Жаҳон | 08:12 / 15.02.2023
10986
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Дания ва Нидерландия Киевга Leopard'ларни етказиб бермайди

Die Welt газетасининг ёзишича, Дания ва Нидерландия ҳукуматлари Украинани жанговар танклар билан таъминлаш қарорини қайта кўриб чиқишган. Финландия ва Швеция ҳам НАТОга киришдан олдин буни қилишга тайёр эмас.

Фото: Eckehard Schulz / IMAGO

Германияда ишлаб чиқарилган замонавий Leopard жанговар танкларини Украинага ўтказиш ниятида бўлган Европа давлатлари коалицияси заифлашаётганга ўхшайди. 14 февраль, сешанба куни кечқурун Германиянинг Die Welt газетаси Дания ва Нидерландия ҳукуматларига йўлланган сўровларга таяниб хабар беришича, бу икки давлат Киевга Leopard 2 танкларини етказиб бериш қарорини қайта кўриб чиққан.

Аввалроқ Нидерландия бош вазири Марк Рютте қироллик Украинага унинг мамлакати Германиядан ижарага олган ва ҳали ҳам немис-нидерланд батальонида хизматда бўлган 18 та Leopard 2 танкини бериши мумкинлигини айтган эди, деб эслайди газета. Бироқ Ҳааганинг Die Welt сўровига жавобида айтилишича, улар бу танкларни Украинага бера олмайди. «Ушбу қарор Нидерландия ва Германия ўртасида пухта мувофиқлаштирилгандан сўнг қабул қилинди», — дея қироллик расмийларининг жавобидан иқтибос келтиради таҳририят.

Дания бўйича, мамлакат ҳукумат доираларидаги Die Welt манбалари ҳам таҳририят сўровига жавобан ихтиёрида 44 та замонавий Leopard 2А7 танкига эга бўлган мамлакат етказиб берувчилар коалициясида иштирок этмаслигини айтди. «Leopard 2 коалициясида иштирок этишдан бош тортгани учун компенсация сифатида Нидерландия ва Дания немис саноати захираларидан 100 та Leopard 1 танкини таъмирлаш харажатларининг бир қисмини ўз зиммасига олади, - деб ёзади Die Welt. - Бу мамлакатларнинг ўзлари бундай эскирган танкларга эга эмаслар».

Афтидан, 200 та Leopard 2 танкидан иборат катта арсеналга эга бўлган ва ҳали ҳам коалициянинг муҳим ҳамкори ҳисобланган Финландия Киевга танклар етказиб беришга шошилмаяпти, деб ёзади немис газетаси. Унга кўра, мамлакат НАТОга киришни кутмоқда. Die Welt томонидан сўралганда, Ҳелсинкидаги ҳукумат вакили Финландиянинг танк коалициясида иштирок этишининг «оператив шакли ва мазмуни ҳали давом этаётган жараён» деб жавоб берди.

Аввалроқ, Финландия Украинага НАТОга қўшилгандан кейингина танклар етказиб беради деган тахминни The Wall Street Journal альянс доираларига таянган ҳолда тахмин қилган эди. «Ҳозирда Туркия мамлакатнинг НАТОга киришига тўсқинлик қилмоқда. Худди шу нарса Швецияга ҳам тегишли. Стокҳолм ҳам танклар етказиб беришдан бош тортмоқда», деб таъкидлайди Die Welt.

«Германия ҳукумати ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқчи эди. Бироқ Германия биринчи бўлиб олдинга катта қадам ташлаганидан сўнг, бошқа мамлакатларнинг аксарияти жойида қолди», деб таъкидлайди газета.

Мавзуга оид