Зилзила пайтида нима қилиш ва нима қилмаслик керак?

Кучли зилзилалар бўлаётганда ҳамма ҳам хавфсиз жойда бўла олмайди. Кимдир кўпқаватли бино ичида ёки ҳовлида, кимдир кўчада, яна бошқа биров транспортда бўлиши мумкин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила вақтидаги шу ва бошқа ҳолатларда нима қилиш кераклигини батафсил тушунтирди.

Фото: KUN.UZ

Ер қимирлаганда уйнинг энг хавфли жойлари – ички ва ташқи дераза остилари, деворларнинг ойна билан қопланган қисмлари, айниқса охирги қаватлардаги бурчакда жойлашган хоналар, лифт ва зинапоя майдончалари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак.

Хонанинг ичида бўлганда:

1. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида, хом ғиштли, пишган ғиштли ёки пахса деворли шахсий уйларда яшасангиз, ер қимирлаш бошланиши билан 15-20 сония ичида дарҳол уйнинг ичидан ташқарига чиқиб кетинг ва электр симлари, газ қувурлари ва баланд иморатлар тагидан узоқроққа, очиқ жойга ўтинг.

Чиқиш йўллари, эшиклар одамлар билан тирбанд бўлиб, ташқарига тез чиқишни қийинлаштиради. Бунда 1-қаватда яшасангиз, деразадан ҳам чиқишингиз мумкин.

2. Оилангиз аъзолари ва ўзингиз квартирангизда, подъездда, уйингизда газ, электр, сувни ўчириш йўлларини билишингиз лозим.

3. Агар хонанинг ичида қолсангиз, олдиндан белгилаб олинган хавфсиз жойга туриб олинг. Мабодо юқоридан сувоқ парчалари, ёритгич асбоблари, ойна синиқлари тушадиган бўлса, стол ёки кроватлар тагига беркининг. Мактаб ўқувчилари парталар тагига кириб, ойнага тескари ўгирилиб, бошлари ва юзларини қўллари билан беркитиб олишлари зарур.

4. Иккинчи қаватдан юқорида бўлсангиз, ҳеч қачон лифт ёки зинапояларга қараб югурманг, чунки кўп ҳолларда ер қимирлаш даврида ушбу қурилмалар биринчи навбатда қулайди. Бундай ҳолларда уйнинг эшигини очиб, унинг ўрнига туринг. Эшик кесакиси қотиб қолса, хавотир олманг, бу ҳол иморат деворларининг оғишидан бўлади.

5. Ҳар қандай бинонинг ойнабанд деворларидан узоқроқда, асосий девори ёнида туришга ҳаракат қилинг. Ойна тўсиқлардан эҳтиёт бўлинг.

6. Сакрашга мажбур бўлган ҳолларда зинҳор ёпиқ дераза ойнасига қараб сакраманг, ойнани табуретка ёки елкангиз билан синдириб, кейин сакранг.

7. Одамлар билан гавжум жойларда (дўкон, кинотеатр, мактаб, олийгоҳ, вокзал) саросимага тушманг, бинонинг асосий деворларига, устунларга яқинроқ осилиб турган буюмлардан, қандил, шамоллатгич, реклама тахталардан узоқроқ туриш керак.

8. Жароҳатланганда, умуман ҳар қандай хавф бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўрганинг. Доимо уйингизда дори-дармонлар, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қутичасини сақланг.

Кўчада ҳаракатланиш:

1. Кўп қаватли бино остида турган бўлсангиз, очиқ жойга чиқишга ҳаракат қилинг, чунки бино силкиниши натижасида синиқ парчалари устингизга тушиши мумкин. Электр симлари тагида ҳам турманг, узилиб кетиши мумкин. Узилиб кетган симлардан эҳтиёт бўлинг.

2. Бино бўйлаб унинг тагида югурманг, бинога кирманг, юқоридан тушиши мумкин бўлган бўлаклар ҳаётингиз учун хавфли.

3. Ер силкинаётган вақтда автомобилда кетаётган бўлсангиз, юқори қаватли бинолар, электр сими, тик ёнбағирлар, кўприклар, бензин қуйиш шохобчалари, дарё ўзанидан узоқроқ жойларга бориб машинани аста тўхтатинг.

Уйдаги жиҳозларни жойлаштириш усуллари:

— Хоналардаги шкаф, китоб жавонларни деворларга маҳкамлаб қўйинг. Уй жиҳозларни ухлайдиган ўринларга йиқилмайдиган ҳолатда, эшик ва чиқиш йўлларини тўсиб қўймайдиган қилиб жойлаштириш керак.

— Жавонлар, шкафлар устидаги оғир буюмлар қаттиқ маҳкамлаб қўйилиши ёки одам устига тушиб кетиши мумкин бўлган буюмлар пастга ёки ишончли жойга жойлаштирилиши шарт. Дам олиш ўринлари деразадан, катта ойналардан, тушиб кетиши мумкин бўлган буюмлардан узоқроқ бўлиши шарт.

