Жаҳон | 13:06 / 16.02.2023
9496
2 дақиқада ўқилади

Чилида Пабло Неруданинг ўлими сабаблари ҳақида ҳисобот тақдим этилди

Мутахассислар Чили диктатори Аугусто Пиночетнинг рақиби заҳарланган деган хулосага келишди. Ҳарбий хунта томонидан берилган ўлим ҳақидаги гувоҳномада Неруда простата саратонидан вафот этгани айтилади.

Пабло Неруда / Фото: Getty Images

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори чилилик Пабло Неруданинг сирли ўлимидан 50 йил ўтиб, экспертлар гуруҳи диктатор Аугусто Пиночетнинг таниқли рақиби заҳарлангани ҳақида ҳисобот эълон қилди. Ўн йилдан кўпроқ вақт олдин бошланган тадқиқотга раҳбарлик қилган судья Паола Пласа экспертлар хулосаларини ўрганишини айтди.

Чилининг социалистик президенти Сальвадор Альенденинг дўсти Пабло Неруда генерал Пиночет бошчилигидаги ҳарбий тўнтаришдан 12 кун ўтиб, 1979 йил 23 сентябрда 69 ёшида вафот этган. Ҳарбий хунта томонидан берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳномада Неруда саратондан вафот этгани айтилади, аммо бу хулоса узоқ вақтдан бери жиддий шубҳа остида. 
 
2013 йилда Неруданинг ҳайдовчиси Мануэль Арайя 1971 йилги Нобел мукофоти совриндори Мексикага режалаштирилган сафари арафасида сирли инфекциядан вафот этганини, Мексикада эса у Чили мухолифати сафида Пиночетга қарши курашмоқчи бўлганини маълум қилди. Неруданинг ўлими сабабларига ойдинлик киритиш учун Чили адлия идоралари 2013 йилда ёзувчининг жасад қолдиқларини эксгумация қилишга қарор қилган. 2017 йилда бир гуруҳ халқаро экспертлар Неруда саратон касаллигидан ўлмаган деган хулосага келишди, аммо кейинчалик ўлимнинг асл сабабини аниқлай олмадилар. 

Энди, экспертлар гуруҳи Пабло Неруда жасади қолдиқларида ҳалокатли Clostridium botulinum бактериясини топди - клостридийлар турининг анаэроб грамм-мусбат бактерияси. У ботулизм қўзғатувчиси бўлиб, ботулиник токсиндан келиб чиқадиган оғир озиқ-овқат заҳарланишига ва асаб тизими йўқ қилинишига олиб келади.

Мавзуга оид