Ўзбекистон | 22:28 / 14.02.2023
23465
2 дақиқада ўқилади

Бош вазирга маслаҳатчи ва ҳукумат котибиятига раҳбар тайинланди

Вазирлар Маҳкамасининг ижро аппарати тугатилиб, уни бошқариб келган Равил Абдуқодиров бош вазирга маслаҳатчи этиб тайинланди. Ижро аппарати ўрнига тузилган бош вазир котибиятига Абдурашид Жўрабоев раҳбар бўлди. У бунгача президент маслаҳатчисининг ўринбосари эди.

Фото: Kun.uz

Равил Абдуқодиров бош вазирнинг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Шу муносабат билан у Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати бошқарувчиси лавозимидан озод этилди.

Абдурашид Жўрабоев бош вазир котибияти раҳбари лавозимига тайинланди. У 2019 йил сентябрдан буён президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Фото: Бош вазирнинг матбуот хизмати

Бу тайинловлар ҳақида 14 феврал куни “Нигоҳ” Telegram-каналида хабар берилди.

11 февралда Бахтиёр Ҳасанов пенсияга чиқиши муносабати билан бош вазирнинг матбуот котиби лавозимидан озод этилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошидан Ўзбекистон ҳукуматида маъмурий-тузилмавий ўзгаришлар рўй берди. Ижро ҳокимияти тизимидаги 86 та вазирлик ва идора 70 тага қисқартирилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасидаги штатлар сони 269 тадан 120 тага қисқарди.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати ўрнига ҳукумат раҳбарининг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинди.

Фармон эълон қилинганида ҳукуматда амалдаги 8 нафар бош вазир ўринбосари ва 3 нафар бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар бош вазир ўринбосари қолаётгани айтилган эди. Қайд этиш лозим, бош вазирга ўз котибиятининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукуматига 2016 йил 14 декабрдан буён Абдулла Арипов раислик қилмоқда.

Мавзуга оид