Жавонларни дам олиш ўринларидан, хонага кириш эшигидан, раковина ва унитазлардан узоқроқ жойга ўрнатинг.

— Уйга кириш йўли, йўлаклар ва зинапояларни буюмлар билан тўсиб қўйманг.

— Тез алангаланувчи ва ўювчи суюқликлар солинган идишларни ер қимирлаб, бино силкинганда тушиб кетиб, портлаб ёки ёниб кетмайдиган хавфсиз жойда сақланг.

Ҳовли жойларда яшайдиганлар учун:

Гараж ёки далаҳовли ертўласидан яшириниш жойи сифатида фойдаланиш мумкин. У ерда офат тугагунга қадар беркиниш, озиқ-овқат захирасини, кийим-кечак ва керакли нарсаларни сақлаш мумкин. Шу билан бирга, қалтис қияликлар ва кўчки хавфи бўлган жойларда қурилган уйлар хавфли бўлиши мумкинлиги ёдингизда бўлсин.

Уйингиз ҳолатини текшириб чиқинг, уни мустаҳкамлаш йўлларини аниқланг.

Қишлоқ жойларда ер силкиниши оқибатида ер кўчкиси рўй бериши, сел келиши, тоғ тошлари тушиши мумкин. Шунинг учун тепаликлар устига ёки сув босмайдиган, юқорироқ жойга чиқиб олишга ёки тик тоғ ёнбағирларидан остидан узоқроқ жойларга ўтишга ҳаракат қилинг.

Молхоналар ёнида туриш мумкин эмас, чунки ҳуркиб кетган ҳайвонлар тагида қолиб кетиш хавфи мавжуд.

Ер қимирлаганидан сўнг

Ер қимирлаши тўхтагандан кейин бинолар ҳолатини, жабрланган одамларни кузатишингиз мумкин. Бундай ҳолларда хотиржамлик билан дарҳол шикастланган, жароҳатланганларга ёрдам кўрсатишни бошланг.

Жароҳат олганлар совуқ қотмаслиги учун кўрпа билан ўранг ва шифохонага юборинг.

Касаллар, болалар ва қариялар хавфсизлигини таъминланг, руҳий далда беринг.

Енгил буюмлар остида қолганларга ёрдам беринг. Қўшимча тиббий ёки бошқа ёрдамга ҳожат бўлса, ёрдам келгунча кутинг.

Ёнғин ўчоғини сезсангиз, иложи борича ўчиришга ҳаракат қилинг.

Электр симлари узилмаганини текшириб кўринг. Бузилган жойини тузатишга ҳаракат қилинг ёки электр тармоғини ўчириб қўйинг.

Сув тармоғини текшириб чиқинг. Агар бузилган бўлса, тузатишга ҳаракат қилинг ёки тармоқдан узиб қўйинг.

Газ тармоғини жўмрагидан беркитиб қўйинг, агар газ тарқалиш хавфи мавжуд бўлса, уни ҳидидан аниқланг, гугурт ёки шамдан фойдаланманг.

Канализация қувуридан фойдаланишдан олдин, унинг созлигини бино ичида, ертўлада текшириб кўринг.

Хавфли енгил аланга олувчи суюқликлар тўкилган бўлса (бензин, кимёвий моддалар ва бошқалар), тезда бартараф қилинг ва бу ҳақда бошқаларга хабар беринг.

Ертўла эшикларини очишда эҳтиёт бўлинг, чунки устингизга сувоқ парчалари, устунлар ёки оғир жисмлар тушиши мумкин.

Телефонни кераксиз ахборотлар учун банд қилиб турманг, чунки телефон ёрдамга чақириш, муҳим ҳодисалар, ярадорлар ва жиноятчилар ҳақида ахборот бериш учун керак бўлади.

Ер қимирлаши такрорланиши мумкинлиги ҳақидаги ўз фикрингизни бировларга тарқатманг ёки миш-мишларга ишониб, гап тарқатманг. Расман эълон қилинган ахборотлардан фойдаланинг.

Сиз вайрона остида қолган бўлсангиз, иложи борича хотиржамлик билан шароитни тўғри баҳоланг. Ўзингизга биринчи тиббий ёрдам кўрсатинг, агар лозим бўлса, қон оқишини тўхтатинг ва жароҳатни боғланг.

Ёнингиздагиларга ёрдам кўрсатинг, тинчланишига ёрдам беринг. Вайроналардан ташқаридагилар билан товуш орқали ёки бирор нарсани тақиллатиш билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг.

Ёдингизда бўлсин, ернинг қайта силкиниши – афтершоклар хавфи сақланиб қолиши мумкин. Афтершоклар, асосий ер қимирлагандан сўнг бир неча дақиқа, соат, баъзи вақтларда кунлардан кейин ҳам юзага келиши мумкин. Кучларингизни тежанг. Ёдингизда бўлсин, ёрдам албатта келади.

Мавзуга оид